Сирский: Бахмутни ушлаб турибмиз
Россия Украина позицияларига яна муваффақиятсиз ҳужумларни уюштирган.
Украина қуролли кучлари Бош штабининг 2 май кунги ҳисоботида айтилишича, Донецкда сўнгги 24 соат ичида украиналик ҳимоячилар Россиянинг 41 та ҳужумни қайтарган. Ҳужумларнинг аксарияти Бахмут-Авдиивка-Маиинка йўналишида бўлган..
Россия, шунингдек Украина жанубини, хусусан, Херсон вилоятининг озод қилинган ҳудудларига ҳужумларни кучайтирган. Вилоят ҳарбий маъмурияти бошлиғи Александр Прокудин сўнгги 24 соат ичида 71 та шундай ҳужум бўлганини маълум қилди.
Украина айни пайтда Россия армиясининг Бахмутдаги энг жанговар бўлинмаларини йўқ қилди, деб билдирди 2 май куни Украинанинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони генерал-полковник Александр Сирский Телеграмдаги расмий каналида эълон қилинган видеода.
"Биз барча кутилмаларга қарамай, Бахмутни ушлаб турибмиз. Захираларимизга тайёргарлик кўриш имкониятини берамиз ва кейинги ҳаракатларга тайёрланяпмиз”, деди Сирский.
Украина шарқидаги шаҳар учун 10 ой давом этган жанг ҳар икки томон учун ҳам рамзий аҳамиятга эга. Бахмут Украинадаги урушнинг таянч нуқтасига айланган.
Душанба куни Сирский Украина бўлинмалари шиддатли жанглар пайтида Бахмутдаги баъзи позициялардан рус қўшинларини сиқиб чиқарганини айтди, Россиянинг "Вагнер" гуруҳи эса унинг бўлинмалари Бахмутда бир кунда 86 жангчисини йўқотганини билдирди.
Оқ уйнинг 1 май куни маълум қилишича, декабр ойидан бери Россия 100 минг аскарини, жумладан Бахмут ва Украина шарқидаги бошқа ҳудудларни назорат қилиш учун олиб борилган жангларда 20 мингдан ортиғи ҳалок бўлган.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши воизи Жон Кирбининг айтишича, декабр ойидан бери ҳалок бўлганларнинг деярли ярми Вагнер гуруҳи ёлланма аскарлари бўлиб, уларнинг аксарияти қамоқдан озод қилинган ва Россия жангига қўшилган маҳкумлардир.
Янги рақамлар сўнгги ойларда Россиянинг йўқотишлари тезлашганини кўрсатмоқда. Ноябр ойида АҚШ қуролли кучлари бирлашган штаби бошлиғи генерал Марк Милли урушнинг дастлабки саккиз ойида 100 мингдан ортиқ рус аскари ҳалок бўлгани ёки яраланганини айтган.
Украина бош қўмондони генерал Валерий Залужний 1 май куни Миллий билан телефон орқали гаплашган ва уни фронт чизиғидаги вазият ҳақида маълум қилган ва уни “қийин, аммо назорат остида” деб таърифлаган.
У, шунингдек, Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш ва қуролларни ўз вақтида етказиб бериш зарурлигини таъкидлаган.
Путиндан Африкага келмаслик сўралди
Жанубий Африка Республикаси ҳукумати Россия президенти Владимир Путиндан жорий йилнинг август ойида Дурбан шаҳрида ўтказилажак БРИКС саммитига келмасликни илтимос қилди. Бу ҳақда Sunday Times нашри ўз манбаларига таянган ҳолда хабар бермоқда.
Газета маълумотига кўра, бу Халқаро жиноят суди Путинни қамоққа олишга ордер бергани билан боғлиқ.
“Бизда Путинни ҳибсга олишдан бошқа чора қолмайди. Агар у бу ерга келса, ушлашга мажбурмиз”, деган Жанубий Африка Республикаси ҳукумати вакилидан иқтибос келтирган Sunday Times.
Апрель ойи охирида Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса иқтидордаги “Африка миллий конгресси” партияси Халқаро жиноят суди юрисдикциясидан чиқишга қарор қилганини эълон қилган эди. Аммо эртасигаёқ президент канцелярияси “хатолик” бўлганини, Халқаро жиноят судидан чиқишни режаламаётганини ва халқаро ҳуқуқни бир хилда ва изчил қўллаш кампаниясини давом эттиражагини билдирди.
Кремлнинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Россия саммитга таклифнома олган, аммо президентнинг Дурбан анжуманида иштирок этиши бўйича бир қарорга келинганича йўқ.
Жорий йилнинг март ойида Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путин ҳамда болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Улар Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда айбланмоқда.
Украина омбудсмени: Жонингизни сақлаш учун рус паспортини олинг
Украина омбудсмени оккупация қилинган ҳудудларда қолган украинларга Россия фуқаролигини олишни маслаҳат берди. Унинг фикрича, Путиннинг янги фармони Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларидан одамларни депортация қилишни эмас, балки уларни жиноий таъқибга олиб, тутқун фуқаролар ҳисобига “асир айирбошлаш фонди”ни тўлдиришни назарда тутади:
“Мен уларга Россия паспортини олишни, яъни жонларини сақлаб қолишни маслаҳат берган бўлардим. Энг муҳими шу. Одамларимизга жисмоний босим бўлаётганини тушуниб турибмиз. Шундай экан, паспортни олиб, тирик қолиб, бизникилар ҳудудни озод этишини кутганлари маъқул. Кейин эса Россия паспортидан расман воз кечиб, нормал ҳаётга қайтишлари мумкин бўлади – ҳозирда шу тўғрида зарур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда”.
Омбудсмен Украина ҳукумати мажбуран паспорт беришни ҳарбий жиноят деб ҳисоблашини, бироқ паспорт олишни жиноят деб тан олмаслигини қўшимча қилди.
“Путин урушни Сталин каби олиб бормоқда”
Урушни ўрганиш институти (ISW)нинг бугунги ҳисоботида Украинадаги Россия қўшинлари олий қўмондонлигидаги лавозим алмашувларга баҳо берди.
Институт экспертларига кўра, Путин урушда тез ғалаба қозонишига ишонган ва ғалабани ўз хизмати деб кўрсатиш мақсадида босқинга умумий раҳбарлик қилиши учун қўмондон тайинлашни истамаган. Экспертлар буни Иккинчи жаҳон уруши йилларида Иосиф Сталин ва Георгий Жуков ўртасида кечган қарама-қаршиликка менгзайдилар. Яъни, Путин бирон генерал уруш ортидан катта обрў қозонишини хоҳламаган.
Бироқ тез ғалаба қилиш умиди пучга чиққач, қўшинларга қўмондон тайинлашга тўғри келди. Путин 2022 йилнинг 8 апрелида Александр Дворниковни бош қўмондон этиб тайинлар экан, унга 9 май – Ғалаба кунига қадар Донецк вилоятини батамом ишғол этиб, ягона қўмондонлик тизимини яратиш вазифасини топширади. Дворников вазифани уддалай олмай, бир ярим ой деганда бўшатилди. 26 майда унинг ўрнини Геннадий Жидко эгаллади. Кейинчалик бу ролга Герасимов тайинланди.
Қўмондонлар бирйўла икки ролни ижро этишди: Украинадаги Россия қўшинлари гуруҳини бошқариш билан бирга ўз ҳарбий округларига раҳбарлик қилишни давом эттиришди, яъни энг катта ҳарбий бошлиқ эмас, балки “тенглар орасида биринчи” мақомида қолишди.
Экспертлар хулосасига кўра, Путин бир тарафдан генералларга ҳокими мутлақликни бериб қўйишни истамагани, айни чоғда муваффақиятсиз командирларни лавозимини кўп ҳам туширмасдан четлатиш ва кейин, зарур бўлганда яна тиклашга имкон қолдиришни кўзлаб шундай кадрлар сиёсатини юритган. Бунақа бошқарув услуби деярли бутун олий қўмондонликка нисбатан татбиқ этилган.