UNHRC Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ҳарбий жиноятлар ҳақида ҳисобот эълон қилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида минглаб тинч аҳоли ақл бовар қилмас вахшийликларга юз тутгани ҳақда билдирди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси раҳбари Матилда Богнернинг ҳисоботига кўра, 2023 йил 31 январ ҳолатига кўра, Украинада жинсий зўравонлик қурбонлари сони 133 нафарга етган.
Богнернинг сўзларига кўра, жинсий зўравонлик қурбонлари орасида 85 эркак, 45 аёл ва уч қиз бор.
Аниқланган 109 зўравонлик ҳолатлари "эҳтимол, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Россия Федерацияси жазони ўташ муассасалари ходимлари томонидан содир этилган", деди Мониторинг миссияси раҳбари.
Ҳисоботга кўра, 2022 йил, 1 августдан 2023 йил, 31 январгача камида 5987 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган ёки яраланган. Бу рақам қотилликларнинг жуда оз қисми бўлиши мумкин, чунки ҳисоботга БМТ мутахассислари текшира олган ҳолатларгина кирган.
Украина назоратидаги ҳудудларда тинч аҳоли орасида қурбонлар сони Россия назоратидаги ҳудудларга қараганда камида тўрт баравар кўп. Мутахассислар босиб олинган ҳудудларда жинсий зўрлаш холатларини ҳам ҳужжатлаштирган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари идораси ҳужжатлаштирган жинсий зўравонлик билан боғлиқ 133та ҳолатнинг аксарияти Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда, жумладан, "филтрлаш" деб аталадиган жараёнларда" содир бўлган".
Ҳисоботда 214 нафар украиналикнинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда ғойиб бўлгани ёки “ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниши” ва Украина ҳукумати назорати остидаги ҳудудларда 91 та шундай ҳолат ҳужжатлаштирилган.
Ҳисоботда шунингдек, Россия кучлари томонидан болаларга нисбатан ҳам қийноқ қўлланилгани, баъзилари босиб олинган ҳудудларда ғойиб бўлгани айтилади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари идораси Украинанинг босиб олинган ҳудудларида камида беш нафар ўсмир боланинг ўғирлаб кетилганини ҳужжатлаштирган, идораси мутахассислари уларнинг ҳаммаси қийноққа солинганидан “жиддий хавотирда”.
Россия минглаб украиналик болаларни Россияга олиб келганини яширмаган.Улар бу амални можаро зонасида етим ва ташлаб кетилган болаларни ҳимоя қилишга қаратилган инсонпарварлик кампанияси сифатида тақдим этмоқда.
Шунингдек ҳисоботда, украин ҳарбийлари қўлида рус асирлари ва рус ҳарбийлари қўлида украин асирлари судсиз қатл этилгани холатлари тилга олинади.
Россия, Днепропетровскнинг Кривой Рог шаҳрига яна Эрон дронларини ташлади
Россия қўшинлари сўнгги 24 соат ичида Бахмут ва унинг атрофидаги ҳудудларга 79 марта ҳужум қилган.
Украина армиясининг қуруқликдаги қўшинлар қўмондони генерал Александр Сирский руслар Бахмутдаги ҳужумларга зўр бериб, ҳолдан тоя бошлади, украин қўшинлари тез орада бундан фойдаланади”, деб таъкидламоқда.
Россия аксар ҳужумларини ҳануз Бахмут шаҳрига қаратган, шунингдек Запорожье ва Херсон вилоятларининг бир қисмида ҳам жанглар давом этаётгани хабар қилинмоқда.
Уруш шаротида томонлар бераётган бу маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский Европани қурол етказиб беришни кўпайтириш ҳамда тезлаштиришга, шу билан бир қаторда Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий этишга чақирди.
Зеленскийнинг фикрича, акс ҳолда уруш йилларга чўзилиши мумкин:
«Санкцияларни кенгайтириш керак. Бу бўйича қарорларни кечиктириб бўлмайди. Санкцияларни озиқ-овқат хавфсизлигини баҳона қилиб сусайтирмаслик керак. Кучли санкциялар - бу хавфсизлик дегани, санкцияларни сусайтириш эса янги инқирозга олиб келади. Агар ҳамкорлигимизда кечикиш ёки тўхталишлар бўлмаса ҳамда саъй-ҳаракатларимизни фақат Украина ғалабасига йўналтирсак, шу йил ғалаба қозонамиз. Вақт зиқ. Нафақат ойлар ва ҳафталар, балки бир кун ҳам аҳамиятли. Биргаликда қанча тезроқ ҳаракат қилсак, шунча кўп ҳаётни сақлаб қоламиз».
Зеленский шунингдек, Европа Иттифоқини Украинага аъзолик бериш жараёнини тезлаштиришга чақириб, Украинага ҳарбий ёрдамни ошириш талабини яна бир бор эслатиб ўтди.
«Агар Европа иккиланса, ёвузлик яна куч тўплаб, узоқ йиллик урушга тайёрланиши мумкин. Бунга йўл қўймаслик сизнинг қўлингизда», деди Владимир Зеленский.
Bloomberg: Пригожиннинг хусусий ҳарбий ширкати Украинадан кетиши мумкин
Бу орада, “Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгений Пригожин ўз ёлланма аскарларининг Украина урушидаги иштирокини тўхтатиб, эътиборини яна Африкага қаратиши мумкин. Бу ҳақда, ўз манбаларига таянган ҳолда Bloomberg хабар бермоқда.
Агентлик суҳбатдошларига кўра, Россия юқори мартабали ҳарбийлари ва сиёсатчилари Пригожин тимсолида тобора кучайиб бораётган хатарни кўришмоқда. ХҲШ асосчиси ҳозирда Украина жанггоҳларида ўқ-дори етишмовчилигига дуч келган, қолаверса унга Россия қамоқхоналарида маҳкумларни ёллаш тақиқлаб қўйилгани сабабли “Вагнер” сафлари сийраклашиб қолгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Bloomberg манбалари Бахмут қамали чўзилиб кетгани манзарасида ҳарбий бошлиқлар “Вагнер” ХҲШнинг жанговар самарадорлигига доир ўз шубҳаларини президент Владимир Путинга етказишганини айтишмоқда.
Словакия Украинага тўртта МиГ-29 берди
Словакия Украинага ваъда қилган самолётлардан дастлабки тўртта МиГ-29 ни етказиб берди, қолган самолётлар ҳам яқин ҳафталарда юборилади. Бу ҳақида Словакия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
НАТО аъзоси Словакия ўтган ҳафта Украинага самолётлар етказиб беришини эълон қилган эди. Словакия умумий ҳисобда Украинага совет даврида ишлаб чиқарилган 13 та қирувчи самолётлар беришга ваъда берган.
Европа Иттифоқи етакчилари эса, Украинага кўпроқ қурол етказиш масаласини БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан муҳокама қилди.
Музокарада глобал озиқ-овқат хавфсизлиги, Россияга қарши санкциялар, шунингдек, Киевга кўпроқ артиллерия снарядларини етказиб бериш масалалари тилга олинди.
Европа Иттифоқи ижрочи директори, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляен Россиянинг жорий санкцияларни четлашга уриниши янги санкцияларга сабаб бўлишини урғулади:
"Украинада содир бўлаётган воқеалар, болаларнинг депортация қилиниши тарихимизнинг энг қоронғу, даҳшатли саҳифалари сифатида муҳрланади. Бу уруш жинояти. Биз бугун 16 200 нафар бола депортация қилинганидан хабардормиз. Ҳозиргача фақат 300 нафар бола ортга қайтган. Бу жиноий ҳаракатлар тўлалигича Халқаро жиноят суднинг ҳибсга олиш ордерларини чиқаришига асос бўлади”.
АҚШ Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига ҳеч қандай чекловлар йўқлигини билдирган ҳолда, Москванинг дон келишувини узайтиришдан олдин Ғарб санкцияларини юмшатиш талабини инобатга олмади.
Европа Иттифоқи ичида Москва иттифоқчиси Беларусга қарши таклиф қилинган янги санкциялар бўйича якдиллик бўлмади. Литва Европа орқали ўғитлар транзитига рухсат берувчи имтиёзларга қарши чиқди, бу эса Африкада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни қийинлаштириши мумкин.
Европа Иттифоқи етакчилари ташқи ишлар вазирлари келгуси йил давомида Украинага бир миллион дона артиллерия снарядларини юборишга келишиб олди.