Украина урушида асосий жанггоҳлар ўша-ўша: Бахмут, Авдеевка, Марьинка
Ўтган суткада Украина қўшинлари ҳануз энг қақшатқич жанглар бўлаётган Бахмут, Авдеевка ва Марьинка йўналишларида Россия армиясининг 36 ҳужумини қайтарди, дея маълум қилди Украина ҚК Бош штаби 25 апрел оқшомидаги хабарномасида.
25 апрелда Купянск шаҳри (Харьков вилояти) маркази ўққа тутилиши натижасида 54 ва 57 ёшли икки аёл нобуд бўлиб, 10 киши яраланди – улардан 4 нафари шифохонага ётқизилган.
Россия шаҳар марказига С-300 русумидаги иккита ракета билан зарба берган эди. Ҳужум натижасида ўлкашунослик музейи биноси вайрон бўлди.
Украина жанубида – Запорожье ва Херсон вилоятларида қарийб 30 та аҳоли маскани артиллерия ва ракета зарбаларига тутилди. Қурбонлар ва жабрланганлар тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.
Мамлакатнинг шимоли-шарқида – Суми ва Чернигов вилоятларида чегара яқинидаги Коренёк ва Леоновка қишлоқлари уч марта миномётдан ўққа тутилди.
Германия ҳарбий-ҳаво кучлари: Болтиқ денгизида Россиянинг 3 самолёти тўхтатиб қолинди
Германиянинг Luftwaffe авиакомпаниясининг хабар беришича, транспондер сигналларисиз учаётган Россиянинг учта ҳарбий самолёти Болтиқ денгизи устидаги халқаро ҳаво ҳудудида тутиб олинган.
Германия ва Буюк Британия ҳавога Eurofighter самолётларини кўтарган. Аниқланишича, Россиянинг 2 та Су-27 қирувчи самолёти ва битта Илюшин Ил-20 самолётини халқаро ҳаво ҳудудида ҳаракатланаётган бўлган.
Шу ой бошида Германия НАТОнинг Болтиқбўйи ҳаво полицияси миссиясини Британияга топширди. Литва, Латвия ва Эстониянинг ўз қирувчи самолётларига эга эмас, шу сабабли ҳам НАТО иттифоқчилари у ердаги ҳаво ҳудудини ҳимоя қилишга масъул.
Россиянинг Икки стратегик бомбардимончи самолёти Норвегия сувлари устида ҳаракатланди.
Россия Мудофаа вазирлиги Иккита Ту-160 стратегик бомбардимончи самолёти Баренц ва Норвегия денгизининг нейтрал ҳудудида 14 соатлик парвозни амалга оширганини маълум қилди.
“Парвоз давомида самолётлар ҳавода ёқилғи қуйишни машқ қилди. Қирувчи эскортга МиГ-31 самолётлари ёқилғи қуйди", дейилади Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Россия ОАВ: Вагнер гуруҳи Бахмутда олдинга силжиди
«ИЗВEСТИЯ» мухбири Алексей Полторанин Бахмутдаги жанглар ҳақида видеорепортаж тайёрлади. Убилан суҳбатдашган россиялик ҳарбийлардан бири бундай дейди:
«Кўриб турганингиз мана бу уйларни Вагнер гуруҳи жангчилари айни дақиқаларда озод қилмоқда. Украина томонидан ўт очилаётганини ҳам эшитишимиз мумкин”.
Бахмут учун кураш урушнинг энг қонли жангларидан бирига айланди. Бахмут шаҳри аёвсиз жанглар натижасида деярли буткул вайрон бўлган.
Украина жангарилари ҳар бир уйга ёпишиб олишяпти, шундай эмасми, деган мухбирнинг саволига, жангчи:
“Улар ҳар бир уйга ёпишган демаган бўлардим, тиш-тирноғи билан қаршилик қилмоқда”, дейди рус ҳарбийси.
Рейтерс рус ОАВлари тарқатган хабарни тасдиқлай олмади.
«Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин ўз қўшинлари Бахмутнинг 80 фоизини назорат қилаётганини даъво қилган. Киев эса ўз кучларини Бахмутдан олиб чиқмоқчилиги ҳақидаги даъволарни бир неча бор рад этган.
Украина ҳарбийлари Бахмут яқинида душман позицияларини гаубицалардан ўққа тутмоқда
Мариуполлик Сергей исмли ҳарбий ўз бўлинмаси биринчи навбатда рус техникаларини йўқ қилишга эътибор қаратишини айтади.
«Пиёда аскарларни йўқ қилишдан кўра, душман техникаларини йўқ қилган афзал. Миномётни йўқ қилиш икки ёки учта душман жангчисини ўлдиришдан фойдалироқ. Аммо ҳужум бўлинмамиз олдинга ўтганда имкон қадар кўпроқ душман аскарларини йўқ қилиш асосий вазифа бўлади. Шунда улар ортга чекинади. Ва ҳужум бўлинмамиз уларнинг позицияларини эгаллаб олишига имкон пайдо бўлади», дейди украин ҳарбийси Сергей.
Россия кучлари Бахмутда олдинга ўтганини даъво қилди. Украина эса шаҳар бўйлаб фронт чизиғини ушлаб турганини таъкидламоқда.
Рейтерс ҳар икки томоннинг жанг майдони ҳақидаги хабарларни тасдиқлай олмади.