Бахмут - фронт чизиғининг "энг қийин нуқтаси"
Британия разведкаси маълумотларига кўра, Россия охирги икки кун ичида Бахмутда артиллерия ҳужумларини кучайтирган ва Украина қўшинлари шаҳарнинг баъзи ҳудудларидан чекинишга мажбур бўлган.
Украина ҳарбий мулозимлари ҳам Бахмут фронт чизиғининг «энг қийин нуқтаси» бўлиб қолаётганини таъкидламоқда.
“Душман Бахмут ҳудудида ҳар куни 40- 50 марталаб ҳужум қилмоқда. Ўзидаги бор барча қуроллардан фойдаланиб 500 дан ортиқ марта ўқ узади. Улар рус ҳарбий-сиёсий раҳбарияти шахсий таркибидаги сезиларли йўқотишларга парво ҳам қилмаяпти. Охирги икки ҳафта ичида душман Бахмутда деярли 4500 пиёда аскари ва Вагнер ёлланма жангчиларидан айрилди. Улар ҳалок бўлган ёки яраланган”, деди Украина Бош штаби тезкор бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олексий Громов.
Громов, Россия Украина ҳудудига ҳужумларни кучайтириш имконини берадиган Х-50 типидаги стратегик қанотли ракеталарни ишлаб чиқаришни режалаштираётганини ҳам таъкидлади.
Озодлик уруш шароитида томонлар маълумотларини мустақил текшириш имконига эга эмас.
Беш ўзбекистонлик АҚШ санкциясига тушди
АҚШнинг Россияга қарши жорий қилган янги санкциясига Ўзбекистон ватандоши бўлган беш нафар шахс ҳам киритилган.
АҚШ Молия вазирлигига кўра, бу беш киши асли ўзбекистонлик олигарх Алишер Усмоновга яқин қариндош бўлган шахслардир.
Булар - Алишер Усмоновнинг икки синглиси яъни Гулбаҳор Исмаилова ва Саодат Нарзиева ҳамда жияни Насиба Нарзиева ва унинг эри Шоҳрух Носирхўжаевлар. Шунингдек, санкцияга Усмоновнинг Кипрдаги Almenor Holdings компанияси директори Гулноз Кочарова ҳам киритилган. Уларнинг айримлари Ўзбекистон ватандошлари бўлиш билан биргаликда яна бир неча мамлакат паспортига эга. Жумладан, Гулноз Кочарованинг Россия ва Кипр ватандошлиги ҳам бор.
АҚШ ва Британиянинг янги санкциялар рўйхатига олигарх Усмоновнинг жами олтита ширкати ва шу ширкатларга қарашли компаниялари ҳам киритилган.
Британия ҳукумати сайтида эълон қилинган шарҳда таъкидланишича, мазкур ширкатлар “Россия ҳукуматидан фойда олишга ёки уни қўллаб-қувватлашга алоқадор”, шунингдек, Россия ҳукумати учун стратегик аҳамиятга эга бўлган қазиб олиш ва рақамли технологиялар соҳасида фаолият юритади.
Санкциялар рўйхатида Ўзбекистондаги “Оҳангаронцемент” заводи ҳам бор. Боиси “Оҳангаронцемент”ни 98,6 фоиз улушини 2022 йил бошида Усмоновнинг USM холдинги томонидан таъсис этилган Akkermann Cement CA сотиб олган.
Санкцияга тушган корхоналар, жумладан, Akkermann Cement CA билан барча операциялар 11 июлгача тўхтатилиши лозим.
АҚШ Молия вазирлигига кўра, олигарх Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмаилова The Sister Trust компаниясини Кипр ватандоши Деметриос Сергидес раҳномалигида бошқаради. Вазирлик, Сергидес- Алишер Усмоновнинг молиявий маслаҳатчиси эканини таъкидлаган. Гулбаҳор Исмоилова Европа Иттифоқи, Швейцария ва Буюк Британия санкциялари рўйхатига ҳам киритилган.
Уруш бошланганидан бери Алишер Усмонов АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг санкция рўйхатига бир неча бор киритилган.
Financial Times ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати ЕИдан миллиардер Усмоновнинг санкцияларини олиб ташлашни сўраган.
Россия Тинч океанидаги ҳарбий денгиз флотини шай ҳолатга келтирди
Россия Тинч океанидаги ҳарбий денгиз флотини мудофаа қобилиятини оширишга қаратилган кутилмаган текширув доирасида юқори шай ҳолатга келтирди.
«Бугун, эрталаб Тинч океани денгиз флоти мудофаа қобилиятини синовдан ўтказиш мақсадида юқори шай ҳолатга келтирилди. Текширувдан асосий мақсад Қуролли Кучларнинг душманнинг денгиздан бўладиган эҳтимолий ҳужумига тайёргарлигини оширишдан иборат», деди Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу.
Текширув давомида шартли душманнинг Сахалин ва Курил оролларига ҳужумларига қарши ҳаракатлар ҳам кўздан кечирилди.
Россия ҚК Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов Россия ҳарбий-денгиз кучлари машғулотлар ўтказиладиган ҳудудларга жойлаштирилиши ҳамда жанговар машғулотларда иштирок этишини хабар қилди.
Зеленский: Биз ЕИга қўшилишга тўлиқ тайёрмиз
Владимир Зеленский Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш мақсадига эришиша олишига шубҳа қилмаяпти:
«Мен ҳукумат амалдорлари ва Олий Рада вакиллари билан йиғилиш ўтказдим. Унда Европа Иттифоқига қўшилиш йўлидаги ҳаракатларимизни, қонунчиликдаги қадамларни ҳамда қабул қилинган ўзгаришларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилдик. Қўйган мақсадимизга эришиша оламиз. Украина Европа Иттифоқининг барча институтлари ва тажрибаси билан бирлашади ва ЕИнинг тўлиқ аъзосига айланади. Биз тўлиқ тайёрмиз.»