Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:29

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

18:30 24.4.2023

Вайронага айланган Бахмут учун шиддатли жанглар давом этмоқда

Украина ҳимоячилари Бахмутдаги стратегик позицияларини ушлаб туришда давом этмоқда, деб баёнот берди украин томони.

Украина расмийлари қарши ҳужумни бошлаш учун кўпроқ қурол-аслаҳа кераклигини айтади. Парламент депутати Саша Устинова, Украина қурол-яроғ етишмаслиги сабабли апрелда бошланиши кутилган қарши ҳужумни номаълум муддатга қолдиришга мажбур бўлганини хабар қилди.

Россия томони эса, Бахмут йўналишида рус қўшинлари олдинга силжимоқда, деб баёнот берди. Ўтган 24 соат мобайнида Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бешта дрон, ҲАЙМАРС ва Ураган баравар ўт очувчи тизимларидан учирилган ўнта ракетани уриб туширди, дея маълум қилди Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари рус позицияларига саккиз марта зарба бергани ҳақида хабар берган эди. Кеча Россия Мудофаа вазирлиги Бахмут ғарбий қисмидаги икки туман эгаллади, деб билдирди. «Вагнер» ширкати раҳбари Евгений Пригожин эса, шаҳар тўлиқ вагнерчилар назоратига ўтди, деб иддао қилди.

Озодлик уруш шароитида бу зиддиятли хабарларни мустақил равишда тасдиқлаш имконига эга бўлмаётир.

18:29 24.4.2023

Зеленский: бир неча муҳим “халқаро воқеалар”га ҳозирлик кўряпмиз

Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг кундалик видеомурожаатида ички вилоятлардаги тинчликнинг ҳар бир куни фронтдаги қақшатқич жанглар эвазига қўлга киритилаётганини айтаркан, буни қадрига етишга чақирди:

“Деярли ҳар куни ҳамкорларимиз билан мулоқотлар бўлмоқда, дипломатларга зарур топшириқлар берилмоқда. Ҳар куни кенгашяпмиз, фикр алмашяпмиз, учрашувлар ўтказяпмиз. Ушбу ҳозирлик ишларига жалб қилинган барчага миннатдорлик билдираман. Уларнинг меҳнати аксар ҳолларда жамоатчилик назаридан четда бўлади. Ва бу зотан тўғри. Аслида ҳам шундай бўлиши керак”, дея қўшимча қилди Украина президенти”.

Зеленский, шунингдек, Украинага “кўпроқ сабот” ҳамда “кўпроқ қурол” бериши мумкин бўлган бир неча муҳим “халқаро воқеалар”га ҳозирлик кўрилаётганини маълум қилди.

18:28 24.4.2023

Столтенберг: НАТО Украинага имкони борича кўпроқ қурол етказиб бермоқда

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг НВ телеканалига берган эксклюзив интервьюсида Россия қўшинларига қарши ҳужумни қачон бошлаш - Киевнинг ихтиёрида, деб баёнот берди:

“НАТО Украинага имкони борича кўпроқ қурол аслаҳа етказиб бермоқда. Бу аллақачон жанг майдонларида иш берганига гувоҳ бўлдик. Жумладан украин қўшинлари ўз жасорати ва биз юборган ҳарбий техникалар ёрдамида Херсон ва Харковни озод қилганини кўрдик. Украинанинг бу галги қаpши ҳужуми ҳам муваффақиятли бўлишига ишончим комил. Яна бир муҳим масала, НАТО Украинани аъзо сифатида қабул қилишга тайёр. Бироқ ҳозирги асосий эътибор Украинанинг урушда ғалаба қозонишига қаратилган. Албатта, Украина альянсга эркин мустақил давлат сифатида кириши керак, бусиз иложи йўқ”.

Айни пайтда НАТО раҳбари, шу кунга қадар Украина қўшинларининг чекланган имконлар билан жангда эришган ютуқлари ва НАТОнинг жараёндаги ҳозирги иштироки инобатга олинса, Украинанинг ғалаба қозонишига ишончи комиллигини қўшимча қилди.

18:27 24.4.2023

Хитой собиқ СССР таркибида бўлган барча мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилади

Хитой собиқ СССР таркибида иттифоқдош республикалар бўлган барча мамлакатлар суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади.

Бугун Пекинда ўтказилган брифингда Хитой ТИВ вакили Мао Нин шундай баёнот берди. У Хитой СССР парчаланганидан сўнг собиқ совет республикалари билан дипломатик алоқалар ўрнатган илк мамлакатлардан бири эканини урғулади. Мао Нин Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шайнинг катта резонанс чиқарган баёнотига изоҳ берди.

Франциянинг La Chaîne Info телеканалида қилган чиқишида Хитой элчиси Лу Шай “Қрим аввалданоқ Россияга тегишли ҳудуд эди. Уни кейинроқ Хрушчёв Украинага тортиқ қилган”, деди.

Журналистнинг халқаро ҳуқуқ Қрим Украинага тегишли эканини тамсил этади, деган эътирозига эса Лу Шай постсовет давлатлари халқаро ҳуқуқда ҳеч қандай мақомга эга эмас, негаки “уларнинг суверен давлат сифатидаги мақомини аниқлаштирадиган халқаро шартнома йўқ” деб билдирганди.

Латвия, Литва ва Эстония ташқи ишлар вазирлари бу баёнотни кескин қоралади, Болтиқбўйи давлатлари буни Хитой Украинада тинчлик ўрнатиш учун воситачи бўла олмаслигига яққол далил бўлди, деб баҳолади. Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутассадиси Жозеп Боррель эса “ЕИ бу фикрлар Хитойнинг расмий позициясини англатмайди, деб умид қила олади холос”, деб баёнот берди.

Париждаги Хитой элчисининг сўзлари Хитойнинг расмий позициясини тамсил қиладими, йўқми, деган саволга жавобан Хитой Ташқи ишлар вазирилиги вакили, Пекиннинг расмий позицияси Ташқи ишлар вазирилиги расмий баёнотларида акс этишини айтди.

Мутахасислар фикрича, постсовет давлатлари мақомини аниқлаштирувчи бундай ҳалқаро шартномага эҳтиёж мавжуд эмас. Чунки СССР тарқалгани ортидан ҳар бир республика ўз суверенитетини эълон қилган, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ва БМТ аъзолигига қабул қилинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG