Албания жосусликда гумонланиб қўлга олинган россиялик блогерни Россияга экстрадия қилиш сўровини рад этди
34 ёшли Светлана Тимофеева бошқа бир рус ва украиналик билан 2022 йил август ойида пойтахт Тирандан 80 км узоқликда жойлашган эски ҳарбий завод ҳудудига кирганликда айбланиб ҳибсга олинган.
Тимофеева Албания прокуратурасининг жосуслик айбловларини рад этиб, собиқ ҳарбий базага киришдан ягона истаги Совуқ уруш давридаги ташландиқ биноларни суратга олиш бўлганини ва ҳеч қандай бошқа нияти бўлмаганини айтди.
У Москвада худди шундай айбловларга дучор бўлган ва ўтган ой Тимофеева Россияга экстрадиция қилинишдан холос бўлиш учун бошпана сўраганди.
“Суд Россия фуқароси Светлана Тимофеевани Албания Республикасидан Россия Федерациясига экстрадиция қилиш тўғрисида Россия расмийларининг сўровини қабул қилмасликка қарор қилди”, — деди судя Элис Дине қарорни эълон қилар экан.
Суд қарори Албания Адлия вазирлигининг уни экстрадиция қилиш ҳақидаги аввалги қарорини бекор қилди.
Албания, аксарият Европа давлатлари қатори, Украинага бостириб киргани учун Россияга қарши санкциялар киритишда Европа Иттифоқига қўшилди.
“Россия давлати ҳеч қандай асосий инсон ҳуқуқларини кафолатламайдиган давлатдир. . . Светлана Тимофеевани экстрадиция қилиш сўралган иш уйдирма иш эди”, деди унинг адвокати Фатмир Луши қарорни олқишлар экан.
Лана Сатор номи билан танилган Тимофеева Инстаграмдаги саҳифасида 250 000 дан ортиқ обуначига эга бўлиб, у ерда йиллар давомида ташландиқ бинолар, жумладан, унутилган, эски ва занглаган ҳарбий иншоотлар суратларини жойлаштирган.
Финляндия Россия билан чегарасида девор қуришни бошлади
Финляндия Украинадаги уруш манзарасида хавфсизликни таъминлаш мақсадида НАТО ҳарбий алянсига қўшилганидан икки ҳафта ўтмай, Россия билан чегарасида деворнинг биринчи қисмини қуришни бошлади.
НАТОга аъзо бўлганидан сўнг шарқий қўшниси қасос олишидан қўрқиб, ҳукумат ўтган йили чегарада тўсиқ девор қуришини эълон қилган.
Финляндия 2021 йил қишида Полшада Европа Иттифоқининг шарқий чегарасида воқеалар такрорланишидан эҳтиёт бўлишни мақсад қилган, ўшанда блок Россиянинг ишончли иттифоқчиси бўлган қўшни Беларусни Яқин Шарқдан муҳожирларни олиб кириш, уларга визалар бериш ва инқирозни яратишда айблаган.
Пўлат тўрдан ясалган Финляндия девори 2026 йил охиригача ўз чегарасининг энг муҳим қисмларининг 200 километринда қад кўтариши керак.
Лойиҳа раҳбари Исмо Куркига кўра, панжара кузатув ускуналарига эга бўлади.
Умумий узунлиги 1300 км га чўзилган чегарадан ўтган йили Финляндияга 30 та ноқонуний кесиб ўтиш аниқланган, россиялик чегарачилар эса Финляндияга киришга 800 га яқин уринишларни тўхтатган, деди Финляндия чегара хизмати.
“Финляндия-Россия чегарасидаги вазият барқарор ва ҳозирда барқарор”, деди чегара қўриқлаш бригадаси генерали Яри Толппанен.
"Аммо бу бутунлай ўзгарган вазиятда Финляндия ишончлироқ ва мустақил чегара назоратига эга бўлиши керак. Финляндия эса Россия чегара назоратига камроқ боғлиқ бўлиши керак", - дея қўшимча қилди у.
Полша ва Болтиқбўйи давлатлари 2022 йил февралида Россия Украинага бостириб кириши ортидан шарқий чегараларида тўсиқлар ўрнатишга киришган.
Ҳозиргача Финляндия-Россия чегараси бу ҳудудни қамраб олган кенг ўрмонларда оддий чизиқ бўлиб келган, у фақат паст симли панжара билан белгиланган бўлиб, у қорамол ва бошқа уй ҳайвонларини тўхтатиш учун мўлжалланган.
Янги тўсиқ баландлиги 3 метр бўлиб, усти устара сим билан қопланган бўлиб, унинг қурилиши тахминан 380 миллион еврога тушади.
Словянскда Россиянинг ракета ҳужумидан 8 киши ҳалок бўлди, 21 киши яраланди
Украина шарқидаги Словянск шаҳрида Россия ракета ҳуэумидан камида саккиз киши ҳалок бўлди, 21 киши яраланди, дея маълум қилди расмийлар.
Фавқулодда хизматлар бузилган турар-жой биносида вайроналарни тозалаш ва омон қолганларни қидириш ишларини давом эттирмоқда.
Полициянинг маълум қилишича, ҳужумдан кейин беш қаватли бинонинг икки юқори қавати қулаб тушган ва майдон рўпарасида ёнғин чиққан.
Расмийларга кўра, Россиянинг С-300 ракеталари бешта кўп қаватли уй ва бешта хусусий бино ва бошқа объектларга зарар етказган. Камида етти киши вайроналар остида қолган.
Словянск жабҳа чизиғига яқин шаҳар, Россия уни ойлардан бери босиб олишга уринади.
Украина президенти Владимир Зеленский Словянскдаги ҳужумни Россиянинг “навбатдаги теракт”и деб атади.
“Ҳозирда Донецк вилоятининг Словянск шаҳрида қутқарув ишлари давом этмоқда. Яна бир теракт. С-300 ракеталари турар-жойлар, оддий фуқаролар биноларига зарба берди”, - деди Зеленский.
Россия: Военкоматга ўт қўйган йигит 8 йилга қамалди
Россиянинг Иваново вилояти Шуя шаҳрида яшовчи Дмитрий Лямин ҳарбий комиссариат биноси деразасига “Молотов коктейли” ирғитгани учун террорчиликка оид модда бўйича саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда ФСБ матбуот хизматига ҳавола берган ҳолда IvanovoNEWS нашри хабар қилмоқда.
Кучишлатар идорага кўра, 19 март куни Лямин “ҳокимият органлари фаолиятини беқарорлаштириш мақсадида Иваново вилоятининг Шуя шаҳри, Палехск ва Шуя туманлари ҳарбий комиссарлиги деразасига қўлбола портловчи мослама ташлаш орқали бинога ўт қўйган. Ёнғин ўз вақтида ўчирилган”.
Суд Ляминга нисбатан мажбурий психиатрия муолажасини ҳам тайинлади.
Украина уруши бошланганидан буён Россияда ўнлаб военкомат ва бошқа давлат муассасалари биноларига ўт қўйишга уринишлар бўлган. Бу каби ҳаракатлар президент Путин томонидан қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан кейин кучайган.