Россия Давлат Думаси кўнгиллилар ва ёлланма жангчиларини “обрўсизлантирган” шахсларга 15 йилгача қамоқ жазоси белгиланган қонун лойиҳасини қабул қилди
Россия Давлат Думаси Украинадаги урушнинг барча иштирокчилари, жумладан кўнгилли аскарлар ва Россия армиясига “кўмаклашаётган” ташкилотлар вакилларини “обрўсизлантирганлик” ва улар ҳақида “фейклар” тарқатганлик учун жазо назарда тутилган қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди.
Бу ҳақда Дума спикери Вячеслав Володин ўз телеграм-каналида маълум қилмоқда. Мазкур қонун, хусусан, “Вагнер ХҲШ” ёлланма жангчиларининг ҳарбий жиноятлари ҳақида гапирганларни узоқ муддатга қамашга рухсат беради.
“Бугун ўз ҳаётини хатарга қўйиб, мамлакат ва фуқаролар хавфсизлигини таъмин этаётган барча аскарлар турли иғво ва ёлғонлардан ҳимояланди. Ғаламисларни оғир жазо – 15 йилгача қамоқ кутмоқда”, деб ёзди Володин.
Эслатиб ўтамиз, Россия ҳукумати Украинада уруш бошланганидан сўнг РФ Мудофаа вазирлиги хабарномасидан фарқ қилувчи ҳар қандай ахборотни “ёлғон” ва “провакация” деб талқин қилмоқда.
Масалан, Россия армиясининг Мариуполдаги тинч аҳоли яширинган Дарама театри биносига, Мариуполь туғруқхонасига зарбалари, шунингдек Украинадаги турар-жой биноларининг қасддан ўққа тутилиши, тинч аҳолининг ўлдирилиши ва жинсий зўрланишига доир маълумотлар аллақачон “фейк” деб топилган.
Қонун лойиҳаси Россия армиясига оид “фейклар” ҳақидаги мавжуд моддага (Россия ЖКнинг 207.3-моддаси) тузатишлар киритишни тақазо этади. “Фейклар” тўғрисидаги қонун шу пайтгача фақат ҳарбий кадрлар ва сафарбар қилинган аскарларни ҳимоя қилмоқда эди, унда кўнгилли тузилмалар ва ХҲШлар ҳақида ҳеч нима дейилмаган.
Юқоридаги модданинг биринчи қисмида энг оғир жазо уч йилдан беш йилга узайтирилади. Иккинчи ва учинчи қисмлардаги энг оғир жазо эса мос равишда 10 ва 15 йиллик қамоққа ўзгартирилади.
Бахмутда вазият ҳануз «жуда оғир»
Пригожин ўз аудио баёнотида унинг жангчилари шаҳар марказига яқин боргани сари, жанглар янада шиддатли бўлаётгани ва унинг жангчилари артиллерия ҳамда танклар ҳужуми билан қарши олинаётганини айтди:
«Душман ҳар бир қарич ер учун курашмоқда. Шаҳар марказига яқин борганимиз сари, жанглар қийинлашяпти. Бизни артиллерия, танклардан ўққа тутишмоқда. Украинлар у ерда чексиз захира тўплаган. Лекин биз олдинга боряпмиз ва шундай давом этамиз».
Пригожин, Россия армияси унинг қўшинларига 27 та юк машинасида ўқ-дори ва ёрдам етказганини билдирди. У Вагнер жангчилари ва рус қўшинлари ўртасида ҳеч қандай можаро йўқлигини қўшимча қилди.
Ваҳоланки, аввалги интервьюсида Пригожин, қуроллар кечикаётганидан шикоят қилганди. Бу гал у, "Бахмутни эгаллаганимиздан сўнг, ҳудудлардан янги жангчилар ёллашни бошлаймиз” деб билдирди. Бир неча кун олдин Вагнер Бахмутдаги оғир йўқотишлардан сўнг ўз сафини тўлдириш мақсадида 42 шаҳарда аскар ёллаш марказларини очганини билдирган.
«Урушга маҳбус аёллар ёлланяпти»
Украина қуролли кучлари ва журналист Ольга Романова, фронтга Россия қамоқларидаги аёллар йўлланаётгани ҳақида хабар қилди.
"Фронтда шахсий таркибдан кўп қурбон берилди ва душман, сафини тўлдириш учун муқобил манбалардан фойдаланмоқда. Ўтган ҳафтада Донецкка бораётган поезд вагонларидан бирида маҳбус аёллар бор эди”, дея хабар тарқатди Украина ҚК.
"Русь сидящая" ташкилоти раҳбари ва журналист Ольга Романова бу маълумтни тасдиқлади. Унинг айтишича, маҳбус аёлларни Россия жанубидаги қамоқхоналардан ёллашган ва шу кунга қадар Украинага юзга яқин аёлни йўллашган.
Зеленский: Бахмутда бир ҳафтада 1100 дан ортиқ душман аскари ўлди
Рус қўшинлари Бахмут яқинидаги жангларда бир ҳафтадан камроқ вақт давомида 1100 дан ортиқ қурбон берди, дея таъкидлади президент Владимир Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида.
«Бир ҳафтадан камроқ вақт ичида, 6 мартдан буён Бахмутда 1100 дан ортиқ душман аскарини ўлдиришга муваффақ бўлдик. Бу Россиянинг қайтариб бўлмайдиган йўқотиши. Бундан ташқари, душманнинг камида 1,5 минг нафар аскари жанг қилолмайдиган даражада яраланди. Бундан ташқари, русларнинг ўнлаб техникалари йўқ қилинди, ўндан ортиқ ўқ-дори омбори ёқиб юборилди», деди Владимир Зеленский.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор текшириш имкониятига эга эмас.