НАТО Россия-Хитой қўшма баёнотига муносабат билдирди
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг Беларусда тактик ядро қуролини жойлаштираётгани ҳақида Россия-Хитой қўшма баёнотига муносабат билдирди:
«Россия Хитой билан шартнома имзолагандан сўнг дарҳол Беларусда тактик ядро қуролларини жойлаштириши тўғрисида гапирди. Бу эса Хитой билан ўз чегараларидан ташқарида ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома шунчаки қуруқ гап эканлигини кўрсатади. НАТО иттифоқчилари буни диққат билан кузатмоқда».
Дмитрий Песков журналистларга Россия НАТО томон эмас, аксинча НАТО Россия томон кенгайиб бораётганини ва шунинг учун ҳам Москва ўз хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун чоралар кўриши лозимлигини таъкидлади.
Айни пайтда Хитойнинг ЕИдаги элчиси Пекин Қрим ва Донбасснинг Россияга қўшиб олинганини тан олмаслигини таъкидлади.
Владимир Путиннинг ўтган йил февралида Хитойга қилган сафари чоғида Москва ва Пекин ўртасидаги “дўстлик чек-чегарасиз”лиги ҳақида берилган баёнот, элчи Цунга кўра, нотўғри талқин этилмоқда.
Цунга кўра, Хитой Россиянинг қўшни мамлакатга бостириб киришини қоралаган эмас, чунки Москванинг НАТОга қарши мудофаа урушига оид баёнотини тўғри тушунган. Элчининг айтишича. Пекин Украинадаги урушнинг ҳақиқий сабаблари ғарблик лидерлар айтаётганидан кўра мураккаброқ, деб ҳисоблайди.
Лукашенко: Биз қўлимиздан келганини қиламиз!
Россиянинг энг яқин сиёсий ҳамкори ҳисобланган Белорус президенти Александр Лукашенко икки кунлик ташриф билан Москвага келди ва Владимир Путин билан учрашди.
«Бизни синишимизни кутганларга айтмоқчиман, биз йиқилмадик. Ҳа, бу осон бўлмайди, лекин қачондир осон бўлганми? Биз бардош берамиз ва қўлимиздан келганини қиламиз», деди Белорус президенти Александр Лукашенко.
Ўтган ҳафта Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков икки етакчи Лукашенконинг Украинада зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириғини муҳокама қилишини маълум қилган эди.
Лукашенко 2022 йил февралида Беларус ҳудудидан Украинадаги «махсус ҳарбий операцияси» да фойдаланишга рухсат берди.
Аватаркасига Украина байроғини қўйгани учун 11 яшар қизча сўроқ қилинди
Россиялик Варвара Жоликер бор-йўғи 11 га кирган. Лекин у бола бўлатуриб, кўп кўргиликларни бошидан кечирди: ўқитувчиси унинг устидан ёзиб берди, полиция сўроққа тутди, уйида тинтув ўтказилди, жиноий иш очиш билан таҳдид қилишди ва, ниҳоят, тарбияси оғир болалар рўйхатига тиркаб қўйишди. Варя – мактабда пропаганда дарсига кирмагани, тармоқдаги аватаркасида Украина байроғи борлиги ва мактаб чатида украинлар тарафини олгани учун шу балоларга йўлиқди.
Полиция Варяни мактабнинг ўзида сўроқ қилган.
“Улар ўзларини танитиб, менга савол бера бошлашди. Бир тақирбош амаки ҳамма гапни ёзиб олди, уни ҳеч қаерда кўрмаганман. На олдин, на кейин. Ўша воқеадан кейин полицияни кўрсам қўрқадиган бўлиб қолдим”, дейди Варя.
Ҳозирда Жоликерлар оиласи полиция рўйхатида ва вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия рўйхатида туради. Ўн бир яшар Варя бу стрессларни ҳар куни мусиқа чалиш билан енгмоқда.
БМТ Украинадаги эҳтимолий жиноятларни ўрганаётган тергов органи ваколатини узайтирди
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши кўпчилик овоз билан Россиянинг Украинадаги эҳтимолий ҳарбий жиноятларни ўрганаётган тергов органининг ваколатини узайтирди.
Ўтган ой эълон қилинган ҳисоботда комиссия Россия кучларининг Украинада содир этган айрим жиноятлари, жумладан, қийноқлар ва мамлакат энергетика инфратузилмасига ҳужумлари инсониятга қарши жиноят сифатида таснифланиши мумкинлигини билдирди.
БМТ комиссияси Украина ҳукуматига таянган ҳолда, 16 мингга яқин болалар Украинадан ноқонуний олиб кетилганини аниқлади. Россия айбловни рад этиб, Украинадан одамларни ихтиёрий равишда эвакуация қилганини иддао қилмоқда.
Россия Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши йиғилишида сўзга чиқишдан бош тортган. Россия Украинада ваҳшийликларни, тинч аҳолини нишонга олганини қатъиян рад этиб келади.
50 дан ортиқ давлат ёқлаган ташаббусга Россия иттифоқчиси Хитой қарши овоз берди. Жанубий Африка бу ташаббус томонлар ўртасида «низони чуқурлаштириши» мумкинлигини айтган.