Вагнер гуруҳи Бахмутда қолишини билдирди
Кеча «Вагнер» ёлланма гуруҳи раҳбари Кремль барча зарурий ўқ-дориларни етказиб бериш ваъда берганидан сўнг, ўз қўшинларини Бахмутдан олиб чиқиш режасидан воз кечганини маълум қилди.
Бир неча кун олдин Евгений Пригожин ўқ-дори етишмаслиги натижасида Вагнер «маънисиз» йўқотишларга учраётгани ҳамда Бахмутни тарк этишини билдирган эди.
«Биз ўтган кечада шу вақтга қадар биринчи марта жанговар буйруқ олдик. Бизга операцияни давом эттириш учун қанча керак бўлса, шунча ўқ-дори ва қурол-яроғ ваъда қилишди. Душман бизни таъминотдан узиб қўймаслиги учун зарурий ҳамма нарсани қанотга жойлаштирилиши ҳам ваъда қилинди», деди «Вагнер» ёлланма гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин.
Зеленский Ғалаба кунини ўтказиш тўғрисидаги фармонни эълон қилди
Владимир Зеленский Украинада 8 майни Хотира ва Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан ғалаба қозонилган кун сифатида белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини таклиф қилди:
«Бугун мен Украина Олий Радасига 8 майни Хотира ва Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган ғалаба куни сифатида белгилашни таклиф этувчи қонун лойиҳасини киритяпман. Украин халқининг Ғалабага қўшган ҳиссасини ҳеч қачон унутмаймиз. Биз украиналикларнинг бу ғалабадаги ролини, халқимиз, бугунги авлод хотирасидан ўчириб ташлашларига йўл қўймаймиз”.
Зеленский 80 йил олдин ҳам Украина «ёвузлик» билан курашганини эслатди.
“Биз ўшанда ҳамкурашганмиз ва ҳозир ҳам курашяпмиз. Токи ҳеч ким бошқа халқларни қул қилиб, бошқа мамлакатларни вайрон қилмасин. Замонавий Россия такрорлаётган барча эски ёвузликлар худди нацизм мағлуб бўлгани каби мағлуб бўлади", деди Зеленский.
Кремл Зеленский эълон қилган қонун лойиҳасига қарамай, 9-май Ғалаба кунини нишонлаш Украинада кўпчилик учун “муқаддас” эканини айтди
Кундалик брифингда Зеленскийнинг режаси ҳақидаги саволга Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков шундай жавоб берди:
“Ишончимиз комилки, Украинада кўпчилик учун бу муқаддас кун. У ерда ҳам Улуғ Ватан урушида қатнашган фахрийлар ва уларнинг яқинлари бор, улар учун бу кун муқаддас ва шундай бўлиб қолади. "
Россия учун 9-май унинг энг муҳим миллий воқеаларидан бири - Совет Иттифоқининг фашистлар Германиясини мағлуб этишда қилган улкан қурбонликларини хотирлашдир. Совет Россияси ва Совет Украинаси ҳам урушда даҳшатли қурбонлар берган.
Туркия Украинага С-400 ҲҲМ комплексларини беришдан бош тортди
Анқара Россиядан сотиб олган С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларини АҚШ илтимосига кўра Украинага беришдан бош тортди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлют Чавушўглу “Анадўлу” агентлигига маълум қилган.
Чавушўглуга кўра, Туркия С-400 билан боғлиқ таклифни миллий суверенитетга зид деб топган.
Мулозим АҚШнинг таклифларидан яна бири комплекслар бошқарувини Вашингтонга топшириш бўлганини айтмоқда.
Туркия Россия комплексларини сотиб олиш ҳақида 2017 йилда шартнома имзолаган, шартнома қиймати 2,5 миллион долларни ташкил қилади. 2019 йилда Анқара С-400 тизимлари биринчи полкини қабул қилиб олди.
АҚШ ушбу олди-сотдига кескин қарши чиқди, Дональд Трамп маъмурияти Туркияга нисбатан санкциялар жорий этди, хусусан, уни F-35 янги авлод қирувчи учоқларини ишлаб чиқариш дастуридан четлатди.
2022 йилнинг баҳорида Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб, АҚШ маъмурияти Анқарага санкцияларни бекор қилиш эвазига Россия ҲҲМ тизимларини Украинага бериш таклифи билан чиққани тўғрисида хабар қилган эди.
Украинанинг Харков шаҳрида 75 яшар япониялик кўнгилли текин кафе очди
Япониялик Фуминори Цучико нафақага чиққанидан кейин дунё бўйлаб саёҳат қиларди. Украинада уруш бошланганидан сўнг у Харковга кўнгилли бўлиб боришга қарор қилди.
«Мен Харьковга ўтган йилнинг март ойида келган эдим. Келганимдан сўнг кўп одамлар метрода жон сақлаётганини билдим. Тахминан 100-200 киши бўларди».
Фуминори етти ойча метрода яшади ва бомбардимонлардан яширинган аҳолига ёрдам берди.
«Июнь, июль, август, сентябрь, октябр, ноябр, декабр. Етти ой мен ер тагида яшадим. Украиналиклар билан бирга едим, ётдим. Мана шу ер менинг жойим эди. Шу ерда ухлардим, кир ювардим. Мана бунга эса ювилган кийимларни осардим. Қуриши қийин бўларди»
Январь ойида Фуминори Япониядаги уйини сотиб, бутунлай Украинага келди ва "Фуми кафе"сини очди. Ҳар куни 500 киши кафесидан текин тушлик олади.
Кафедаги овқатлар менюси ҳар куни ҳар хил. Одатда бу шўрва, товуқ қанотчалари ва уйда пиширилган нон ва ширинликлардан иборат бўлади.
Кафе унинг маблағи ва японияликларнинг хайр-эҳсони ҳисобидан фаолият юритмоқда.
«Яхшиямки ўзининг умрини ва вақтини қурбон қилиб чин юракдан ёрдам берадиган шундай очиқ кўнглилли ва самимий инсонлар бор. Бундай одамлар яшаш учун умид беради», дейди кафега келган украиналик аёл.