The Insider: Петербургда “мардлик дарслари”ни ўқувчиларга неонацистлар ўтмоқда
Санкт-Петербургда ва Ленинград вилоятида интернатлар, махсус мактаблар ва билим юртларининг юзлаб ўқувчилари «мардлик дарслари» ва “дам олиш кунларининг машғулотлари” деб аталадиган ҳарбий тайёргарлик бўйича машғулотларда иштирок этди. The Insider нашрининг билдиришича, машғулотларни уюштирганлар ўзларининг неонацистик нуқтаи назарини яширмайдиган шахслардир.
Нашр ўқувчилар билан бевосита икки нафар неонацист машғулотлар ўтказишини аниқлаган. Улар «Ульфер» лақабли Владимир Бакин ва «Питбуль» лақабли Михаил Турканов. Бу икки шахс Украинадаги урушда иштирок этган. Турканов 2012 ва 2017 йилларда одам ўғирлаш ҳамда товламачиликда айбланиб қамоқда жазо муддатини ўтаган.
The Insider суриштирувида болалар билан машғулот ўтаётган яна бир неча киши Украинадаги урушда иштирок этаётган «Русич» отрядига алоқадор экани аниқланган. «Русич» қўмондонлиги нацизм мафкураси тарафдори эканини яширмайди.
Дания Украинага 250 млн долларлик ҳарбий ёрдам йўллайди
Дания Украинага 1,7 миллиард крона (250 миллион доллар) миқдорида ҳарбий ёрдам тақдим этади. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Троэльс Лунд Поульсен маълум қилди.
Ёрдам пакети доирасида Дания Украинага минадан тозалаш учун машиналар, ўқ-дори, дала кўприклари ва ҳавога қарши мудофаа воситаларини топширади. Мудофаа вазирлиги хабарномасида бугунги кунда бу Дания томонидан Киевга берилаётган энг йирик ҳарбий ёрдам пакети экани ва украиналиклар ҳужумини дастаклашга қаратилгани айтилган.
Reuters хабарига кўра, вазир Поульсен Дания 2024 йилдан бошлаб Ироқдаги ҳарбий ҳозирлигини қисқартириш, бунинг ўрнига мудофаа салоҳиятини Болтиқбўйи мамлакатларига йўналтиришини ҳам билдирган. Бунинг учун мамлакат минтақа мудофааси учун НАТОга ўз батальонини таклиф қилмоқчи.
Батальон 700 нафардан 1200 нафаргача аскардан иборат бўлиб, Латвияда ҳар йили тўрт ойдан олти ойгача бўлиши кутилмоқда. Бошқа вақтда эса қўшинлар, инқироз юз бергудек бўлса, Болтиқбўйи мамлакатларига ташлашга ҳозир ҳолда Данияда хизмат ўташади.
Қрим ўрнига Туркияга ҳужум қилишни тавсия этган аёл депутатликдан кетди
Зеленскийга Қрим ўрнига Туркияга ҳужум қилишни тавсия этган қозоғистонлик депутат аёл мандатини топширди.
Олмаота шаҳар кенгашига “Аманат” ҳукмрон партиясидан депутат бўлиб сайланган Анна Башинская жамоатчилик танқидига учраши ортидан ўз ваколатларини топширганини эълон қилди.
Апрель ойи охирида депутат Башинская Фейсбукдаги Deutsche Welle пости остида изоҳ қолдириб, Зеленскийга Қрим ўрнига Туркияга ҳужум қилишни тавсия этган эди. Тармоқлардаги кескин танқидна сўнг, депутат аёл изоҳини ўчириб ташлади ва кечирим сўради.
Аввалроқ Қозоғистондаги бошқа депутат, Азамат Абильдаев Озодликнинг қозоқ хизматига берган интервьюсида Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлашини эътироф этган, шундан кейин у “Ақ жўл” партияси сафидан чиқарилган эди.
Қозоғистон расмийлари Россиянинг Украинага бостириб киришини дастаклашмаган, бироқ қораламаганлар ҳам. Кузатувчилар қозоқ расмийлари Украинага қарши босқинчилик урушини олиб бораётган Россияга ҳарбий-саноат комплекси учун зарур бўлган электрон компонентларни “кўра-била туриб” реэкспорт қилаётганини айтишмоқда. Остоналик мулозимлар эса урушда Россияга ёрдам кўрсатаётганларини рад этишяпти.
Россияни агрессор деб атовчи резолюцияни Хитой ҳам имзолади, лекин Ўзбекистон овоз беришдан тийилди
Хитой БМТ Бош Ассамблеясининг Украинага бостириб кириши муносабати билан Россия агрессор давлат деб аталган резолюциясини ёқлаб овоз берди.
Илгари Хитой вакиллари бундай резолюция лойиҳалари бўйича овоз беришда бетараф қолишга мойил бўлган.
Умуман олганда, БМТ ва Европа Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги резолюцияни 122 давлат қўллаб-қувватлади. Хитойдан ташқари, Россияга дўстона ҳисобланган бир қатор давлатлар, жумладан, Қозоғистон ва Арманистон, Ҳиндистон ва Бразилия ҳам ёқлаб овоз берди.
Ўзбекистон эса ҳар доимгидек, овоз беришдан тийилди. Аввалроқ Ўзбекистон БМТга аъзо етакчи давлатлар томонидан қўллаб қувватланган Украинага Россиянинг бостириб кириши тўғрисидаги резолюциясига ҳам овоз бермаган эди.