Россиялик миллатчи ёзувчи портлашда яраланди
Таниқли россиялик миллатчи ёзувчи Захар Прилепин кетаётган автомобиль портлаши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлди, Прилепиннинг ўзи эса оғир жароҳат олди.
Терговчилар ҳибсга олган гумондор Украина номидан ҳаракат қилганини тан олди, дея хабар берди Россия расмийлари ва ҳужумда Украина ва Ғарбни айблади.
Россия давлат тергов қўмитаси ёзувчининг машинаси Нижний Новгород вилоятидаги қишлоқда портлатилганини ва бу террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланишини айтди.
Прилепин дарҳол касалхонага ётқизилган.
«Бу шунчаки бахтсиз ҳодиса эмаслиги маълум бўлди. Машина бўлаклари 30-50 метр ва ундан ҳам узоқроққа сочилиб кетган. Ҳодиса жойида чуқур ҳам ҳосил бўлган», дейди маҳаллий админстрация бошлиғи Викто Марков.
Тергов қўмитаси Александр Пермяков исмли гумондор қўлга олингани ҳақида маълумот берди.
«Украина хавфсизлик хизматига 2018 йилда ишга кирганман. 2022 йилда Захар Прилепинни йўқ қилиш мақсадида Россия Федерациясига келдим. Иккита танкка қарши мина билан масофадан портлатиш орқали ўлдиришга ҳаракат қилдим» дейди гумонланувчи Александр Пермяков.
Рейтерс бу эркакнинг шахсини ва видео тасвирга олинган санани мустақил равишда тасдиқлай олмади.
ТАСС давлат ахборот агентлигининг хавфсизлик манбаларига таяниб хабар беришича, гумонланувчи Украинада туғилган ва зўравонлик ҳамда ўғрилик айбловлари билан муқаддам судланган.
«Интерфакс» ахборот агентлиги Прилепиннинг аҳволи оғирлигини, операция қилинишини маълум қилди.
Прилепин Россиянинг Украинадаги урушини ашаддий тарғиб қилиб келган.
У Украинадаги жангларда қатнашганлиги билан мақтаниб келади. Прилепин уруш бошланганидан бери Россияда бомба билан нишонга олинган учинчи таниқли шахс бўлди.
Украина уч нафар рус учувчи асирни 45 нафар «Азов» жангчисига алмашди
Кеча Мариупол учун жангда асирга олинган 45 нафар Азов баталони жангчилари Украинага қайтарилди.
Россия эса бунинг эвазига уч нафар учувчисини Киевдан ортга қайтарди.
Маҳбуслар алмашинувининг аниқ тафсилотлари ошкор қилинмади.
Ҳарбий асирларни реабилитация қилиш маркази алмашинувдан сўнг украиналик ҳарбий асирлар экани айтилган ҳарбийлар тасвирланган видеони жойлади.
Зеленский аппарати раҳбари Андрей Ермак Азов батальонидан 42 эркак ва 3 аёл озод қилинганини маълум қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, асирликдаги уч учувчи Россияга қайтарилган ва уларга тиббий ҳамда психологик ёрдам кўрсатилмоқда.
Бахмутда қақшатқич жанглар давом этмоқда
Украина кучлари бош штаби Бахмут шаҳри ҳануз ҳарбий ҳаракатлар маркази бўлиб қолаётганини билдирди: “Бахмут ва Марьинка учун оғир жанглар кечмоқда. Атиги бир сутка ичида душман 30 дан ортиқ ҳужум уюштирди”, дейилади Бош штаб хабарномасида.
Маълум қилинишича, Россия қўшинларининг Бахмут шаҳри атрофидаги ҳужум ҳаракатлари муваффақиятсиз якунланган.
“Вагнер” ХҲШ раҳбари Евгений Пригожин гўёки снарядлар етишмовчилиги сабаблари ўз бўлинмаларини фронт ортига олиб кетишни режалаётгани ҳақида эълон қилганига қарамай Бахмут шаҳрига ҳужумлар давом этмоқда.
Украина мудофаа вазирлигига кўра, ўтган тунда Россия қўшинлари Бахмутни фосфорли ёндирувчи снарядлар билан ўққа тутган.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати раҳбари Сергей Крук пиротехниклар Херсон вилоятидаги миналанган майдонларни тозалаш чоғида ўққа тутилганини билдирди. Олти мутахассис ҳалок бўлган, икки киши яраланган.
“Террорчилар ўзлари миналаб кетган ҳудудларни тозалашга уринаётган бизнинг йигитларимизни ўққа тутиш билан халқаро ҳуқуқ меъёрларини яна оёқости қилишди”, деб ёзди Сергей Крук.
Запорожье АЭС яқинида отишмалар кучайгани сабабли аҳолини эвакуация қилиш бошланди
МАГАТЭ бош директори Рафаэл Мариано Гросси ЗАЭС атрофида давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар натижасида аҳолини эвакуация қилиш бошланди, дея хабар берди
Гроссининг таъкидлашича, МАГАТЭ экспертлари АЭС атрофидаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.
Эвакуация ҳақида бир кун аввал Запорожье раҳбари Евгений Балитский эълон қилган эди.
Балитский Украина кучлари аҳоли пунктларини ўққа тутаётгани сабабли вилоятнинг 18 ҳудудидан тинч аҳоли эвакуация қилинишини билдирган.
Биринчи навбатда ота-оналар ва болалар, қариялар, ногиронлар ҳамда касалхонадаги беморлар эвакуация қилинади, деди у.
Аввалроқ МАГАТЭ Запорожье атом электр станцияси яқинида «ҳарбий ҳаракатлар ортгани» ҳақида огоҳлантирган эди.
Гросси Украина ва Россия билан завод атрофида хавфсизлик зонасини яратиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.