Украина ҳужумга, Россия мудофаага ҳозирланмоқда
Украинанинг босиб олинган Полоҳи шаҳри яқинидаги танкга қарши хандақлар 30 кмга қадар чўзилган. Ҳандақлар «аждаҳо тишлари» деб аталган баррикадалар билан мустаҳкамланган.
Ундан орқада эса Россия қўшинларининг мудофаа хандақлари жойлашган.
Cаpella Space томонидан олинган сунъий йўлдош тасвирларида кўринадики, мудофаа тўсиқлари Украина шарқидан Қримгача чўзилган Россия истеҳкомларининг бир қисми.
Рейтерс агентлиги фронт чизиғидаги минглаб мудофаа позицияларининг сунъий йўлдошдан олинган суратларини кўриб чиқди. Суратлар Запорожье вилояти ва Қрим ярим оролига кириш чизиқлари энг қаттиқ ҳимояланганлигини кўрсатмоқда.
Ҳарбий экспертларнинг таъкидлашича, бу мудофаа чизиқлари Украинанининг қарши ҳужумини қийинлаштириши мумкин.
«Улар Украинанинг ҳаракатини чеклашга ҳаракат қилмоқда. Бундай вазиятда украин қўшинлари рус мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, ҳарбий машиналарини қирғоқ чизиғига ёки орқа ҳудудларга тезлик билан олиб ўтишга ҳаракат қилишади. Россия мудофаа чизиқларининг узунлиги ва кенглиги буни олдини олишга мўлжалланган», деди Миддлебури халқаро тадқиқотлар институти тадқиқотчиси Жон Форд.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, мудофаа чизиғи 120 км га қадар чўзилган.
Пригожин: Украинанинг қарши ҳужуми муқаррар
Россиянинг «Вагнер» ҳарбий ширкати раҳбари Евгений Пригожин Украина «муқаррар» қарши ҳужумга тайёрланаётганини айтди.
Пригожин ўз Телеграм-каналида эълон қилган мурожаатида Россия хавфсизлик тузилмасини яна бир бор танқид қилди.
"Украина армияси ҳужум бошлаб, бизни қанотлардан узиб қўйишга тўлиқ шай. Ҳеч ким қанотларимизни ёпгани йўқ. Украинани Бахмутга ҳарбий заҳираларини кириитиши олдини олингани ҳақидаги гапларнинг бари бўлмағур. Россия армияси бирорта ҳам ўқ уза олмаяпти. На уларга на бизга ўқ дори етказиб берилмаяпти. ўқ дори етказиб бермаганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида буйруқ чиқарилди. Илгари ҳам айтганимдек, ўқ-дорилар омборларда ётибди. Бунга масъул нопоклар урушда ҳалок бўлганларнинг оналари олдида жавоб бериши керак. Чунки бирга беш нисбатда қурбонлар беряпмиз. Ўқ-дори етишмаслиги сабабли бинога ҳужум вақтида битта эмас, беш нафар аскарни йўқотяпмиз. Украинанинг ҳужуми муқаррар. Россияда ўқ дори заҳираси мавжуд. Бироқ, ҳужум ва ҳимояни кучайтиришимизга йўл беришмаяпти”, деди "Вагнер" раҳбари Пригожин.
У шунингдек, Вагнер қўшинлари Украинанинг шаҳарни қайтариб олишга бўлган ҳар қандай уринишини тўхтатиш учун қўлидан келганини қилади, деб айтди.
Россия ва Украина ҳарбий асирлар алмашди
Украина маҳбуслар алмашинуви доирасида 44 нафар украин ҳарбий асирларини Россия асирлигидан озод қилди.
Украина давлат хавфсизлик хизмати озод қилинган украиналик ҳарбий асирлар акс этган тасвирларни тарқатди.
Рейтерс кадрлар санаси ва жойлашувини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Андрей Ермак 42 нафар аскар ва икки нафари тинч аҳоли асирликдан қайтарилганини, улардан баъзилари қийноқлар пайтида жароҳат олганини қайд этди.
Томонлар ўн беш ойдан бери мунтазам равишда маҳбуслар алмашинувини амалга ошириб келади.
Россия Мудофаа вазирлиги Украинадан қайтарилган 40 нафар россиялик ҳарбий хизматчилар акс этган видеони эълон қилди.
«Озод қилинганларнинг барчасига зарур тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда», — деди Россия мудофаа вазирлиги
Зеленский Си Цзин Пин билан бўлиб ўтган суҳбати ҳақида гапирди
Украина президенти Владимир Зеленский Украина ва Хитой ўртасидаги муносабатларига «янги туртки бериш учун имконият борлигини» айтди:
"Бугун мен Хитой раҳбари билан гаплашдим. Бу узоқ ва жуда мазмунли суҳбат бўлди. Одатда бундай мулоқот имкониятларни очади, дейишади. Ҳозир Украина ва Хитой ўртасидаги муносабатларимизга янги куч бағишлаш имконияти мавжуд. Хитойнинг сиёсий таъсиридан тинчликка асосланган тартибни тиклашда фойдаланиш имконияти мавжуд”.
Зеленскийнинг қўшимча қилишича, «тинчлик»ни тиклаш бўйича етакчиларнинг фикрлари суҳбатнинг муҳим қисми бўлган.
Зеленский мулоқотни давом эттиришга келишиб олганликларини таъкидлади.