Путин рус паспорти олмаган украинларни депортация қилмоқчи
Ўтган йили Россия паспорти берилганлар орасида 43 фоизни яъни қарийб 300 минг киши собиқ украиналиклар ташкил қилади. Эндиликда бу рақам янада кўпайиши мумкин.
Боиси Путин босиб олинган ҳудудларда Россия фуқаролигини қабул қилмаган украинларни депортация қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Фармонга асосан, аннексия қилинган ҳудудларда яшаётган Украина фуқаролари Россия паспортини олиши ёки расман бундан бош тортиши мумкин. Россия фуқаролигини қабул қилишдан бош тортганлар 2024 йилнинг 1 июлидан чет эл фуқароси ҳисобланади.
Вагнерчилар Бахмутдан чекинмоқчи
Россия ўтган ёздан бери Бахмутни қамал қилиб, жуда катта йўқотишлар эвазига кичик ютуқларни қўлга киритди.
Россиянинг “Вагнер” ҳарбий ширкати жангчилари Бахмутни эгаллаш ҳаракатларида асосий куч сифатида ҳаракат қилиб келмоқда.
Бироқ ўтган ҳафта «Вагнер» гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин агар ўқ-дори таъминоти ҳал этилмаса, ўз қўшинларини Бахмут шаҳридан олиб чиқиб кетишии маълум қилди.
Пригожин Вагнер жангчиларининг Бахмутдан чиқиши шарқий фронт чизиғи бўйлаб Россиянинг мағлубиятига олиб келишидан огоҳлантирди.
Урушга қаршилар рус паспортидан айрилади
Президент Владимир Путиннинг янги қарори Россия паспортига эга ўзбекистонликларни мушкул вазиятга қўйиши мумкин.
Путин Россия паспортини олганларни мамлакат армиясини “обрўсизлантирганлик” ва уруш ҳақида “фейклар” тарқатганлик учун фуқароликдан маҳрум этиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Россия Федерацияси Конституциясига мувофиқ, Россия ҳудудида туғилган кишини фуқароликдан маҳрум қилиш мумкин эмас. Бироқ, агар фуқаролик туғилган ери билан боғлиқ равишда олинмаган бўлса, уни бекор қилиш имкони бор.
Сўнгги йилларда Россия фуқаролигини қабул қилганлар орасида марказий осиёликлар, хусусан, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролари ҳам кам эмас. Ҳозирча уларнинг аниқ сони маълум эмас.
Бахмутда “гўшт қиймалагич” жанглар кетмоқда
Бахмут ҳануз фронт чизиғининг «энг қийин нуқтаси» бўлиб қолмоқда.
Украина кучлари Бахмутга олиб борадиган асосий таъминот йўлини назорат қилаётганини билдирди.
Россия кучлари 10 ойдан бери шаҳарни тўла эгаллашга уринмоқда. Томонлар Бахмутдаги жангларни “гўшт қиймалагич” га қиёсламоқда.
Шаҳардаги ҳар бир уй, мавзе учун аёвсиз жанглар кечмоқда.
Украинанинг шарқий округи матбуот котибининг билдиришича, «ҳаёт йўли» деб аталган Часив Ярдан Бахмутгача бўлган 17 километрлик йўл ҳали ҳам Киев назорати остида.
Уруш шароитида томонлар маълумотларини Озодлик мустақил манбалардан тезкор текшириш имконига эга эмас.