ЕИ янги санкциялар пакетида Россия орқали юкларни транзит ташишга доир тақиқларни кенгайтиради
Европа Иттифоқи янги санкциялар пакетида Россия орқали юкларни транзит ташишга доир тақиқларни кенгайтиради. Бу ҳақда янги санкция таклифлари билан таниш аноним манбаларга таянган ҳолда Bloomberg хабар қилмоқда.
Тахминларга кўра, Россия орқали учинчи мамлакатларга юк ташиш бутунлай ман этилмайди, чекловлар эса қатор технологиялар ҳамда техника турларига тааллуқли бўлиши кутилмоқда.
Bloomberg ёзишича, Польша, Эстония ва Литва ЕИдан Россия ҳарбий-саноат комплекси, авиация ва космик тармоқларида қўлланиши мумкин бўлган юкларнинг Россия орқали ташилишини буткул тақиқлашни талаб қилишмоқда. Бу юкларнинг номма-ном рўйхати очиқланмаган.
Аввалроқ Россия билан чегарадош Европа мамлакатларининг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси сезиларли даражада ошгани журналистик суриштирувлар орқали аниқланган эди. Экспертлар фикрича, Россия тақиқланган товарларни учинчи мамлакатлар орқали олиб, Ғарб санкцияларига чап бераётганини билдиради.
Россия ТИВ “жавоб” тариқасида немис дипломатларини бадарға қилишини билдирди
Германиядаги Россия элчихонаси ходимлари “оммавий” бадарға қилинаётганига “жавобан” Россия немис дипломатларини мамлакатдан бадарға қилади. Бу ҳақда Россия ТИВ сайтида маълум қилинмоқда.
Шунингдек, Россия ТИВ Россиядаги Германия дипломатик ваколатханалари ходимлари сонини сезиларли даражада қисқартирмоқчи эканини билдирди. ГФРнинг Россиядаги элчиси Андреас фон Гайр мазкур қарор ҳақида 5 апрель куни ТИВда бўлган суҳбат чоғида расман хабардор қилинган.
Германия ТИВ Россиянинг “жавоб чораси” ҳақидаги баёнотини “маълумот учун қабул қилган”ини билдирди.
Кейинроқ Россия ТИВ вакили Мария Захарова мамлакатдан 20 дан ортиқ немис дипломатлари бадарға қилинаётганини айтди. РИА Новости давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, Берлинни тарк этаётган россиялик дипломатлар сони ҳам 20 нафардан ортиқ. Айни чоғда BILD газетаси Россия мамлакатдаги тахминан 90 нафар немис дипломатидан 34 нафарини бадарға қилаётгани ҳақида ёзди.
Deutsche Welle радиоси хабарига кўра, бугун эрталаб Берлинга Москвадан Ил-96-300 транспорт учоғи учиб борган. Журналистлар Flightradar24 парвозларни кузатиш сайтида пайдо бўлган ушбу маълумотни “ваколатли манба”дан тасдиқлатиб олганларини айтишмоқда.
Аввалроқ Германиянинг Focus нашри расмий Берлин гўёки “ўз мақомидан сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва илмий маълумотларни олишда фойдаланиб келган” 30 нафар россиялик дипломатни бадарға қилмоқчи экани ҳақида хабар берган эди.
Украина томон йўл олган олтита испан “Леопард” танки Сантандер портидан чиқиб кетди
Украинага йўл олган олтита Испаниянинг Леопард 2А4 танки ва 20 М114 зирҳли транспортёри 21-апрел, жума куни Испания шимолидаги Сантандер портидан жўнаб кетди.
Рейтерс кадрларида Леопард танклари ва БТРлар Голландия байроғи остидаги Bore Wave юк кемасига юкланганини кўриш мумкин.
Кема Полшага ҳарбий техника етказиб беради, у ердан Украинага ўтказилади.
Мудофаа вазири Маргарита Роблес шу ой бошида Испания Украинага жами 10 та Леопард 2А4 танкини юборишини айтди ва қуролли кучлар қолган тўрттасини таъмирлаётганини қўшимча қилди.
Испания шимоли-шарқидаги Сарагоса шаҳридаги ҳарбий базада укариналик 40 нафар танк экипажи ва 15 нафар механикни ҳам ўқиди.
НАТОнинг бошқа давлатлари, жумладан Германия, Полша ва Португалия Украинага жами 48 та Леопард 2 танкини жўнатишга ваъда берган.
Зеленский Россияга қарши янги санкциялар киритилганини эълон қилди
Кеча Украина президенти Владимир Зеленский «Россия агрессиясига сармоя киритаётгани» айтилган юзлаб компанияларга қарши янги санкциялар ҳақида эълон қилди.
Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида Россия армияси учун қурол ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 322 компания санкциялар рўйхатига киритилганини билдирди.
Владимир Зеленский, Украина президенти
«Россия атом саноатига қарши глобал чеклов чоралари бошлангани муҳим. Бу саноат тажовузкор давлат буджетини бойитиш билан бир қаторда гўёки »энергетика"номи билан ядровий лойиҳалар амалга оширилаётган бошқа давлатларни ҳам Россияга қарам қилади. Кремль учун ҳар қандай энергия бу қуролдир”, деди Украина президенти Зеленский.
Зеленский «Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берган, ҳамда Украина эркинлигини йўқ қилишда иштирок этаётган» бир қатор жисмоний ва юридик шахслар ҳам санкциялар рўйхатига киритилганини қўшимча қилди.