Сиздирилган ҳужжатлар
Тhе Nеw York Times газетасининг хабар беришича, Пентагоннинг сиздирилган махфий ҳужжатлари, АҚШнинг Россия-Украина можаросига қанчалик чуқур аралашганини кўрсатади.
Сўнгги кунларда интернетда АҚШ ва НАТОнинг Украинага тегишли ҳарбий маълумотлари сиздирилди. Материалларда Украинанинг ҳарбий салоҳияти ва қурол конфигурацияси, жанг майдони хариталари, ҳар икки томоннинг йўқотишлари ва ҳатто ўта махфий таснифига эга разведка маълумотлари келтирилган.
Тhе Nеw York Times газетаси пайшанба куни 100 дан ортиқ экани тахмин қилинган бир қанча махфий ҳужжатлар, жумладан Яқин Шарққа оид ҳужжатлар ижтимоий тармоқларга юклангани хабар берди.
Интернетга сиздирилган ҳужжатлар агар ҳақиқий бўлиб чиқса, бу АҚШ можарода чуқурроқ иштирок этаётгани, Украинага илгари маълум бўлганидан кўра кўпроқ разведка маълумотларини тақдим этаётганини кўрсатади.
АҚШ ҳукуматининг ўчириш ҳаракатларига қарамасдан, баъзи ҳужжатлар ҳали ҳам интернетда айланмоқда. Ҳужжатларнинг баъзиларида жанг майдони хариталари турли саналар билан келтирилган. Ҳужжатлардаги охирги сана 1 март эканини кўриш мумкин.
Пентагонга оид бу махфий ҳужжатларнинг сиздирилиши туфайли Киев айрим ҳарбий режаларини ўзгартирган.
Бу ҳақда, Украина президенти Владимир Зеленскийга яқин манбасига таянган ҳолда CNN телеканали хабар бермоқда.
Айнан қандай режалар ўзгаргани очиқланмади, бироқ маълумотлар сиздирилиши Пентагонни шу пайтгача ҳукуматдаги юзлаб киши учун ҳар куни очиқ бўлган ўта муҳим ҳужжатлардан фойдаланувчилар доирасини чеклашга мажбур этгани айтилмоқда.
CNNга кўра, сиздирилган ҳужжатлар Discord мессенжери платформасида эълон қилинган. The New York Times улардан бири – Украинанинг Бахмутидаги жанговар ҳаракатлар харитаси 4chan аноним форумига жойлаштирилгани ҳақида ёзган эди.
Ҳужжатлар орасида Украинанинг Ҳаво ҳужумидан мудофаа имкониятлари камайиб бораётганига доир таҳлил ҳам мавжуд. Пентагоннинг исми сир қолишини истаган мулозимлари ҳужжатлар ҳақиқий бўлиши мумкинлигини тан олганлар.
Украина президенти офиси, бу ҳужжатларни “фотошоп” деб атади. Киев ушбу воқеа Россия махсус хизматлари операцияси бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмайди.
Бироқ Би-би-си рус хизмати, айрим ҳарбий блогерлар буни – Ғарбнинг ахборот операцияси бўлиб, улар шу йўл билан Россия қўмондонлигини чалғитмоқчи, деб ҳисоблаётгани ҳақида ёзади.
Москва ҳужжатлар сиздирилиши юзасидан изоҳ бераркан, АҚШ ва НАТОнинг Украинадаги можарога бевосита ёки билвосита қўшилганига “зиғирча шубҳа қилмаслиги”ни урғулади.
ОАВ: “Вагнер” ХҲШ Туркия билан музокара олиб борган
The Washington Post журналистлари яқинда Интернетда тарқалган АҚШ миллий хавфсизлигига доир махфий ҳужжатларнинг 50 саҳифадан ортиқ қисмини ўрганиб чиқишди.
Улардан англашиладики, “Вагнер” ХҲШ қурол-аслаҳа харид қилиш масаласида НАТО аъзоси бўлмиш мамлакат – Туркия билан музокара олиб борган экан.
“Февраль бошида “Вагнер” ХҲШ вакиллари Мали ва Украинадаги жангчилари учун Туркиядан қурол ва асбоб-анжом сотиб олиш мақсадида турклар билан алоқа боғлаган”, дейилади ҳисоботлардан бирида.
The Washington Post хабарига кўра, Мали муваққат президенти Ассими Гоита унинг мамлакати “Вагнер” ХҲШ учун Туркиядан қурол-аслаҳа сотиб олишга тайёрлигини тасдиқлаган.
Музокара қандай якунлангани, Туркия расмийларининг бундан хабари бор ёки йўқлиги очиқланмаган. Туркия ҳукумати матбуот хизмати ҳамда Малининг АҚШдаги элчихонаси Washington Post газетасига изоҳ беришдан бош тортган.
Запорожьега ракета зарбаси: 11 яшар қиз ва унинг отаси нобуд бўлди
Запорожье вилоятига йўлланган навбатдаги ракета зарбаси натижасида турар-жой биносининг бир қисми ўпирилиб тушгани ва 100 кв. м майдонда ёнғин чиққани айтилмоқда. Портлашдан ҳосил бўлган зарба тўлқини қўшни уйларга шикаст етказган, дераза ойналари тўкилиб тушган.
8:00 ҳолатига воқеа жойида икки киши – 50 ёшли эркак ва унинг 11 яшар қизи ҳалок бўлган.
“Қутқарувчилар вайроналар тагидан 46 ёшли аёлни тортиб олиб, тез ёрдам шифокорларига топширишди. Хайриятки, унинг қизи кеча меҳмонда бўлган экан, унга ҳеч бир зиён-заҳмат етмаган. Ракета зарбаси натижасида чиққан ёнғин тезда бартараф этилиб, бино вайроналар кўздан кечирилди. Эрталаб 8:00 да қидирув-қутқарув ишлари якунланди”, дейилади Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабарномасида.
Босиб олинган ҳудудлардан олиб кетилган 31 бола Украинага қайтарилди
Мураккаб қутқарув миссиясидан сўнг Беларусдан Украинага келтирилган болаларни ота оналар кўз ёшлари билан қарши олди.
Ўтган йили Даша Ракк синглиси билан Россия босиб олган Херсондан Қримдаги оромгоҳга бир неча ҳафтага кетишга рози бўлган. Бироқ Россия расмийлари болаларга у ерда анча вақт қолишларини айтишган
«Улар бизни асраб олишларини, васийликка олишларини, айтишди. Бизга узоқ муддат қолишимизни айтишганида, ҳаммамиз йиғлай бошладик», дейди Даша.
Дашанинг онаси Наталянинг айтишича, у қизларини қайтариб олиш учун Украинадан Полша, Беларус ва Москва орқали Қримга борган. Украинанинг Қрим ярим ороли 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган.
«Жуда қийин бўлди, лекин биз тўхтамадик, кечалари ухламадик, ўтириб ухлаган кунларимиз бўлди.У ерда қолган болаларнинг кўзёши одамнинг юрагини эзади», дейди она Қримдаги лагерга қилган саёҳатини тасвирлаб.
Украинанинг ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йилнинг февраль ойида бошланган босқинидан кейин Қримга 19,5 мингга яқин украиналик бола олиб кетилган. Киев буни ноқонуний депортация сифатида қоралаб келади.
Россия эса болалар ўғирланганини рад этиб, болалар эвакуация қилинганини иддао қилиб келади.
«Ҳозир бешинчи қутқарув миссияси якунланиши арафасида. Бу миссия мураккаблиги ва қутқарилган болалар сони бўйича алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Беш ой ичида беш марта жойини ўзгартирган болалар бор. Уларнинг баъзилари каламуш ва сувараклар билан яшашга мажбур бўлган», деди «Украинани қутқариш» инсонпарварлик ташкилоти асосчиси Никола Кулеба.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги изоҳ бериш сўровига жавоб бермади.