Линклар

Шошилинч хабар
04 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:13

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

20:15 17.4.2023

Словакия ваъда қилинган 13 та МиГ-29 қирувчи учоқларининг барчасини Украинага берди

Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги маълум қилди. Вазир Ярослав Надга кўра, “учоқлар қуруқлик орқали, мумкин қадар хавфсиз тарзда етказилган ва бу жуда муҳим ва мураккаб логистика амалиёти бўлган”.

Аввалроқ Польша ҳам Украинага тўртта МиГ-29 учоғини берган ва яна олтита учоқ етказиб беришни режалаётганини билдирган эди. Шунингдек, Германия Польшага собиқ ГДР захираларидан бешта учоқни Киевга реэкспорт қилишга рухсат бергани хабар қилинди.

Украина ҳукумати музокараларда ўз иттифоқчиларидан қирувчи учоқлар етказиб беришни илтимос қилиб келади.

20:15 17.4.2023

Белгородга зарба йўлланиши натижасида электр тармоғи ишдан чиқди

Дастлабки тахминга кўра, гап дронлар ҳужуми ҳақида бормоқда, деб ёзади Baza. Ижтимоий тармоқларда шаҳарнинг бир қисми электрсиз қолгани айтиляпти.

Белгород вилояти раҳбари Вячеслав Гладков шаҳар ва тумандаги иккита “фуқаровий объектда ёнғин чиққани қайд этилган”ини билдирди. “Жабрланганлар йўқ. Барча қутқарув хизматлари воқеа жойида, ёнғинни ўчириш ишлари давом этяпти”, деб ёзди мулозим.

Белгородга дронлар ҳужум қилгани ҳақидаги маълумот юзасидан ҳеч бир томон расмий изоҳ берган эмас. Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Курск, Брянск, Белгород вилоятларининг чегара қишлоқлари тез-тез ўққа тутилмоқда. Белгород вилоятида террорчилик хавфининг юқори даражаси ва унга қарши чора кўриш бўйича ўртача даража жорий этилган.

16 апрел куни маҳаллий маъмурлар Шебекино шаҳар округига қаровчи Новая Таволжанка ва Терезовка қишлоқлари ўққа тутилганини маълум қилди.

20:10 17.4.2023

“Зеленскийга қўнғироқ, деб токка улашди”. Херсондаги қийноқлар

Херсон шаҳри 8 ойдан зиёд Россия оккупацияси остида бўлди. Бугун оккупацияни хотирлаётганлар даҳшатли қийноқлардан гапирмоқда. Ҳикояларга кўра, шаҳар ишғол этилганидан сўнг аҳоли тинч намойишларга чиқиш билан Россия босқинига норозилик билдирган.

Россия ҳарбийлари уларни зўрлик билан, ҳатто ўқотар қуроллар қўллаб, бостирган. Кейинроқ намойишчилар бирин-кетин ғойиб бўла бошлаган.

“Маҳбусларни тик ҳолда деворга тақаб қўйишган ва қулоқларига, таносил аъзоларига сим улаб, ток юборишган. Ёнида битта аскар турган ва маҳбус оғриқдан ғужанак бўлиб қолганида дубинка билан уриб, “тек тур” дея буйруқ берган. Қийноқнинг бу усулини “Зеленскийга қўнғироқ” деб атаганлар. Ўтакетган “беодоб”лар, яъни фикридан воз кечмаган ва уларга хизмат қилишга рози бўлмаган ватанпарварлар эса “Байденга қўнғироқ” билан жазоланган. Бу “Зеленскийга қўнғироқ”нинг ўзи, фақат қийноқда сув ҳам қўлланган. Нега “қўнғироқ” деб аташган, биласизми? Чунки электр симининг бир учи эски ҳарбий дала телефон аппаратига уланган бўларди”, дейди Андрей Коваленко, Херсон вилояти прокуратураси бошлиғи.

Украина армияси шаҳарни озод этганидан кейин, Россия ҳарбийлари уларни қамаб қўйиб, қийноққа солгани, хусусан ухлатишмагани, ток билан азоблашгани ва оч қолдиришгани маълум бўлди. Бундай қийноқхоналардан тўртта бўлган.

“Бизни ҳаво айланмайдиган ертўлада сақлашган эди. У ерда 5 киши: уч йигит ва икки қиз бўлганмиз. Электр чироқ кечаю кундуз ёниқ турарди. Кимдир уни ўчиришга журъат қилса, эрталабгача боши узра стул кўтарган ҳолда тик туришга мажбур қилишарди. Чунки видеокамера бор эди. Камера “кўзи тушмайдиган” бир бурчакка 5 литрли баклажка қўйиб, ўшанга ҳожат қилишимизга тўғри келди. Бетон устида устимизга қоп ёпиб, ухлардик. 36 ёшимда буйракдан ажраб қолмайин, деб қўрқардим. Чунки касал бўлсанг даволашмасди, ўлиб кетганинг билан ишлари йўқ эди уларнинг”, дейди тутқунликда сақланган украиналик аёл.

17:29 16.4.2023

Украина Россияда асирликда бўлган 130 аскарини қайтариб олди

Россияда асирликда бўлган 130 нафар ҳарбий Украинага қайтди. Бу ҳақда Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак маълум қилди.

“Улуғ Пасха муносабати билан асирлар айирбошланди. Бизникилардан 130 киши қайтмоқда. Айирбошлаш бир неча кун давомида ва бир неча босқичда амалга оширилди. Ҳарбийлар, миллий гвардиячилар, денгизчилар, Давлат махсус транспорт хизмати ходимлари... Бахмут, Соледар, Запорожье ва Херсон йўналишларида асирга тушган оддий аскарлар ва сержантлар. Бизникилар уйларига қайтишмоқда”, деб ёзди Ермак.

У украинлар ҳаёти мамлакат учун энг қийматли нарса эканини урғулади.

“Қаҳрамонлар тирик бўлмоғи керак” – президент Владимир Зеленский доим шундай дейди, бизнинг жамоа – ҳарбий асирлар масалалари бўйича координация штаби эса унинг топшириқларини бажармоқда. Бизга: “Ҳамма одамларимизни қайтаринглар”, деб топшириқ берилган. Ва биз қайтаряпмиз”, дея қўшимча қилди Ермак.

Россия томони асир айирбошлаш бўйича изоҳ берганича йўқ.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG