АҚШда ишланган Patriot зенит-ракета тизимлари Украинага етиб борди
Бу - 15-20 километр баландлик, 20 километргача радиусда ҳаводан келаётган нишонни аниқ ура оладиган қудратли тизимдир. Бунга қадар Германия ҳам ўзида мавжуд Patriot зенит-ракета тизимларини Украинага берган эди.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг босқинидан бери илк марта Киевга борди ва бу сафари билан альянс Украинанинг қарши ҳужумга тайёргарлигини дастаклашини билдирди. Столтенберг Киевдаги марказий майдонда урушда ҳалок бўлган украиналик аскарлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди ва вайрон қилинган Россия ҳарбий техникаларини кўздан кечирди.
Айни пайтда, АҚШда ишлаб чиқарилган Patriot зенит-ракета тизимлари Украинага етиб боргани хабар қилинди. Украина Мудофаа вазири Алексей Резниковга кўра, узоқ кутилган мазкур тизим воситасида шаҳарлар ва инфраструктураларни вайрон қилаётган Россия ҳарбий самолётларидан Украина осмонини жуда яхши ҳимоя қилиш мумкин бўлади.
Иттифоқчилар Украинага етказиб берилган мазкур тизим уларнинг ғалаба учун қўшган янги ҳиссаси экани, яъни бу қуроллар бўлажак контрҳужумларда Украинанинг қудратини оширишга қаратилганини айтмоқда.
Украина мудофаа вазири АҚШ, Германия ва Нидерландияга кўрсатилган ёрдам учун миннатдорчилик билдирди.
Вазир қайси давлат қанча ракета тизимини етказиб берганига оид маълумотларни очиқламади. Аввалроқ Германия Украинага Patriot бергани маълум қилинган эди.
Алексей Резников биринчи марта Вашингтондан 2021 йилнинг августида, яъни Россиянинг Украинага босқинидан беш ой олдин ва Россия Қримни аннексия қилганидан етти йил ўтгач, Patriot тизимлари беришни илтимос қилганини ҳам айтаркан, ўшанда Вашингтон бу илтимосга рад жавоби берганини ҳам эслатди.
Украина ҳарбийлари Patriot тизимини бошқариш машғулотларидан ўтган. Бу тизимни бошқариш учун битта батареяга 90 нафар аскар керак бўлади.
АҚШ президенти Украинага 325 миллион доллар ёрдам эълон қилди
АҚШ президенти Жо Байден Украинага 325 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилганини эълон қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Ҳарбий ёрдам HIMARS ялпи ўт очиш тизимлари учун ракеталар, артиллерия снарядлари, танкка қарши миналар, ўқотар қурол патронлари ва бошқа жанговар воситалар, шунингдек қўриқлаш жиҳозларини ўз ичига олади.
Россия Украинага кенг миқёсда бостириб кирганидан бери АҚШнинг Киевга хавфсизлик соҳасида кўрсатган ёрдами ҳажми 35 миллиард доллардан ошди. АҚШ ҳукумати Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашга тайёрлигини урғулаб келади.
Киев: қўшинларимиз қарши ҳужумни бошлаган
Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр, Украина қўшинлари фронтда қарши ҳужум ҳаракатларини аллақачон бошлаб юборган, шу жумладан Бахмут мудофаасида ҳам, деб баёнот берди:
“Қарши ҳужум ҳақида тор маънода гапириш тўғри эмас. Зеро, бу ҳозирда қуролли кучларимиз амалга ошираётган турли ҳаракатлар ва чора-тадбирларнинг улкан мажмуидир. Қарши ҳужум энг аввало одамларни ҳам мудофаа, ҳам ҳужумга тайёрлашга қаратилган комплекс ҳаракатлар, дегани. Буларнинг барчасини қарши ҳужум чоралари деб аташ мумкин”.
Унга кўра, қўшинларни қарши ҳужумга шайлаш доирасида техника ва аскар захираларини шакллантириш, бир нечта ҳаракат режасини ишлаб чиқиш лозим. Украина қўмондонлигида бир нечта режа мавжуд ва, Россия армияси ҳозирлик кўришга улгурмаслиги учун тез орада улардан бири танланади.
Анна Маляр Бахмут мудофаасини, шунингдек фронтнинг бошқа йўналишларида бўлаётган жангларни ҳам қарши ҳужум ҳаракатларига қўшиш мумкинлигини айтмоқда:
“Бугунги кунда қўшинларимиз Бахмут, Марьинка, Авдеевка ҳамда Лиман каби тўрт асосий йўналишда россияликларни муваффақиятли тўхтатмоқда. Яъни, Украина армияси душман ҳужумларини даф этяпти – буни ҳам қарши ҳужум ҳаракатларига қўшиш мумкин”.
Украина разведкаси раҳбари Кирилл Будановга кўра, украин ҳарбийлари қарши ҳужуми режа бўйича кетмоқда. Бош вазир Денис Шмигал эса, Украина ҚКнинг муҳтамал қарши ҳужуми баҳорда бошланиши мумкинлигини билдирди.
АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари Россия украин армиясининг Запоржье ва Херсонга ёриб киришидан қўрқади, шу боис ҳам қўшимча мудофаа иншоотларини қурмоқда, деб ҳисоблайди.
Юртига қайтган релокантлар
Россия армияси Украина тупроқларига бостириб кирган 2022 йил 24 февраль санасидан бери юз минглаб россияликлар ўз юртини тарк этишди. Кимдир сафарбарликдан қочди, кимдир ишидан айрилмаслик учун кетди, яна кимлардир шунчаки ён қўшниси билан уруш қилаётган мамлакатда яшашни хоҳламади.
Кетганларнинг аниқ сони маълум эмас: уларнинг аксари Россиянинг чет элдаги консулликларида қайддан ўтишмайди ва бир мамлакатда узоқ қолишмайди, бинобарин, у ерда яшаш рухсатномасини олишмайди.
Константин Пермь шаҳрида яшайди. Касби – дизайнер. У урушни қоралайди, бироқ Россияни кузда – Путин сафарбарлик эълон қилиб, фронтга жўнатилиш хавфи пайдо бўлганидагина тарк этган. Константин қўшни Қозоғистонга жўнади: ижарага уй олди, банкда карта очтирди. Лекин бир неча ой ўтгач Пермга қайтишга қарор қилди.
“Ота-онам кексайиб қолишган, уларга қаров керак. Кетсам бўлади, албатта. Аммо ҳамиша улардан алағда бўлиб, яхши юришганмикан, ҳолларидан биров хабар олдимикан, дея қийналиб юришни истамайман. Сафарбарлик эълон қилинганида бу босқинчиликда қатнашишни, бетайин ғояларни деб ўзга юртга урушга жўнашни хоҳламаганларнинг бари Россияни тарк этди. Жумладан мен ҳам, – дея ҳикоя қилади Константин. – Ўз давлатимиздан, ҳукуматимиздан нимани кутишни билмаймиз: шунақа мураккаб пайтларда оғир қарор қабул қилишга мажбур бўламиз. Лекин мен биринчи галда сафарбар қилинадиганлар сирасига кирмасам керак, чунки десант қўшинларида хизмат қилмаганман, жанговар тажрибам ҳам йўқ”, дейди Константин.