Волновахада отишмалар натижасида тинч аҳоли қурбон бўлди, бир қанча одам яраланган
Донецк вилоятининг Россия назоратидаги Волноваха шаҳри ўққа тутилиши оқибатида икки аёл ҳалок бўлди, уч киши яраланди, деб хабар берди Донецк ахборот агентлиги.
Рейтерс қурбонлар ва жароҳатланганлар сонини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Воқеа жойида суриштирув олиб бораётган россиялик терговчи ҳужумда Украина кучларини айблади.
«Бугун кундузи украин ҳарбийлари фуқаролик инфратузилмасига зарба берди. Атрофда ҳеч қандай ҳарбий объектлар ёки ҳарбий машиналар йўқ эди», деди у.
Рейтерс мазкур хабарни мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Люба ҳужум содир бўлган вақтда кўчада бўлган.
«Мен ошпаз бўлиб ишлайман. Бугун ўғлимнинг туғилган куни бўлгани учун рухсат олгандим. Лекин афсуски туғилган кунни мана шундай нишонладик», деди у Рейтерс агентлигига берган интервьюсида.
Волноваха Донецк шаҳридан 63 километр жануби-ғарбда жойлашган. Россия кучлари шаҳарни 2022 йил 11 март кунидан бери назорат қилиб келади.
Кремль: «Янги воқеликни» тан олмасдан, Украина можаросига тинч йўл билан ечим топиб бўлмайди
Кремль Украинада вазиятнинг «янги воқеликлари»ни ҳисобга олмасдан туриб, можарони тинч йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини билдирди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россиянинг ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича позицияси «барчага яхши маълум»лигини эслатди:
«Москванинг барча талаблари ҳаммага яхши маълум. Ҳозирги де-факто вазият ва сўнгги воқеалар ривожи ҳам кундек равшан. Бу масалаларни ҳисобга олмасдан тинчликка эришиб бўлмайди».
Россия Украинанинг тўртта ҳудудини аннекция қилинишини Киев тан олиши кераклигини таъкидлаб келади.
Ҳарбий шифокорлар шарқий фронт чизиғида ярадор украин аскарини даволашмоқда
Шифокор Михайло Анест ва унинг жамоаси Донбас фронт чизиғи яқинидаги ўрмонда пиёда қўшинлардан чақирув бўлиши билаб йўлга чиқади.
Анест аскарлар билан доимий радио алоқада бўлиб туради, яраланган аскарлар бўлса, унга қандай ёрдам бериш бўйича кўрсатма беради.
Шифокорлар тўғридан-тўғри фронт чизиғидаги аскарлар билан боғланиб, ярадорларга ёрдам кўрсатиш учун тайёр туради.
“Ушбу тез ёрдам машиналарда имкон қадар беморга барча ёрдамни кўрсатамиз", деб таъкидлади Анест.
Шифокорлар ярадорларга оғриқ қолдирувчи дорилар бериш, инфекцияларни даволаш орқали дастлабки ёрдамни кўрсатади.
Олексий исмли ярадор аскар эвакуация машинасига ўтказилиб, унинг жароҳатлари даволанди.
Олексийнинг оёғи снаряд парчасидан яраланган.
Ҳудудда портлаш, ўқ овозлари тинмайди. Фронт чизиғида шиддатли жанглар кетмоқда.
Михайло Анест баъзида кунига 20 талаб ярадор аскарга ёрдам кўрсатади.
“Пастроқ учиб келиб, термобарни нишонга аниқ отамиз” - украиналик дрон оператори ҳикояси
Макс Украина ҚКнинг князь Константин Островский номидаги 30-бригадасида зарбдор дронларни бошқаради. У 2014 йилдан бери жанг қилмоқда.
Макснинг машинасини бутун бошли кўчма арсенал дейиш мумкин, у қўллайдиган дронлар эса термобар гранаталар билан жиҳозланган: Макс уларни дрондан россияликларнинг Донбассдаги позицияларига ташлайди.
“Портлаш кучи шу қадарки, майдони 10 квадрат метрга тенг олов булути ҳосил бўлади. Гранаталарни ўзимизнинг танкчилардан қистаб олганман”, – дейди у ўз ихтиросидан ғурурланиб.
Макс бир неча университетни тамомлаган, бироқ ҳозир урушдан бошқа нарсани ўйлай олмайди. У бригадаси билан бирга, бир неча ойдан бери уруш ўчоғи бўлиб турган Бахмутда жанг қилмоқда. Макс айтишича, шиддатли жанглар шароитида дронлар узоқ яшай олмайди:
“Мен артиллерияда ҳам бўлдим, пиёда аскар ва разведкачи бўлиб ҳам хизмат қилдим, жуда кўп қуролларни кўрдим, лекин, менимча, ҳозирда дронлардан самаралироқ қурол йўқ. Дрон – энг яхши разведкачи: йўқотсак – ачинмаймиз, одам эмас-ку ҳарқалай. Аммо қақшатқич жангларда дронлар узоқ яшамайди. Бир ҳафта хизмат қилган дронни чемпион ёки ветеран деса бўлади”,– дейди у.
У ўз дронлари айниқса пастлаб учирилганида яхши самара беришини айтади: оператор нишонни равшан кўриши ва аниқ зарба бериши керак:
“Биз душманни яққол кўришимиз керак. Шу боис аввало ёввойиларни эфкалар (Ф-1 гранаталари) билан тийиб оламиз, токи пана-пасқамда биқиниб ётишсин, дронлар товуши эшитилганида уларга ўқ уза олишмасин. Шундан кейин дронлар пастлаб учиб бориб, термобарни нишонга аниқ отади. Шу йўл билан бир кунда биттадан олтитагача душманни йўқ қиламан”.
Макс оператор сифатида иши натижаларини видеога олиб, ўз телеграм-каналида эълон қилиб туради. Атай шундай қиламан, дейди – россияликларга уларнинг Украинадаги қотилликлари, бузғунчиликлари учун албатта хун олинишини эслатиб туриш учун.
“Ҳар гал граната нишонга текканида ғалаба тобора яқинлашганини ҳис қиламан. Куним бекор ўтмагани дилимдан кечади. Биламан, уруш ҳали-бери тугамайди, лекин танамизда жон бор экан – жанг қилаверамиз. Чарчадик, дейишга ҳаққимиз йўқ”, дея ҳикоясини якунлайди Макс.