Украинадан Ўзбекистонга 360 тонна олма борди
EastFruit таҳлил марказига кўра, Россиянинг давом этаётган ҳарбий тажовузи, мураккаб ва қиммат логистика ҳамда украиналик фермерлар дуч келаётган кўплаб қийинчиликларга қарамай, 2023 йил январь ойида Украина Ўзбекистон бозорида энг йирик олма етказиб берувчи давлат бўлди.
2023 йил январь ойида Украинадан Ўзбекистонга олма экспорти 360 тоннага етди ва урушдан олдинги 2022 йил январдаги кўрсаткичдан 24 фоизга ошди. Энг қизиғи, январь ойида Украина олмалари Эрон, Молдова ва Туркия олмаларини Ўзбекистон бозоридан чиқариб юборди.
Бу мамлакатлардан Ўзбекистонга олма етказиб бериш мос равишда 2 - 4 баробарга қисқарган. Украина 2022 йил декабрь ойида Ўзбекистонга 274 тонна олма экспорт қилган бўлса, ноябрь ойида арзон маҳаллий олмалар бор пайтда 39 тонна олма етказиб берган.
2022 йилнинг февраль-апрель ойларида Украинадан Ўзбекистонга олма экспорти энг юқори чўққига етди. Мазкур уч ой ичида Украина Ўзбекситонга 1500 тоннадан ортиқ олма сотишга эришган.
Кипр банки россияликларнинг ҳисобларини ёпишини билдирди
Кипрнинг энг йирик банки – Bank Of Cyprus Россия фуқароси бўлган мижозларига уларнинг ҳисобварақлари ёпилиши ҳақида хабарномалар йўллай бошлади.
Бу ҳақда, Кипрда турли хизматлар кўрсатувчи Main Partner Trust ширкатига ҳавола берган ҳолда Forbes журнали хабар қилди. Ушбу маълумотни нашрнинг банк соҳасидаги манбаси ҳам тасдиқлаган.
Банк мижозларига юборилаётган хатларда уларнинг ҳисобварақлари икки ой ичида ёпилиши билдирилиб, бу фойдаланувчи маълумотлари “ўз мижозингни бил” қоидасига мувофиқ эмаслиги билан изоҳланмоқда.
Main Partner Trust аниқлик киритишича, банк россиялик мижозларига нисбатан бундай йўл тутаётгани сабабларидан бири Россиянинг солиқ резиденти мақоми бўлиши мумкин.
Шунингдек, Россиядаги санкцияга учраган бизнесдан даромад олиш (масалан, сакцияга йўлиққан ширкатлар масофадан ишловчи ходимларига тўлайдиган иш ҳақлари ва дивидендлар), шунингдек “ноодатий” яшаш рухсатномаси (“ташрифчи” визаси) ёки Кипрга “рақамли кўчманчи” визаси билан келиш ҳам ҳисобварақни ёпишга асос бўлиши мумкин.
Ҳисобварақ ёпилиши билан боғлиқ муаммога нафақат Bank Of Cyprus мижозлари, балки Hellenic Bank ва Alpha Bank хизматларидан фойдаланувчилар ҳам дуч келишмоқда, деб ёзади Forbes.
“Россия ТВда Украина ва Ғарбга адоватнинг чеки йўқ”
Собиқ Латвия ташқи ишлар вазири Марис Риекстиниш қарийб олти йил Латвиянинг Россиядаги элчиси бўлиб ишлаган.
У мамлакатга 2017 йилда келган ва Украинада уруш бошланганидан сўнг Россия билан Латвия дипломатик муносабатлар даражасини пасайтириши ортидан 2023 йил январда у ерни тарк этган.
Собиқ дипломат Россия давлат каналларида кенг кўламли пропагандага илк бор дуч келганида карахт аҳволга тушганини айтади:
“Украинага ва, умуман Ғарб мамлакатларига нисбатан адоватнинг чеки йўқ эди. Улар шунақа сўз ва ибораларни қўллашардики... Мен ҳайратга тушдим! Кунларнинг бирида россиялик ҳамкасблар ва Россия жамияти вакиллари билан учрашганимда улардан сўрадим: “Бу нимаси? Шу аҳволда қандай яшаб бўлади?” Чунки онгли равишда халққа адоват уруғини сочишлари мен учун мутлақо тушунарсиз ҳол эди! Биласизми, нима деб жавоб беришди? “Нима қиласан кўриб? Бу кўрсатувлар нормал одамлар учун эмас”. Сўзма-сўз бўлмаса ҳам, ҳарқалай жавоб мазмуни шунақа эди. Россиянинг кенг кўламли агрессив пропагандаси ҳар соатда, ҳар куни муттасил одамларнинг қулоғига қўяверди, қўяверди. Оқибатини бугун кўриб турибмиз: Россия жамиятидаги жуда кўпчилик Кремлнинг босқинчилик сиёсатини қўлламоқда”.
“Бу замбаракларнинг “мерседеси”
Бир неча ойдирки, украин ҳарбийлари фронтнинг энг қайноқ участкаларида британияликлар енгил артиллериясидан фойдаланишмоқда.
Ироқ урушида яхши ном қозонган замбаракларнинг модернизация қилинган янги “авлоди” эндиликда Бахмут остонасида ўт пуркаяпти.
Украин ҳарбийлари улардан жуда ҳам хурсанд: камшовқин, тезотар, у ёқдан бу ёққа кўчириш ҳам қулай, дейишади.
Энг асосийси – тўплар ўта аниқ уради: шу боис ҳам, айни тоифадаги эски совет қуроллари билан таққослаганда снарядни беш баравар кам сарфлайди.
“Бу замбаракларнинг “мерседеси”. Ниҳоятда аниқ уради. Совет тўплари билан солиштирганда, ер билан осмончалик фарқ бор. Эски тўпларга нишонни йўқ қилиш учун 20-30 та снаряд керак бўлса, бунга 5-7 донаси кифоя. Актив-реактив снардлар ҳисобига 19 километргача масофага қўлимиз етяпти. Советлардан қолган Д30 тўплари эса энг узоғи 15 километрга отади”, дейди украин аскари.
Буюк Британия Киевга L119 тўпларини етказиб бериши ҳақида ўтган йилнинг май ойида маълум қилган эди. Кузда украин аскарлари Германияда ушбу қуроллардан фойдаланиш бўйича тайёргарликдан ўтишди.
Тўплар Украина шарқига бир неча ой муқаддам етиб келди. Улардан бири Бахмут яқинида жанг қилаётган 80-десант-штурм бригадаси ихтиёрига берилган.
Артиллериячи Александр Украинага душман бостириб киришидан олдин ҳам жанг қилишга улгурган. Уруш бошланган пайтда у хизматдан бўшаб, хусусий мактабда ишлаётган эди.
Шу тариқа Александр иккинчи марта фронтга йўл олади. “Россия билан катта уруш бўлишига ҳеч қачон шубҳа қилмаганман, шунинг учун хотиржам эдим”, дейди у.
Аскарлар Бахмут остонасида душманнинг яна қанча кучи қолганини билмасликларини айтадилар:
“Ҳозир штурмларни давом эттиришяпти, биз буни “гўшт билан штурм қилиш” деймиз. Тузукроқ техникалари қолмаган. Уларнинг тактикаси бундай: 10 кишилик гуруҳни ҳужумга ташлашади, кўпини йўқ қиламиз, гуруҳдан бир-икки киши жон сақлаб қолади ва бир неча соатдан сўнги янги гуруҳ жўнатилади. Яна бир нечтаси омон қолади ва шу зайлда қадам-бақадам олдинга силжишмоқда”.
Александр уруш чўзилишидан ва охир-оқибат музлатилган можарога айланишидан хавотирда:
“Умидни йўқотмаслик ва ҳамиша маъно-мантиқ излаш жуда муҳим. Энг оғири ҳам шу бўлса керак, – дейди у. – Бекорга қон тўкмаётганимизни, кураш куч ва ресурс талаб қилишини унутмайлик. Акс ҳолда уруш жуда узоқ давом этади. Бу уруш бир йил олдин бошланмади, балки 300 йилдан бери бўляпти. Орқага йўл йўқ, фақат олға интилишимиз лозим”.