Урушга қарши расм солган қизнинг отаси икки йиллик қамоққа ҳукм қилинди
Қизи мактабда урушга қарши расм чизгани учун полиция томонидан тергов қилинган россиялик Алексей Москалёв 28 март, сешанба куни қуролли кучларни обрўсизлантиришда айбланиб, икки йилга колонияга ҳукм қилинди.
Аммо суд вакили Москалёв бир кечада уй қамоғидан қочгани, унинг қаерда эканлигини билмасликларини айтди.
“Айбланувчи жаноб Москалёв ҳукм чиқаришда иштирок этмади, чунки у кеча уй қамоғидан қочиб кетди”, дейди суд матбуот котиби.
Москалёв шу ой бошида уй қамоғига олинганидан бери қизи Машадан ажралиб қолган, Маша Москва жанубидаги Ефремов шаҳридаги болалар уйига кўчирилган.
Бу воқеа россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари орасида норозилик уйғотди ва ота ва қизни бирлаштириш учун интернетда кампания бошлаб юборди.
Москалёв Украинадаги уруш ҳақида интернетда ёзган изоҳлари учун айбланган. Аммо тергов 12 ёшли Маша ўтган апрел ойида украиналик она-бола устига рус ракеталари ёғаётгани акс этган расм чизгач, мактаб раҳбари полицияга қўнғироқ қилганидан кейин бошланган.
Полиция Москалёвнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини текширишни бошлади ва у дастлаб Россия армиясини танқид қилган фикрлари учун 35 минг рубл (460 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди.
Декабр ойида терговчилар қуролли кучларни обрўсизлантиришда гумон қилиб, унга қарши яна бир иш очди, бу сафар июн ойида ижтимоий тармоқда эълон қилинган постга асосланиб.
Россияда тақиқланган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Москалёвни сиёсий маҳбус деб билишини айтди.
Сешанба куни оиланинг адвокати Машани болалар уйига бориб зиёрат қилди.
У Машанинг "Дада, сиз менинг қаҳрамонимсиз" деб ёзган хатини суратга олишга муваффақ бўлди.
Ўтган йили Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай, Россия қуролли кучларни обрўсизлантириш ёки улар ҳақида била туриб ёлғон маълумот тарқатишга қарши қонунлар қабул қилди ва бунинг учун максимал 15 йиллик қамоқ жазоси белгиланди.
Байден Россия Беларусга тактик ядро қуролларини юбориши эҳтимолидан хавотир билдирди
АҚШ президенти Жо Байден Россия Беларусга тактик ядро қуролларини юбориши эҳтимолидан хавотирда эканини айтди.
"Улар буни ҳали қилмаганлар", деди Байден Оқ уйда журналистларга, лекин "бу хавфли реторика ва бу ташвишли", қўшимча қилди АҚШ президенти
Россия президенти Владимир Путин 25 март, шанба куни Минск билан тактик ядро қуролларини Беларусга жойлаштириш бўйича келишувга эришганини айтди.
Сешанба куни Белорус Россиянинг тактик ядровий қуролларини ўз ҳудудида жойлашига руҳсат берганини тасдиқлади ва бу қарор Ғарб босимига, жумладан санкцияларига, НАТО ўз чегаралари яқинида ҳарбий салоҳиятини ошираётганига жавоб эканини билдирди.
Путин қуролларни қачон жойлашишини айтмаган бўлса-да, бу холат 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Москванинг ўз чегараларидан ташқарида ядро қуролини биринчи марта жойлаштиришига замин ҳозирлагандек бўлди.
Зеленский Суми вилоятига борди
Украина президенти Владимир Зеленский Россия-Украина чегарасидаги Суми вилоятига борди, у ерда мудофаа позицияларини кўздан кечирди.
Президент маъмурияти эълон қилган видеода Зеленский хандақларда юриб, ҳарбий хизматчилар билан гаплашаётгани тасвирланган.
Россия кучлари 2022 йил февралида Украинага босқин бошланганида Сумига кириб келди.
Қарийб бир ойлик ишғолдан сўнг украин кучлари уларни минтақадан ҳайдаб чиқарди.
Зеленский: “Бахмут қуласа, Путин бу ғалабани сотади”
Украина кучлари Россиянинг тинимсиз ҳужумларига қармай Авдиивка, Бахмут шаҳарлари мудофаасини ушлаб турибди.
Украина Бош штабининг 29 март кунги ҳисоботида айтилишича, Бахмут, Авдиивка, Маринка ва Лиман Россиянинг тинимсиз ҳужумларига асосий нишони бўлиб қолмоқда, Украина ҳарбийлари, сўнгги 24 соат ичида жами 57 та душман ҳужумини қайтарган.
Россия қўшинлари, шунингдек, бутун фронт чизиғи бўйлаб 18 та ҳаво ва 3 та ракета зарбалари, шунингдек, 50 та ракета зарбаларини амалга оширган.
Бу маълумотни уруш шароитида мустақил равишда текшириш имконсиз. Жанубда эса Россия кучлари Херсон вилоятини ҳужумга тутмоқда.
“Ўтган сутка давомида душман вилоятини 34 марта – Херсон шаҳрининг ўзини уч марта ҳужумга тутди”, — деди Херсон ҳарбий раҳбари Александр Прокудин Телеграмда.
Ҳужумларга асосан турар-жой бинолари, касалхона ва заводлар нишон бўлган.
Украина президенти Владимир Зеленский мамлакати кучлари ҳар қандай ҳолатда Бахмутни ушлаб туриши кераклигини яна бир бор тасдиқлади.
Зеленский “агар Бахмут қуласа Путин бу ғалабасини Эрон ва Хитойга сотади”, деб айтди.
Украина ҳарбий қўмондонлари қарши ҳужумларни бошлашга яқин қолгани, бироқ айни пайтда Бахмут устидан назоратни ушлаб туриш приоритет эканини айтишади.
Украина ҳарбийлари 28 март куни узоқ вақтдан бери ваъда қилинган Ғарб техникаси, жумладан, Германиянинг “Леопард 2” танкларини олганини маълум қилди.
Президент Зеленский кечки видеомурожаатида дунё Россиянинг тажовузкорлигини тўхтатиш учун тезроқ ҳаракат қилиши кераклигини айтди.
Зеленский ўз чиқишида “Россия тажовузкорлиги баъзилар айтганидан анча тезроқ тугаши” мумкинлигига ишонишини қўшимча қилди.
"Агар дунё тезроқ ҳаракат қилса, дунё ҳал қатъийроқ бўлса, бу уруш тезроқ тугайди, деди Зеленский..