Россияликлар янги сафарбарлик бошланишидан хавотирда
Ҳарбий хизматга мажбур шахслар электрон реестрига оид янги қонунга кўра, ҳарбий мажбуриятга эга барча россияликлар – 18 дан 60 ёшгача эркакларга, шунингдек ҳарбий ихтисослик рўйхатида турувчи аёлар, масалан, тиббиёт ходимларига чақирув қоғози жўнатиш автоматлаштирилади. Чақирув қоғози у ёзилган ва реестрга киритилган пайтдан бошлаб етти кун ўтгач, ҳарбий хизматга мажбур шахсга топширилган деб ҳисобланади.
Чақирув қоғози “топширилган” фуқароларга дарҳол “зарур чора” кўрилади: уларга мамлакатдан ташқарига чиқиш тақиқланади. Фуқаро ҳарбий комиссариатга боришдан бўйин товлаган тақдирда эса, ҳуқуқлари янада чекланади, яъни кредитлар олиши, ўзининг кўчар ва кўчмас мулкларини тасарруф қилиши ман этилади.
Қонун эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради. Эндиликда у Федерация Кенгашида маъқулланиб, президент томонидан имзоланиши керак. Бу бир неча кун ичида ҳал бўлиши мумкин.
Ушбу қонун ҳарбий сафарбарликнинг янги тўлқини бошланишига сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирлар бор.
Сафарбарликнинг биринчи тўлқини ўтган йилининг 21 сентябрь куни кутилмаганда бошланган эди.
Янги қонунга кўра, сафарбарлик эълон қилингудай бўлса, чақирувдагиларнинг мамлакатдан чиқишига зудлик билан тақиқ қўйилади.
«Агора» инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтган ойдаёқ Россиянинг камида 35 та ҳудудида чақирув қоғозлари тарқатиш ва ҳарбий тайёргарлик бошлангани ҳақида хабар қилган эди. Ташкилотга кўра, россияликлар ҳарбий рўйхатга олиш идорасига «маълумотларини янгилаш» ёки ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун чақириляпти.
Аввалроқ янги қонун шу баҳорги чақирув чоғидаёқ қўлланиши мумкинлиги айтилган. Бугун Россия Рақамлаштириш вазири янги тизим куздагина тўлиқ ишга тушиши мумкинлигини хабар қилди.
Канада Украинага 21 000 та автомат, 38 та пулемёт ва 2,4 миллион ўқ-дори беради
Канада Украинага янги моддий ёрдам пакетини эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Жастин Трюдо Украина бош вазири Денис Шмигал билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжумани чоғида маълум қилди:
“Канада бир йилдан ортиқ вақтдан бери Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиб келади. Жумладан, танклар ва зирҳли машиналар, ўқ-дорилар, қурол-яроғ ва бошқа жиҳозлар юборилди. Бугун биз яна ҳам кўпроқ қуроллар юборишимизни эълон қиляпмиз. Украинага 21 000 та автомат, 38 та пулемёт ва 2,4 миллион ўқ-дори юборамиз. Бу Украина қуролли кучларига ўз эркинлигини ҳимоя қилиш ва Украина ҳудудий яхлитлиги учун курашда ёрдам беради”.
Шунингдек, Канада Россияга қарши янги санкциялар пакетини ҳам эълон қилди.
Янги рўйхатга Россиянинг 14 фуқароси ва 34 ташкилоти киритилган. Жумладан, “Вагнер” ҳарбий ширкатига алоқадор компаниялар, жумладан бизнесмен Евгений Пригожин назоратидаги “Конкорд менеджмент и консалтинг” ҳамда “Волга-Днепр” компаниялари бор.
Санкцияга тушганлар орасида Беларус молия сектори билан боғлиқ тўққизта корхона ҳам бор.
Февраль ойида Канада Россия ҳукумати аъзолари, ҳарбийлар, ҳарбий саноат раҳбарлари дохил 129 нафар жисмоний шахсга ҳамда Россиянинг 63 та ташкилотига қарши санкциялар татбиқ этганди.
БМТ: Украина урушида тинч аҳолидан 8500 киши ҳалок бўлган
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Россия Украинага бостириб кирганидан бери тинч аҳолидан 8500 нафарининг ўлими тасдиқлангани тўғрисида билдирди. Бу фақат тасдиқланган ўлим ҳолатларидир, реал рақамлар эса бундан бир неча маротаба кўп бўлиши мумкин.
Олий комиссарликнинг билдиришича, 2022 йилнинг 24 февралидан 2023 йилнинг 9 апрелигача Украинада камида 8490 тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, камида 14 244 киши яраланди. Ҳозирча жанглар бораётган ҳудудларда, жумладан, Мариупол, Лисичанск, Пропасна ва Северодонецкда ҳалок бўлганлар тўғрисидаги маълумотлар имкони бўлмагани учун ўрганиб чиқилмаган.
Тинч аҳолидан камида 7011 нафари ўлимига ва 13 495 кишининг ярадор бўлишига бомбардимонлар ва ҳаводан берилган зарбалар сабаб қилиб кўрсатилди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши бир неча кун олдин Украинада содир этилиши мумкин бўлган ҳарбий жиноятларни ўрганиш гуруҳининг мандатини узайтирилишини қўллаб-қувватлашини билдирган.
"Ҳар бир парвоз охиргиси бўлиши мумкин"
28 яшар украиналик ҳарбий учувчи Дмитрий Шкаревский МиГ-29 қирувчи учоғини бошқаради.
– Биз, учувчилар учун ҳар бир парвоз охиргиси бўлиши мумкин, чунки ҳавода кутилмаган ҳолатлар кўп бўлади. Турли вазифаларни бажарганмиз. Бошида қўпорувчи гуруҳларни аниқлаш мақсадида разведка парвозларини амалга оширдик. Баъзан ракеталарга, “Шаҳид” дронларига ва ҲҲМ тизимларига зарба бериш учун ҳавога кўтариламиз. Гоҳида эса штурмчи учоқларимиз душманга зарба бераётган пайтда биз уларни пана қилиб турамиз, дейди ҳарбий учувчи Шкаревский.
2023 йилнинг февралида Россия ҚКнинг кенг кўламли ҳужуми чоғида Шкаревский бошқараётган учоқ зарба еган эди. Бироқ у тирик қолган.
Шкаревский уруш давомида 70 дан ортиқ марта жанговар парвоз қилган, Россиянинг “Калибр” русумли иккита ракетасини уриб туширган ва битта ҳаво ҳужумига қарши тизимни йўқ қилган.
-Ватанимга фойдам тегяпти, кўпчилик қила олмайдиган ишни қиляпман, бу ракеталар қаердадир портлаб, одамларни ўлдириши мумкин эди, мен бунга йўл қўймадим, деб жуда хурсанд бўлганман, албатта. Ҳар гал жанговар топшириқни бажариб, яхши натижага эришганингни билганингда бу бизни ғалабага бир қадам яқинлаштирганини ҳис этасан. Бу жуда ёқимли туйғу, дейди ҳарбий учувчи Шкаревский.