Британия олигарх Усмоновнинг USM холдингига қарши санкциялар жорий этди
Буюк Британия эълон қилган навбатдаги санкцияга асли ўзбекистонлик олигарх Алишер Усмоновнинг USM холдинги ҳам киритилган.
Британия ҳукумати сайтидаги хабарномага кўра, USM холдингига қарши чекловлар унинг соҳиби Алишер Усмонов “Россия ҳукуматини қўллаб-қувватлашда иштирок этаётгани”, шунингдек Россия ҳукумати учун стратегик аҳамиятга эга иқтисодиёт тармоқлари – кончилик ва рақамли технологиялар соҳасида бизнес юритаётгани туфайли қўлланган.
Шунингдек, россиялик тадбиркор Владимир Евтушенковнинг турмуш ўртоғи Наталья Евтушенкова, фарзандлари Феликс ва Татьяна, сенатор Сулаймон Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ҳамда Путиннинг “хеши” Виктор Медведчукнинг хотини Оксана Марченколар ҳам Британия санкцияларига йўлиқишди.
Украинада уруш бошланганидан бери Британия Россиянинг мингдан ортиқ фуқаросига ва 100 дан зиёд корхонасига қарши санкциялар жорий этган. Чекловлар Россия президенти Владимир Путин ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга нисбатан ҳам қўлланди. Британиядан Россияга авиаёқилғи, зеб-зийнат ашёлари, нефть ва уни қайта ишлаш билан боғлиқ товарлар ва технологиялар ҳамда фунт стерлинг жўнатиш тақиқлаб қўйилди.
Рус аскарлари украин асирининг бошини кесгани видеоси тарқалди
Интернетда россиялик аскарлар украиналик асирнинг бошини кесиб олаётгани акс этган видео пайдо бўлганидан кейин, Украина ички хавфсизлик агентлиги видео юзасидан тергов бошлаганини маълум қилди.
Уруш шароитида Озодлик бу видеонинг ҳақиқийлигини текшириш имконига эга эмас.
Видеода бир ҳарбий қўлига украин аскарларига хос сариқ тасма таққан эркакнинг бошини кесиб ташлагани акс этган.
“Бу ҳайвонлар бир одамни осонликча ўлдирганини ҳеч ким беэътибор қолдира олмайди. Украиналик асирнинг қатл этилгани тасвирланган бу видеони бутун дунё кўриши керак. Бу Россия аслида қандай эканини кўрсатувчи видео. Улар қандай махлуқ ўзи? Улар учун инсон деган тушунча йўқ. Ўғил, ука, эр, бировнинг боласи деган нарсани билмайди улар. Бу Россия янги одатга айлантиришга уринаётган қотиллик видеоси", деди Украина президенти Владимир Зеленский.
Кремль видеога ҳозирча изоҳ бермади.
Британ ҳарбийлари украин аскарларига ҳурмат юзасидан саф тортди
Россиялик мухолиф журналист Александр Невзоров Телеграм каналида эълон қилинган видеода ҳарбий тайёргарликдан ўтган украиналик аскарларни кузатиш жараёни акс этган. Украин аскарларига ҳурмат сифатида саф тортган бу ҳарбийлар британиялик экани айтилди.
“Англияликлар украинларни жаҳоннинг энг катта ёвузи, Гитлер ва Сталиннинг жамики мараз ишларини такрорлашга қарор қилган телба мамлакатга қарши жангга кузатишмоқда”, дея изоҳ ёзди видеога Невзоров.
Конашенков: Вагнерчилар Бахмут марказида
Бахмут учун қонли жанглар давом этмоқда. Бахмут шаҳри ҳозирда энг қонли жанглар майдонига айланган. Ҳар икки томон берган катта инсоний йўқотишлар биринчи жаҳон урушидаги талофатларга қиёсланмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков «Вагнер» ёлланма аскарлари Бахмут марказида жанг олиб бораётганини хабар қилди:
«Донецк йўналишида асосий жанглар Бахмутнинг Артёмовск ҳудудида кетмоқда. Вагнер Артёмовскнинг марказий қисмини эгаллаш ва душманни ғарбий чеккага сиқиб чиқариш учун курашни давом эттиряпти. Ҳужум отрядларининг ҳаракатлари Ҳаво-десант кучлари бўлинмалари томонидан қўллаб-қувватланяпти”.
Россия учун Бахмутни эгаллаш бутун Украина бўйлаб ҳужум қилиш имконини беради. Киев ва Ғарб эса Бахмут рамзий аҳамиятга эга эканлигини айтган.