Зеленский Херсонда
Украина президенти Владимир Зеленский 23 март куни жанубий Херсон вилоятига сафар қилди, у ерда маҳаллий инфратузилмани кўздан кечирди ва Россия босқинидан кейин вайрон бўлган “ҳамма нарсани тиклашга” ваъда берди.
"Ўйлайманки, биз минтақадаги ҳамма нарсани жуда тез тиклаймиз. Ўйлайманки, ҳаммаси амалга ошади", - деди Зеленский маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашар экан.
Ўтган йили Украинанинг қарши ҳужуми Россия қўшинларини бир неча ойлик ишғолдан сўнг вилоят пойтахти Херсондан сиқиб чиқарди.
Бир кун олдин Зеленский Бахмут яқинидаги жабха чизиғига борди, қаҳрамон жангчиларни орден ва медаллар билан тақдирлади.
FIFA тақиқига қарамай Россия футбол терма жамоаси Эрон билан ўйинга ҳозирлик кўрмоқда
Украинага босқин сабабли FIFA ва UEFA қўйган тақиқга қарамай, Россия 23 март оқшомида Эрон билан халқаро ўртоқлик ўйини ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда.
Ўтган йил феврал ойида Москва Украинага қарши уруш бошлаганидан бери Россия жамоалари Европа ва FIFA мусобақаларидан четлаштирилди.
Ўтган йилнинг ноябр ойида Россия футбол федерацияси раҳбари Александр Дюков Осиё Футбол Конфедерациясига ўтишни Россия терма жамоаси ва клубларининг халқаро мусобақаларга қайтишига имкон бериши мумкин бўлган вариант сифатида эълон қилган эди.
Россиялик мураббий Валерий Карпин жамоаси учун Эронга қарши ўйин Россиянинг Украинага босқиндан кейинги тўртинчиси бўлади.
Россия терма жамоаси ўтган йили Қирғизистонни мағлуб этган, аммо Тожикистон ва Ўзбекистон билан 0: 0 ҳисобида дуранг ўйнаган.
Эрон жамоасига келсак, 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичидан чиқа олмаган.
Эрон жамоаси Уелс устидан ғалаба қозонган бўлса-да, АҚШ ва Англияга мағлуб бўлганди.
Медведевдан янги таҳдидли баёнот
Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев Халқаро жиноий суд буйруғи билан Владимир Путинни ҳибсга олишга ҳар қандай давлатнинг уриниши уруш эълон қилиш сифатида қабул қилинишини айтди.
"Тасаввур қилайлик. Бу ҳеч қачон содир бўлмайди, албатта. Аммо шундай бўлса, тасаввур қилайлик, бу вазият амалга ошди - ядровий давлатнинг амалдаги раҳбари, масалан, Германияга келди ва ҳибсга олинди. Нима. Бу? Россия Федерациясига уруш эълон қилиш бу!", - деди Медведев.
Дмитрий Медведев россиялик журналистларга, жумладан ТАСС давлат ахборот агентлигига берган интервюсида Украина унинг таъбирича “Буюк Россия”нинг бир қисми эканлиги ва яқин келажакда Россиянинг Ғарб билан алоқаларини қайта тиклаш истиқболини кўрмаётганини қўшимча қилди.
Украина Норвегиядан саккизта “Леопард 2” танкларини қабул қилиб олди
Норвегия Украинага ваъда қилган Германияда ишлаб чиқарилган саккизта “Леопард 2” жанговар танкларини Киев қабул қилиб олган. Бу ҳақда Норвегия қуролли кучлари эълон қилди.
Бир қанча Ғарб давлатлари Киевга Россиянинг босқинига қарши курашда ёрдам бериш учун замонавий жанговар танклар юборишга ваъда берди.
НАТОнинг бошқа давлатлари, жумладан, Германия, Польша ва Португалия Украинага жами 48 та “Леопард 2” танкини етказиб беришларини айтишган.
Россия билан чегарадош Норвегияда жами 36 та “Леопард 2” танки бор.