Туркманистонлик Абу Юнус Украинани ҳимоя қилмоқда
«Мен ўзим Туркманистон фуқаросиман ва Шайх Мансур номидаги чечен кўнгиллилар батальонида Путиннинг диктаторлик режимига қарши жанг қиламан”.
Туркманистонлик Абу Юнус мерган, ўқчи ва миномётчи ҳам. У Украинани Россия босқинининг биринчи кунидан бошлаб ҳимоя қилади.
“Ўтган йилнинг 24 феврал куни Россия Украинага бостириб кирди. Мен эртаси куни ҳарбий комиссариатга бордим. Бу мамлакатни ташлаб қочишга менинг виждоним йўл бермади. Бу мамлакат менга ёқади, ажойиб мамлакат, одамлар менга жуда яхши муомала қилади. Улар мени қабул қилишди. Мен шунчаки бу мамлакатни ташлаб кетгим келмади. Боз устига мен мусулмонман. Мусулмон ҳамма вақт ҳақиқат ва мазлумлар томонида бўлиши керак. Россия – террор ва диктатурани тарғиб қилаётган мамлакат”, дейди у.
Абу Юнус 44 ёшда. У Туркманистоннинг Лебап вилоятидан. Украинага ўз юмушлари билан 2018 йилда келган. Киевга бир неча кунга келган эди, натижада беш йилга қолиб кетди.
“Тўғрисини айтганда мен бу ерга келганимда одамлари жуда ёқди. Уларнинг муомаласи, менга бўлган муносабати чиройли эди. Мен мусулмон ва улар исломни ҳурмат қиларкан. Мен субҳаналлоҳ дедим. Гўзал мамлакат, озодлик, ҳеч қандай қонунсизлик йўқ. Бу ерда полициячилар адолатсизлик қилмайди, ҳурмат билан гаплашади. Умуман олганда мен Европага тушиб қолдим”, дейди у.
Абу Юнус Россия армиясига қарши чеченлар билан елкама-елка бўлиб жанг қилмоқда.
“Бизнинг сафимизда қирғизлар бор, ўзбеклар бор, бошқа миллат вакиллари кўп. Лекин бошқа туркман кўрмадим", дейди Абу Юнус.
Шайх Мансур номидаги чечен кўнгиллилар батальони ҳозир Бахмут учун жанг қилмоқда. Бу сўнгги олти ойдаги энг қайноқ жабҳа.
“Украина ҳудудига бостириб кирган Путин оккупантларини ҳалок бўлди деб айтиш нотўғри, улар ўзганинг ерида тўнғиз қопмоқда. Даҳшат! Улар гала-гала бўлиб бостириб келиб аҳмоқона ўлим топяпти”, дейди туркман жангчиси.
Абу Юнус Ванер шикрати билан шартнома тузиб урушга келаётган Марказий осиёликларга ҳайрон қолаётганини айтади. Унинг сўзлариаг кўра, Ванер улардан тўп еми сифатида фойдаланмоқда:
“Бу ерга келиб ўлиб кетгандан кўра, ўша қамоқ муддатини икки баравар ўтирган афзал. Вагнерчилар бу ерда пачкалаб ўляпти, бу юз фоиз ҳақиқат! Биз уларни нишонга олганда кимсан, паспортингни кўрсат деб сўраб ўтирмаймиз. Сизларни тўп еми сифатида юборишмоқда. Мен оддий мисол келтираман. Улар украиналикларнинг миномёт ёки танки қаердан отаётганини билиш учун ўнта вагнерчини тўп еми сифатида ташлайди. Тушуняпсизми, сизларни ана шундай ем қилишмоқда”, дейди Абу Юнус.
Тукрманистонлик Абу Юнус марказий осиёликларни Украинага қарши урушда қатнашмасликка даъват қилади.
Украина аскарлари фронтдаги танаффусдан фойдаланиб машғулотларни давом эттирмоқда
Украин қўшинлари миномётдан нишонга олишни машқ қилмоқда.
Йўлда кетаётган украин бўлинмаларидан бирининг зирҳли машинаси бузилиб, тўхташга мажбур бўлди. Бироқ, зирҳли машина тезда таъмирланди ва ҳарбийлар йўлда давом этди. Миномётчилар бўлинмаси икки ҳафтага ҳордиқ олиш учун Бахмутдан қайтди.
Бўлинма командири Михайлонинг айтишича, танаффус вақтида унинг аскарлари тайёргарлик кўриб, маҳоратини оширган.
«Фронтда вазият бироз бошқача, сиз доимо атрофни кузатиб, хушёр туришингиз керак. Душман дронлари, артиллериясидан огоҳ бўлиб туриш керак. Фронтда кўпроқ эътиборли бўлиш лозим», дейди украин ҳарбийси Васил.
Миномётчилар гуруҳининг командири Михайло Украинанинг душманларга қарши ҳаракатларига тўхталди.
«Биз жуда яхши ҳаракат қиляпмиз. Душманга аниқ зарбалар бердик. Уларда йўқотишлар кўп, чекинишга мажбур бўлишяпти. Энди душман ҳавода бизнинг дронларимизни кўриб, қўрқа бошлади. Чунки артиллериядан зарба беришимизни билишади», дейди украин ҳарбийси Михайло.
Россия Запорожье ва Николаевдаги турар-жой биноларини ўққа тутиши оқибатида икки ўсмир ҳалок бўлди
16 апрелга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Украинанинг Запорожье ва Николаев вилоятларига зарбалар йўллади.
Ҳужумлар оқибатида Николаев вилоятида 2005 йилда туғилган икки ўсмир ҳалок бўлган. Бу ҳақда вилоят раҳбари Виталий Ким маълум қилди.
Мулозимга кўра, зарба С-300 зенит-ракета тизимидан йўлланган. Турар-жойлар, ўқув муассасаси ва хусусий корхона бинолари шикастлангани айтилмоқда.
“Бугун тунда бўлган ҳужум натижасида Снигирёвка шаҳрида икки ўқув муассасаси, касалхона, маданият уйи ва турар жойлар зарар кўрди. Дастлабки маълумотга кўра, ҳеч ким жабрланмаган”, деб ёзди Виталий Ким.
Николаев вилояти прокуратураси хабарномасига кўра, уруш қонунлари ва одатларини бузган ҳолда қасддан одам ўлдириш факти (Украина ЖКнинг 438-моддаси 2-қисми) бўйича дастлабки тергов бошланган.
“Тергов маълумотига кўра, 2023 йил 16 апрель куни соат 02.10 да Россия армияси Николаев вилоятининг Снигирёвка шаҳрига ракеталар билан ҳужум қилган. Душман снарядлари турар жой бинолари ва фуқаролик инфратузилмаси объектларига теккан. Ҳужум натижасида 17 ёшли йигит ва 18 яшар қиз ўлган”, дейилади хабарномада.
Запорожье вилоятининг Камишеваха кентида эса Россия зарбалари черковга шикаст етказди.
“Улар учун муқаддас ҳеч нима йўқ, ҳатто Пасха кечасида ҳам ҳеч нарса уларни нобакорликдан тўса олмайди. Душман яна кенг кўламли ҳужум уюштирди. Камишевахада маҳаллий черков зарар кўрди, хайриятки, ҳужум ибодат вақтида бўлмаган”, дейилади маъмурият телеграм-каналидаги хабарда.
Денис Шмигал: қарши ҳужум "яқин келажакда" бошланади
"Қарши ҳужум режаларимизга ҳеч нарса таъсир қилмайди ёки ўзгартирмайди. Мақсадимиз ғалаба, бизнинг мақсадимиз - 1991 йил чегаралари доирасидаги Украина ҳудудларини озод қилиш. Биз қарши ҳужум яқин келажакда амалга ошишига ишончимиз комил. Қўшма Штатлар бизни мутлақо қўллаб-қувватлайди. . . . Бизнинг ишончли стратегик ҳамкорларимиздан ҳеч қандай сир йўқ”, — деди Украина бош вазири.
Аввалроқ Шмигал Украинанинг қарши ҳужуми ёзгача қолдириши мумкинлигини айтганди.
Украина Россия босқинига қарши давом этаётган ҳарбий курашда АҚШ ва бошқа ҳамкорлар билан ишлашни яна ҳам кучайтиради, деди Украина бош вазири Денис Шмигал журналистларга.
Журналистлар Украина бош вазирини АҚШ разведка маълумотларининг сиздирилиши билан боғлиқ саволларга тутишар экан Шмигал, Россиянинг ҳеч қандай дезинформацияси Украинанинг ўз мамлакати учун олиб бораётган жангига халақит бермаслигини айтди.
Айримларига "ўта махфий" тамғаси урилган сиздирилган материаллар Украинадаги урушнинг батафсил тасвирини кўришга имкон беради. Уларнинг ичида Украинанинг баҳорга белгиланган қарши ҳужум тайёргарлигига оид батафсил махфий маълумотлар ҳам бор.