S-300 зенит-ракета тизимларидан зарбалар
Ўтган сутка мобайнида Россия ҳарбийлари Запорожье, Комишувах ҳамда Снигуривка шаҳарларига S-300 зенит-ракета тизимларидан 25 марта зарба берган ва 42 марта ҳаводан ҳужум қилган.
Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари бош штаби ўзининг кундалик ҳисоботида маълум қилди. Украина томонига кўра, аскарлар кун давомида рус қўшинларининг 60 дан ортиқ ҳужумини қайтарди. Аммо, катта йўқотишларга қарамай, қарши тараф Донецкнинг Лиман, Бахмут, Авдивка ва Маринка шаҳар ва қишлоқларига ҳужум қилишда давом этмоқда.
Бахмут ва Авдивка бир неча ойлардан бери шиддатли жанглар маркази бўлиб қолмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги «Вагнер» ёлланма гуруҳи жангчилари Бахмутдаги яна иккита ҳудудни эгаллаб олганини даъво қилди.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Владимир Путинга Тинч океан флоти томонидан ўтказилаётган ҳарбий-денгиз машғулотлари ҳақида ҳисобот берди:
“Мудофаа кучларимиз биз учун устувор аҳамиятга эга. Биринчи навбатда, бу Донбас минтақасидаги халқимизни ва янги ҳудудларимизни ҳимоя қилиш билан боғлиқ масала. Ҳеч ким бизга Тинч океанидаги флотни ривожлантиришни тўхташ кераклигини айтмаган. Бошқа флотлар билан ҳам шу каби машғулотлар олиб бориш керак. Флотимизнинг баъзи таркибий қисмларидан ҳар қандай турдаги можароларда фойдаланиш мумкин. Буни эътиборга олишингизни сўрайман”.
Путин тезкор текширувлар Россиянинг Тинч океанидаги флоти юқори шайликка эгалигини кўрсатгани ҳамда Украина Россия учун устувор аҳамиятга эгалигини айтди. Ҳарбий машғулотлар Хитой мудофаа вазири Ли Шанфу Москвага ташрифи чоғида ўтказилмоқда.
Путин: Хитой билан ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилдик
17 апрель куни Россия президенти Владимир Путин Москвада Хитой мудофаа вазири Ли Шанфуни қабул қилди.
«Ҳурматли жаноб вазир, сизни кўрганимдан жуда хурсандман. Сиз Россияга буюк дўстимиз, менинг дўстим, Хитой Халқ Республикаси раиси, Си Цзинпиннинг ташрифидан сўнг келдингиз. Ташриф жуда самарали бўлганини яна бир бор таъкидламоқчиман. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни ҳам муҳокама қилдик», деди Владимир Путин.
Пекин расмийлари ўтган ҳафта Лининг Москвага бориши ва мудофаа расмийлари билан учрашишини билдирган эди. Бироқ ўшанда Путин билан учрашув ҳақида маълум қилинмаган. Хитой раҳбари Си Цзинпин ўтган ой Москвада Путин билан учрашганди.
Москва Украинага уруш бошлаганидан бери Россия ва Хитой иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий алоқаларини янада мустаҳкамлашга киришди. Киев расмийлари Россия Украинада фойдаланаётган қуролларда Хитойга тегишли таркибий қисмлар топилаётганини маълум қилган. Хитой эса Россияга ҳарбий ёрдам бераётганини бир неча бор рад этган.
“Урушдан кўра тинчлик ҳақида гапиришни афзал кўрадиган” етакчилар
Бразилия президенти Луиз Инациу Лула да Силва тинчлик ўрнатиш учун Россия-Украина урушига алоқадор бўлмаган давлатлар гуруҳини тузишни таклиф қилди.
У жорий ҳафта бошида хитойлик ҳамкасби Си Цзинпин билан ҳам бу масалани муҳокама қилганини айтди:
«Украинда тинчлик ўрнатиш жуда қийин. Путин тўхташ учун ташаббус кўрсатмайди, Зеленский ҳам бу ташаббусини ўз зиммасига олмайди. Европа ва АҚШ уруш давом этишига ҳисса қўшмоқда. Менимча, бир стол атрофида ўтириб, «бўлди, музокараларни бошлайлик» деб айтадиган вақт келди”.
Осиёга сафарини якунлаган Бразилия президенти, “урушдан кўра тинчлик ҳақида гапиришни афзал кўрадиган” етакчилар гуруҳини йиғишга уринаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, бу етакчилар қаторида ХХР раиси Си ва БАА президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаёнлар бор.
АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия Украинага бостириб кирганидан бери Украинани қурол-яроғ билан таъминлаб келмоқда. Хабарларга кўра, шу йил бошида Германия Бразилиядан ҳам қурол етказиб беришни сўраган, бироқ Лула рад этган. Бу орада, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Бразилияга ташрифи ҳам кутилмоқда.
Германия Украинадаги муҳтамал ҳарбий жиноятларга оид 337 та хабарнома олди
Ушу маълумот Бундестаг депутати Гюнтер Крингс Федерал ички ишлар вазирлигига сўров жўнатганидан сўнг ошкор бўлди: жиноий полиция идораси Украинада содир этилган муҳтамал ҳарбий жиноятларга доир 337 та хабарнома олинганини билдирган.
Хабарномалар украиналик қочқинлардан ҳам, фуқаролардан ҳам келган.
Крингснинг сўровига жавобда Германия Украинада содир этилган ҳарбий жиноятлар бўйича далиллар тўплаётган украин терговчиларига техник кўмак кўрсатиш мақсадида суд-тиббий экспертиза ашёлари харид қилиши ва етказиб бериши қайд этилган.