Запорожьеда ракета ҳужумидан жабрланганлар сони 34 кишига етди
Запорожьеда турар-жой биноларига ракета урилиши оқибатида бино вайроналари остида қолганларни қутқариш операцияси якунланди, дея билдирди Украина Ички ишлар вазири Игор Клименко.
"Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати қутқарувчилари вайроналар остидан 6 кишини қутқариб, иккита кўп қаватли уйдаги ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлди. 34 киши жабрланди. 29 киши касалхонага ётқизилди, улардан 3 нафари болалар. Афсуски, бир киши шифохонада вафот этди. ”, деб ёзди Facebook саҳифасида Клименко.
Киев вилоятида дрон ҳужумидан ҳалок бўлганлар 9 нафарга етди
Украина Фавқулодда вазиятлар агентлиги Россия кучларининг Киев вилоятидаги Ржишев шаҳрига берган зарбаси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 9 кишига етганини маълум қилди.
Чоршанба куни эрталаб Россия учирган Эронда ишлаб чиқарилган камикадзе дронлари Ржишевдаги касб-ҳунар мактаби ҳудудига урилган. Оқибатда иккита ётоқхона ва уч қаватли ўқув биносининг тўртинчи ва бешинчи қаватлари қисман вайрон бўлган эди.
Олдинроқ етти киши ҳалок бўлгани ва ўн нафар яралангани, жумладан бир бола ҳақида хабар берилган эди.
Давлат Фавқулодда Хизмати 23 март Киев вақти билан соат 09. 00 ҳолатига кўра, 9 киши ҳалок бўлган, етти киши жароҳатланган, вайроналар остидан бир киши чиқариб олингани ҳақида хабар берди.
Зеленский Бахмут жабҳа чизиғига борди
Украина президенти Владимир Зеленский чоршанба куни Бахмут яқинидаги фронт линиясига келди
Зеленский Украина Қуролли Кучларининг Бахмутдан унча узоқ бўлмаган Донецк вилоятидаги фронт чизиғига ташриф буюриб, алоҳида эътибор кўрсатган ҳимоячиларга мукофотларни шахсан топширди.
"Бугун шу ерда бўлиш ва қаҳрамонларимизни тақдирлаш шарафига муяссар бўлдим. Қўл бериб кўришиб, давлатимиз суверенитетини ҳимоя қилаётганингиз учун миннатдорчилик билдираман", — деб ёзди президент ўзининг Телеграм-каналида ташрифдан қисқача видеони жойлаштириб.
Бу Зеленскийнинг Бахмутга сўнгги уч ой ичидаги иккинчи ташрифи. У декабр ойида АҚШга сафари олдидан Бахмутга келиб, қаҳрамон жангчиларга орден медалларни топширганди.
Украина шаҳарлари яна дрон ҳужумига тутилди
Россия кучлари Украина шаҳарларини яна Эронда ишлаб чиқарилган “ҳудкуш дрон”лардан ҳужумга тутди.
Киев вилоятидаги аҳоли яшайдиган мавзега қилинган дрон зарбасидан камида тўрт киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.
Украина ҳарбийларига кўра, чоршанба куни учирилган 21 та дрондан 16 таси уриб туширилган.
Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати пойтахтдан 60 километр жанубда жойлашган Ржищев шаҳрида иккита ётоқхона ва ўқув муассасаси тунги ҳужумда қисман вайрон бўлганини маълум қилди.
Бу ерда 20 киши касалхонага ётқизилган ва бир неча киши бедарак йўқолган.
Беш қаватли ётоқхона биносининг юқори қавати ҳужум оқибатида вайрон бўлган. Чоршанба куни Одесса, Житомир, Запорожье шаҳарлари ҳам ҳужумга тутилди.
Украина президенти Владимир Зеленский Россияни “шаҳарни ҳайвоний ваҳшийлик билан ўққа тутаётган”ликда айблади.
Шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Анатолий Куртиевнинг айтишича, Запорожьеда 25 киши касалхонага ётқизилган, бир киши ҳалок бўлган.
Украинанинг пойтахти ва шимолий ҳудудларида сиреналар янгради ва ҳарбийлар Эронда ишлаб чиқарилган 21 та "Шаҳед" худкуш дронидан 16 тасини уриб туширганини айтишди.
Украина президенти Владимир Зелеq⁶нский ўз чиқишида Хитой раҳбари Си Цинпиннинг Россияни бир неча соат олдин тарк этганига ишора қилиб, “ҳар сафар кимдир Москвада тинчлик деган сўзни эшитишга уринса, ўша заҳотиёқ янги ҳужумларга буйруқ" берилишини айтди.
13 ой олдин Украинага бостириб кирган Россия сўнгги ҳужумлар ҳақида дарҳол изоҳ бермади.