Уруш сарсон қилган Саша
12 ёшли Саша урушдан олдин ойиси ва синглиси билан Мариуполда яшарди. Болакай уларни кўрмаганига бир йил бўляпти. Қаерда эканликларини ҳам билмайди.
Россия фильтрация лагерида она-болаларни бир-бирларидан айиришган. Сашанинг ўша тинч ҳаётдан қолган ягона нарсаси – бувисининг “Инстаграм” саҳифасидаги оилавий фотосуратлар.
“Кўзимга ўқ парчаси кириб, Ильич заводи госпиталида ётганимда асирга олиб, аллақаерга олиб боришди. Қанақадир ангарга келдик, совуқ эди. Ҳаммамизни тинтишди. Кейин ойимни икки соат сўроққа тутишди. Шундан сўнг Болалар ишлари деган хизмат ходимлари келиб, мени ойимдан тортиб олишди. Хайрлашгани ҳам қўймадилар”, дейди Саша.
Болакай Россия оккупация қилган Донецк шаҳридаги касалхонага жўнатилади. У ерда Саша палатадошидан телефон сўраб олиб, Черниговда яшовчи бувиси Люда холага қўнғироқ қилади. Аёл қизи ва набираларини дараклаб юрган эди.
Люда хола қўлида набираларининг ҳужжатлари бўлмагани учун каловланиб қолади. Икки ой югуриб-елиб зарур қоғозларни йиғади, васийлик ҳужжатларини тайёрлайди. Сўнгра, одамлар “душман қўлидаги ҳудудга борма” дея огоҳлантиришганига қулоқ солмай, набирасини олиш учун Донецкка равона бўлади.
“Бир неча юз чақирим Донецкка бориш учун бешта мамлакатдан ўтдим, беш минг километр йўл босдим. Касалхонани бир амаллаб топдим. Роса тихирлик қилишди, албатта. “Сизларда уруш бўляпти-ку, отишяпти-ку”, дейди биттаси. Нима бўпти? Менинг болам сенларга нима керак, дедим. Ахийри беришди. Бормасам, интернатга топшириб юборишарди. Аммо вақтида операция қилинмагани учун болагинамнинг бир кўзи ожиз бўлиб қолгани чакки бўлди”, дейди Люда
Люда холанинг қизи, Сашанинг ойиси Снежана Козлова асирлар рўйхатида қайд қилинган, лекин қаерда сақланаётгани номаълум. Ўтган бир йилдан у ва жажжи Викадан дом-дарак бўлмади.
Россия кучлари Бахмут шаҳрига ҳужумларни кучайтирмоқда
Украина чегара хизмати Бахмутда рус қўшинларига қарши жанг қилаётган украин ҳарбийлари акс этган кадрларни намойиш қилди.
Рейтерс кадрлардаги бинолар сунъий йўлдош тасвирлари билан мослигини тасдиқлашга муваффақ бўлди. Бироқ, видео тасвирга олинган санани мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Агар рус қўшинлари Бахмутни қўлга киритса, Донецк вилоятидаги икки йирик шаҳар - Краматорск ва Словянск томон олдинга силжиш учун имкон бўлади.
Сеул Украинага қурол бериши мумкин
Жанубий Корея президенти Юн Сук Ёл Украина агарда кенг миқёсли фуқаролик ҳужумига учраса, гуманитар ва иқтисодий ёрдамдан ташқари бошқа ёрдамни кенгайтириши мумкинлигини айтди.
Бу эса Жанубий Кореянинг Украинани қуроллантиришга қарши позицияси ўзгарганини кўрсатади. Жанубий Корея президенти АҚШга расмий давлат ташрифи олдидан Рейтер агентлигига интервьюсида бу ҳақида гапирди.
Юн Сук Ёл унинг ҳукумати Жанубий Корея худди 1950-53 йиллардаги Корея уруши пайтида халқаро ёрдам олгани каби Украинани мудофаа қилиш ва тиклашда ёрдам бериш масаласини ўрганаётганини маълум қилди:
«Агар тинч аҳолига қарши кенг кўламли ҳужум, қирғин ёки уруш қонунларининг бузилиши сингари халқаро ҳамжамият қабул қила олмайдиган бирор вазият бўлса, биз фақат гуманитар ва молиявий ёрдам билан чекланмаймиз».
Сеул бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Украинага қурол-яроғ етказиб беришни таклиф қилди.
АҚШнинг асосий иттифоқчиси ва йирик артиллерия ўқ-дорилари ишлаб чиқарувчиси ҳисобланмиш Жанубий Корея, ғарб давлатларининг қурол-яроғ етказиб бериш бўйича босими кучайганига қарамай, Россияда фаолият юритаётган компаниялари ва Москванинг Шимолий Кореяга таъсири туфайли Россия билан зиддиятдан қочишга ҳаракат қилди.
Лавров: Венесуэла билан ўртамизда кун тартиби жуда тиғиз
Венесуэла президенти Николас Мадуро Каракасдаги Мирамар ҳукумат саройида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди.
Учрашувда Лавров Мадурога Россия президенти Владимир Путин юборган ҳужжатлар солинган папкани топширди.
венесуэлалик ҳамкасби Иван Гил билан учрашувдан сўнг, икки давлат бошқа соҳалар қатори энергетика, инвестиция, савдо ва молия соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди:
"Венесуэла билан ўртамизда кун тартиби жуда тиғиз. Кўплаб амалий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биз буни бугун ҳам батафсил муҳокама қилдик. Бу ҳамкорлик мустақил миллий иқтисодиёт асосларини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ғарблик ҳамкасбларимиз билан бўлгани каби инжиқлик ва шантажга асосланмаган”.
Венесуэла Путин ўзига яқин оладиган иттифоқчи давлатлардан ҳисобланади. Венесуэла президенти Мадуро Россия ва Украина ўртасидаги можарода Россия раҳбарини қўллаб-қувватлаган.
Москва АҚШнинг Венесуэла ҳукумати ва давлат муассаларига санкцияларидан сўнг юзага келган инқирозда Мадурони қўллаб-қувватлаб келади.