Полша Украинага бир нечта МиГ-29 қирувчи самолётларини топширди
Бу ҳақда Полшанинг РМФ ФМ радиостанция эфирида Полша президентининг халқаро сиёсат бошқармаси бошлиғи Маркин Пшидач маълум қилди.
Полша президенти девони вакилининг таъкидлашича, гап самолётларнинг биринчи партиясини тақдим этиш ҳақида кетмоқда. Украинага қўшимча самолётлар етказиб бериш масаласи Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Варшавага расмий ташрифи чоғида муҳокама қилинади.
Хабар қилинишича, у 5 апрел чоршанба куни бўлиб ўтади.
Петербургдаги портлашда гумонланаётган Трепова ҳибсга олинди
3 апрелга ўтар кечаси Петербургадаги Евгений Пригожинга тегишли "Стрит-бар" кафесида содир этилган портлашда бир киши ҳалок бўлди ва жароҳатланганлар сони 30 кишига етди.
Тергов органлари ҳарбий блогер ва Кремль пропагандисти Владлен Татарский ўлимида Украинадаги урушга қарши норозилик намойишларида иштирок этган фаолларни гумонламоқда.
“Интерфакс” агентлигининг тергов органларига таяниб хабар беришича, кафедаги портлашни 27 ёшли петербурглик Дарья Трепова содир этган.
Хабарда айтилишича, Трепова Татарский чиқиш қилаётган кафега портловчи мослама ўрнатилган ҳайкалчани олиб кирган ва шахсан ўзи унга совға қилган. Baza нашри Трепованинг эри - Либертариан партияси аъзоси Дмитрий Риловни полиция қидираётганини ёзди. Трепованинг қариндошлари уйида тинтувлар ўтказилиб, улар қўлга олинган.
3 апрел куни Куни Россия Тергов қўмитаси гумонланувчи Дарья Трепованинг ҳибсга олинганини эълон қилди.
Асли исми Максим Фомин бўлган Татарский Украинадаги урушни ҳимоя қилган, шунингдек, Москванинг олий ҳарбий раҳбариятини танқид қилган энг таниқли ҳарбий блогерлардан бири эди.
Ўтган сентябр ойида Кремлда бўлиб ўтган маросимнинг видеосида Татарский: "Биз ҳаммани мағлуб қиламиз, ҳаммани ўлдирамиз, талон-тарож қиламиз. Ҳаммаси биз хоҳлагандек бўлади” деганди.
Якшанба куни “Вагнер” ёлланма гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин Татарскийнинг ўлимида “Киев режимини айбламаслигини” айтди. Айни пайтда Украина президентининг маслаҳатчиси Россияда “ички терроризм” авж олганини билдирди.
Олдинроқ Москва яқинида рус миллатчисининг қизи Даря Дугинанинг машинаси портлатиб юборилган эди.Айрим расмийлар террорчилик актида Украина расмийларини айблашга шошилишди.
Россия Константиновкага С-300 ракеталари билан зарба берди
Украина расмийлари якшанба куни Россия Донецк вилоятидаги Константиновка шаҳрини ўққа тутганини маълум қилди. Олти киши ҳалок бўлди, 11 киши яраланди, деди Украина президенти маъмурияти раҳбари Андрей Ермак. Украина Миллий полицияси турар-жой ҳудудига зарба бериш оқибатлари, ердаги жасадлар ва турар-жой биноларига жиддий зарар етганини акс эттирувчи кадрларни эълон қилди.
Урушдан олдин 70 мингга яқин аҳолига эга бўлган Константиновка жанглар маркази бўлган Бахмутдан атиги 20 километр ғарбда жойлашган бўлиб, рус қўшинлари камида саккиз ойдан бери шаҳарни эгаллашга уринмоқда.
Оқ уй: Wаll Street журналистига қўйилган айблов “бемаънилик”
АҚШ давлат департаменти Россияда бўлиб турган АҚШ фуқароларини зудлик билан мамлакатни тарк этишга чақирди. Бу чақириқ америкалик мухбирнинг жосусликда айбланиб, ҳибсга олиниши ортидан янгради.
АҚШ давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Ведант Пател матбуот анжуманида «Россияда бўлиб турган фуқароларимизга тўртинчи даражали огоҳлантириш ҳақида маълум қиламиз», деди:
«Россияда яшайдиган ёки саёҳат мақсадида борган АҚШ фуқаролари зудлик билан у ерни тарк этишлари керак. Россияни тарк этишда ёрдамга муҳтож бўлганлар АҚШнинг Москвадаги элчихонасига мурожаат қилишлари лозим».
Москва суди қарорига кўра, Wаll Street журналисти Эван Гершкович жосусликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.
Wаll street нашри ҳам бу айбловларни рад этиб, «ишончли ва фидойи мухбир» Эван Гершковични зудлик билан озод қилишни талаб қилди.
Бу замонавий Россияда хорижлик журналистга қарши биринчи жиноий иш бўлиб, 20 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.
«Биз Россия ҳукуматининг журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва Россия жамиятига репрессиялари кучайганини кўрдик. 2022 йил 24 февралдан бошлаб ўнлаб нашрлар ва 100 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари ходимлари номақбул деб топилди», деди Ведaнт Пател.
Бу ҳолат Москва ва Вашингтон ўртасидаги шундоғам совуқлашган муносабатларни янада ёмонлаштириши кутилмоқда.
Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер Россия махсус хизмати ҳибсга олган Wаll Street журналистига қўйилган айбловларини рад этиб, буни “бемаънилик” деб атади.
“Жосуслик айбловлари бемаънилик. Россия ҳукумати Америка фуқароларини нишонга олишини қабул қилиб бўлмайди", - деди Жан-Пер.
АҚШ давлат департаменти журнадистнинг ҳибсга олиниши юзасидан Россия ҳукумати билан бевосита алоқада эканини айтиб, Россияда бўлиб турган АҚШ фуқаролари мамлакатдан дарҳол чиқиб кетишга чақирди.