Бахмут учун шиддатли жанглар давом этмоқда
Украина Россиянинг Бахмутни эгаллагани борасидаги даъволарини инкор этар экан, Бахмут атрофида шиддатли жанглар тўхтамаяпти.
Бахмут учун жангларда ҳар икки томондан ҳам йўқотишлар катта. Шаҳарнинг катта қисми вайрон бўлган.
Украина қуролли кучлари Бош штаби сўнгги 24 соат ичида душманнинг 45 та ҳужуми қайтарилгани, Бахмут билан бирга Авдивка ва Маринка ҳам қайноқ тўқнашувлар марказига айланганини билдирди.
Макрон: Хитой Украинадаги урушда муҳим роль ўйнаши мумкин
Франция президенти Эммануэл Макрон Хитой Украинадаги урушда муҳим роль ўйнаши мумкинлигини айтди.
Пекинга давлат ташрифи билан борган Макрон Хитой билан мулоқот зарурлигини ҳамда Россияга Хитой билан эксклюзив мулоқот ўтказишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади:
“Хитой билан бу мулоқот жуда муҳим, чунки биз Европа Иттифоқи вакиллари Хитой билан эксклюзив мулоқотни Европанинг бошқа қисмига русларга қолдиришимиз нотўғри бўлади."
Рим папаси урушда ҳалок бўлган аскарлар оналари учун ибодат қилишни сўради
Рим папаси авлиё Питер майдонида чиқиш қилиб, йиғилганлардан Украинадаги урушда ҳалок бўлган аскарларнинг оналари учун ибодат қилишни сўради:
«Муқаддас Марямга қараб, урушда ҳалок бўлган украин ва рус аскарларининг оналари ҳаққига дуо қиламиз . Келинг, бу оналар учун ибодат қилайлик»
Рим папаси Франсис Украинага Россия босқини бошланганидан бери ўтган бир йилдан зиёд вақт давомида қилган чиқишларининг деярли барчасида урушни қоралаб келмоқда.
Зеленский уруш бошланганидан бери илк бор Польшага борди
Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан бери илк марта Польшага расмий ташриф билан борди.
Ташриф доирасида Зеленский Польша президенти Анжей Дуда, бош вазир Матеуш Моравецкий ва қатор вазирлар билан учрашди, шунингдек поляклар ҳамда ушбу мамлакатда яшаётган украин қочқинларига мурожаатнома билан чиқади.
«Бугун бу ерда рафиқам билан бирга Полша президенти ва ҳукуматига қилган яхшиликлари учун миннатдорчилик билдириш мен учун катта шараф. Сиз Украинани ташлаб кетмадингиз, биз билан елкадош бўлиб ёнимизда турдингиз. Биз бундан миннатдормиз. Буни мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий муносабат, тарихий натижа ва тарихий куч, деб ҳисоблайман», деди Зеленский.
Расмий хабарга кўра, ташриф чоғида давлат раҳбарлари Украинага ҳарбий ёрдам, мамлакатни урушдан кейин қайта тиклаш ва унинг ЕИ ҳамда НАТОга аъзо бўлишига доир масалаларни муҳокама қилиши кутилмоқда.