Лавров: Биз буни унутмаймиз ва кечирмаймиз
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишига йўл олган Россия делегациядаги журналистларига виза бермаганидан норозилигини билдирди.
Лавров «Биз буни унутмаймиз ва кечирмаймиз», деди.
Россия расмийлари америкалик журналистларга ҳам шундай муносабат қилиниши ҳақида огоҳлантирди. АҚШ Давлат департаменти махсус виза сўровлари бўйича маълумот бера олмаслигини айтиб, вазиятга муносабат билдирмади.
«АҚШ БМТ штаб-квартираси тўғрисидаги қонунга кўра, БМТга мезбон давлат сифатида ўз мажбуриятларини, жумладан виза бериш бўйича мажбуриятларига жиддий ёндашади», деди АҚШ Давлат департаменти вакили.
«Улар бизнинг жиғимизга тегишга ҳаракат қилмоқда. Бу эса Вашингтондаги ҳамкасбларимизга нафақат ишониб бўлмаслигига, балки уларни эшитишдан ҳам маъни йўқлигига яна бир исбот. Сўнгги бир неча кун ичида мазкур масала юзасидан уларга бир неча марта мурожаат қилдик. Шунга қарамай, натижани кўриб турибсиз. Ваҳоланки, улар бизни визалар исталган кун, исталган дақиқада берилишига ишонтиришди. Бироқ буларнинг бари қип-қизил ёлғон бўлиб чиқди. Бу кўзбўямачиликнинг АҚШга ҳеч қандай нафи бўлмайди», деди Россия ТИВ ўринбосари Сергей Рябков.
Дунёда 2022 йилги жами ҳарбий харажат рекорд рақамга етди
Дунёнинг ҳарбий харажатлари 2022 йилда рекорд нуқтага – 2 триллион 24 миллиард долларга етган. Стокҳолм тинчлик муаммоларига доир тадқиқот институти (SIPRI) ҳисоботида шу ҳақда сўз боради.
Ҳисоботга кўра, харажатлар ортишининг асосий омилларидан бири бу Россиянинг Украинага босқинидир. Россия ҳарбий сарф-харажатлари миқдори бўйича АҚШ ва Хитойдан сўнг учинчи ўринни эгаллаган.
2022 йилда мамлакатнинг ҳарбий харажатлари 9,2 фоизга ортиб, 86 миллиард долларни ташкил этган. Ва ушбу сумма Россия бюджетида назарда тутилганидан 34 фоизга кўп, дея қайд этмоқда ҳисобот муаллифлари.
Украинанинг ҳарбий харажатлари эса бир йил давомида 640 фоизга кўпайиб, 44 миллиард долларга етган. Бу SIPRI томонидан қачондир қайд этилган энг кескин ўсишдир.
НАТО мамлакатлари бирга йил бўйи 1 триллион 200 миллиард доллар сарфлаган – бу 2021 йилги кўрсаткичдан 0,9 фоизга кўп. АҚШнинг ҳарбий харажатлари 877 миллиард доллар ёки бутун дунё ҳарбий эҳтиёжларига сарфланган маблағнинг 39 фоизини ташкил этган.
Украина уруш бошидан бери 40 фоизгача қирувчи учоқларини йўқотган
Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигининг яқинда сиздирилган махфий ҳужжатларига таянган ҳолда The Economist хабар қилмоқда. Нашр маълумотига кўра, Украина 60 та жанговар реактив учоқларидан айрилган, сафда қолган учоқлари сони 80 га яқин.
Айни чоғда Россиянинг қарийб 500 та учоғи борлигига урғу берилган. The Economist мақоласида айтилишича, Украинага Польша ва Словакия берган совет “МиГ-29” қирувчилари парвоз қила олмайдиган аҳволда бўлиб, украин ҳарбийлари улардан эҳтиёт қисмлар манбаи сифатида фойдаланишмоқда.
Аввалроқ Словакия ҳукумати айрим учоқлар уруш бошланишидан олдин уларга техник хизмат кўрсатиш учун келган россиялик мутахассислар томонидан қасддан шикастланган бўлиши мумкинлигини билдирган эди.
Европада «ҳашамат ичида яшаётган» рус мулозимининг собиқ хотини
Якшанба куни Парижда Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш халқаро фонди (ФБК) томонидан уюштирилган пикетда бир неча ўн киши иштирок этди.
Пикетчилар яқинда ФБК суриштирувига мавзу бўлган тадбиркор Светлана Маниовичга Европа санкциялари қўлланишини талаб қилишди. Суриштирув муаллифларига кўра, Маниович Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановнинг собиқ хотини бўлиб, ўтган йилнинг августида у билан шунчаки номига ажрашган.
Иванов Мудофаа вазирлиги мулкларини ва қурилиш секторини бошқаради. Хусусан, босиб олинган Мариуполдаги қурилиш ишларига раҳбарлик айнан унга юклатилган. Ғарб мамлакатлари Ивановнинг Украинага қарши урушдаги ролини тўғри баҳолаб, унга нисбатан санкциялар жорий этганди.
ФБК суриштирувида айтилишича, Светлана Маниович “ҳашамат ичида яшайди”, қимматбаҳо жавоҳирлар, мўйналарга эгалик қилади, “Роллс-Ройс” автомобилида юради, шунингдек Сан-Тропеда ойига 150 минг еврога ижара олинган кошонада истиқомат қилади. Аёл Францияда Исроил паспорти билан яшамоқда.
“Россия мудофаа вазирининг муовини Украинада одамларни ўлдириб, шунинг орқасидан пул ишлаётган пайтда унинг хотини Европада умргузаронлик қиляпти”, дея таъкидланади суриштирувда. Навальний сафдошларига кўра, 2022 йилнинг март ойида – Мариупол штурм қилинаётган пайтда Маниович Францияда ҳузур қилиб юрган. Яқинда аёлни бадавлат кишилар дам оладиган Куршевел тоғ курортида кўрганлар.
Бир неча кун олдин Навальний сафдошлари мухолифатчининг Россия қамоғидан озод этилишини талаб қилиб дунёнинг бир қанча шаҳарлари, жумладан Берлин, Нью-Йорк, Лос-Анжелес, Барселона ва Лиссабонда акциялар ўтказишди.