Уй қамоғидан қочган Алексей Москвалёв Минскда ҳибсга олинган
Тула вилоятининг Ефремов шаҳрида яшовчи ёлғиз ота Алексей Москалев армияни “обрўсизлантириш” айби билан ҳукм чиқарилгунга қадар уй қамоғидан қочган ва Минскда ҳибсга олинган.
Алексей Москалевнинг адвокати Дмитрий Захватов Рейтер мухбири билан суҳбатда мижози Беларусда ҳибсга олинганини тасдиқлади.
"У ерда бўлмаганим учун Москалев қандай шароитда ҳибсга олинганини айта олмайман. Менда фақат иккита манба бор. Кеча кечқурун у билан алоқа узилиб қолди ва мендаги маълумотларга кўра, ҳақиқатан ҳам у ҳибсга олинган”, деди адвокат.
Қизи мактабда урушга қарши расм чизгани учун полиция томонидан тергов қилинган россиялик Алексей Москалёв 28 март, сешанба куни қуролли кучларни обрўсизлантиришда айбланиб, икки йилга колонияга ҳукм қилинди.
Аммо суд вакили Москалёв бир кечада уй қамоғидан қочгани, унинг қаерда эканлигини билмасликларини айтди.
“Айбланувчи жаноб Москалёв ҳукм чиқаришда иштирок этмади, чунки у кеча уй қамоғидан қочиб кетди”, дейди суд матбуот котиби.
Москалёв шу ой бошида уй қамоғига олинганидан бери қизи Машадан ажралиб қолган, Маша Москва жанубидаги Ефремов шаҳридаги болалар уйига кўчирилган.
Бу воқеа россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари орасида норозилик уйғотди ва ота ва қизни бирлаштириш учун интернетда кампания бошлаб юборди.
Москалёв Украинадаги уруш ҳақида интернетда ёзган изоҳлари учун айбланган. Аммо тергов 12 ёшли Маша ўтган апрел ойида украиналик она-бола устига рус ракеталари ёғаётгани акс этган расм чизгач, мактаб раҳбари полицияга қўнғироқ қилганидан кейин бошланган.
Полиция Москалёвнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини текширишни бошлади ва у дастлаб Россия армиясини танқид қилган фикрлари учун 35 минг рубл (460 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди.
Декабр ойида терговчилар қуролли кучларни обрўсизлантиришда гумон қилиб, унга қарши яна бир иш очди, бу сафар июн ойида ижтимоий тармоқда эълон қилинган постга асосланиб.
Россияда тақиқланган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Москалёвни сиёсий маҳбус деб билишини айтди.
"Бахмут қирғинбароти" - Россия йўқотишлари ортмоқда
Россия кучлари ўтган кун давомида бешта ракета ва 25 та ҳаво ҳужуми, шунингдек, 34 та ракета зарбаси уюштиргани, фуқаролик ва энергия инфратузилмасини ҳужумга тутишни давом этган.
Бахмут ва унинг атрофидаги тинимсиз ҳужумлар рус кучларига катта зарар етказди.
АҚШ армияси штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Милли 29 март куни Вакиллар палатасининг Қуролли кучлар қўмитасига қарата нутқида Россия ўтган ҳафталарда Бахмут атрофида “ҳеч қандай силжишга эришмаган”и ва “Вагнер” ёлланма гуруҳи ҳудудда “жуда кўп талофат”га учраганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, Бахмут "руслар учун қирғинбарот"га айланган.
Вагнер бошлиғи Евгений Пригожиннинг ўзи 29 март куни Бахмут учун жанглар Украина томони билан бир қаторда ўз кучларига ҳам катта зарар етказганини тан олди.
“Бугунги Бахмут учун жанг Украина армиясини амалда йўқ қилди ва афсуски, “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига ҳам жиддий зарар етказди”, — деди Пригожин.
Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес АҚШ маълумотларига таяниб, Россиянинг Украина билан урушдаги йўқотишлари ҳақида гапирди, 220 минг рус аскари ўлган ёки яраланган деб ҳисобланаётганини айтди.
Уоллес бу рақамни 29 март куни Швеция мудофаа вазири Пол Йонссон билан учрашувдан сўнг ўтказилган қўшма матбуот анжуманида айтди.
Екатеринбургда WSJ мухбири ҳибсга олинган
Россия Федерал хавфсизлик хизмати The Wall Street Jornal газетаси мухбири Эван Гершкович Екатеринбургда жосусликда гумонланиб ҳибсга олинганини тасдиқлади.
Пайшанба куни эрталаб Екатеринбургдаги бир қанча нашрлар Гершкович шаҳарга қилган сафаридан сўнг таҳририяти билан алоқани тўхтатгани ҳақида хабар бериб, журналистни Россия хавфсизлик хизматлари ҳибсга олган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар беришганди.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати иддаосича, The Wall Street Jornal мухбири Америка томонининг кўрсатмаси асосида Россия ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналаридан бирининг фаолияти ҳақида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган.
“Екатеринбургда махфий маълумотларни олишга уринган хорижлик қўлга олинди”, — дейилади хабарда.
Аввалроқ журналист Дмитрий Колезев (Россияда “хорижий агент” сифатида тан олинган) Гершкович Екатеринбурга урушга муносабат ва маҳаллий аҳолининг Евгений Пригожиннинг “Вагнер” ёлланма компаниясига ёллангани ҳақида мақола ёзиш учун борганини билдирган эди.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Рафаэль Гросси Запорожье АЭСига келди
Бу унинг Россиянинг кенг миқёсли босқини бошланганидан бери Украинага иккинчи ташрифи. Яқиндаги ташрифи арафасида Гросси АЭСдаги вазиятни "беқарор" деб атади.
Гросси билан бирга 11 кишидан иборат делегация ЗАЭСга ташриф буюрди.
Улардан уч нафари кейинги икки ой давомида станцияда қолади.