Бахмут остонасида Россия бригада командири ва корпус “замполити” ҳалок бўлди
Бахмут остонасида бўлаётган жангларда Россия армиясининг 4-мотоўқчи бригадаси командири полковник Вячеслав Макаров ҳамда армия корпуси командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари полковник Евгений Бровко ҳалок бўлди.
Украина ва Россия телеграм-каналларида пайдо бўлган ушбу маълумотни якшанба куни Россия Мудофаа вазирлиги тасдиқлади.
Одатда юқори мартабали командирлар ўлимини тан олмайдиган Россия мудофаа вазирлиги махсус хабарнома эълон қилиб, унда Макаров – Бахмутдан жануби-ғарбдаги Краснов қишлоғи ҳудудида украин ҳарбийлари ҳужумини қайтариш чоғида, Бровко эса фронтнинг бошқа учаскасида ҳалок бўлишганини маълум қилди.
Айтилишича, полковниклар шахсий таркибга раҳбарлик қилиб, “қаҳрамонларча” ҳалок бўлганлар.
Сўнгги кунларда Украина армияси Бахмут остонасида Россия қўшинлари қанотларига ҳужум қилиб, тактик ютуқларга эришаётгани ҳақида хабарлар бор.
“Вагнер” ХҲШ раҳбари Евгений Пригожин эса Россия ҳарбийлари фронт чизиғидан “қочиб кетишаётгани”ни иддао қилмоқда. У полковниклар ўлими бўйича изоҳ берганича йўқ.
Шанба куни Украинага оид қатор телеграм-каналлар Красное яқинида Россиянинг 4-бригадаси командири ва штаби бошлиғи ҳамда 2-армия корпуси “замполити” ҳалок бўлганини хабар қилган эди.
Кейинроқ ушбу маълумотни Россия армиясида жанг қилувчи блогер Андрей Морозов ҳам тасдиқади.
Украина ҳарбийлари Бахмут шаҳри атрофида янги позицияларни эгаллади
Якшанба куни Украина ҳарбийлари Бахмут шаҳридан шимолда ва жанубда айрим ҳудудларни озод қилишди. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги вакили Анна Маляр маълум қилди.
“Бугун бўлинмаларимиз Бахмутдан шимолда ва жанубда душманнинг ўнлаб позициясини ишғол эиб, Ивановск ҳудудида ўрмон массивининг катта қисмини тозаладилар. Бир қанча душман аскари асирга олинди”, деб ёзди у.
Мулозима Бахмутда қизғин жанглар давом этаётганини, бироқ шаҳарни қуршаб олиш ва ишғол этишга Россия қўшинларининг кучи етмаслигини қўшимча қилган.
Аввалроқ Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Bild газетасига берган интервьюсида Бахмутнинг озод этилиши Украина қарши ҳужумининг дебочаси бўлишини айтган эди.
Украина Бош штаби 14 майда Россия бир неча йўналишда беҳуда ҳужумлар қилганини айтди.
“Якшанба (14 май) куни Россия қўшинлари Купянск йўналишида (Харьков вилояти) муваффақиятсиз ҳужумлар олиб борди, шунингдек душманнинг Марьинка шаҳри (Донецк вилояти) атрофидаги кўпсонли ҳужумлари ҳам қайтарилди.
Айни чоғда Бахмут учун оғир жанглар давом этмоқда”, дейилади Украина Бош штабининг кунлик хабарномасида.
Бош штабга кўра, ўтган суткада Украина ҳудудига 6 та ракета зарбаси ва 27 та авиация зарбаси йўлланган, шунингдек Украина қўшинлари позициялари ва аҳоли масканлари 20 марта артиллериядан ўққа тутилган.
Россия Мудофаа вазирлиги якшанба (14 май) куни Украина армияси сўнгги 24 соат мобайнида Бахмут шаҳри ҳудудида мудофаани ёриб ўтишга “тинимсиз уринган”ини, Россия қўшинлари босим кучайишда давом этганини билдирди.
Вазирлик вакили Игорь Конашенковга кўра, Украина шаҳарнинг шимоли ва жанубида ҳужумлар уюштирган, аммо Россия мудофаасини ёриб ўта олмаган.
Reuters агентлиги Россия талқинини мустақил текшира олмади.
Бахмут учун неча ойдирки, қақшатқич жанглар кечмоқда, бу жангларда Россия ҳам, Украина ҳам катта талафотлар кўрди, бироқ томонлардан ҳеч бири ҳамон шаҳарни тўлиғича ўз назоратига олган эмас.
Москва жума (12 май) куни ўз кучлари Украина ҳужумлари натижасида шаҳардан шимолга чекинганини тан олди, айни чоғда бу Киев кўпдан бери режалаётган йирик қарши ҳужум ибтидоси экани ҳақидаги тахминлар ўзини оқламади.
Украина яқинида Россиянинг икки жанговар учоғи ва икки вертолёти уриб туширилди
Россиянинг “Коммерсантъ” ахборот агентлиги шанба (13 май) куни Украина чегараси яқинида Россиянинг икки қирувчи учоғи ва икки ҳарбий вертолёти уриб туширилганини хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Су-34 қирувчи-бомбаловчи ва Су-35 қирувчи учоқлари ҳамда Ми-8 русумли икки вертолёт ягона рейд гуруҳи ўлароқ ҳаракат қилаётган чоғида Украина шимоли-шарқий чегарасига туташ Брянск вилояти ҳудудида пистирмага тушиб, “қарийб бир вақтда уриб туширилган”.
“Дастлабки маълумотларга кўра, қирувчи учоқлар Украинанинг Чернигов вилоятидаги нишонларга ракета-бомба зарбалари йўллаши, вертолётлар эса уларга мадад бериши, хусусан, “Су”лар уриб туширилган тақдирда уларнинг экипажларини қутқариши керак эди”, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги эса ушбу ҳудудда Россиянинг С-34 ҳарбий учоғи қулаганини маълум қилди, бироқ ҳалокат сабабини очиқламади.
ТАСС иқтибос келтирган қутқарув хизмати ходимига кўра, чегарадан тахминан 40 км ичкарида бир вертолёт двигатели ёниб кетиши натижасида ҳалокатга учраган.
Агентлик хабарида Су-35 учоғи ва иккинчи вертолёт тилга олинмаган.
Аммо қарийб ярим миллион обуначиси бор “Военний осведомитель” Telegram-каналида ёйинланган видеода осмонда вертолёт портлагани ва курсдан оғиб, ёнганча ерга қулаганини кўриш мумкин.
Видеога изоҳда Ми-8 русумли ушбу вертолётга ракета теккани айтилади. Мазкур каналда эълон қилинган бошқа тасвирларда далада ётган вертолёт парчалари акс этган.
Reuters агентлиги видеодаги жой ушбу ҳудуднинг сунъий йўлдош тасвирларига мос келишини тасдиқлади, бироқ у қачон суратга олинганини аниқлай олмади.
“Коммерсантъ” ўз ҳисоботида икки учоқ ва икки вертолёт уриб туширилганига бирон далил келтира олмаган, бироқ бир нечта машҳур рус ҳарбий блогерлари айни маълумотларни тарқатишди.
Россия Мудофаа вазирлиги изоҳ бериш ҳақидаги сўровларга ҳадеганда жавоб бермади.
“Военний осведомитель” талқинича, “катта эҳтимол билан, душман ҲҲМ қурилмаларини чегара яқинига аввалроқ жойлаштириб қўйиб, пистирмада турган ва яқин масофадан авиагуруҳни уриб туширган”.
Турли хабарларда уриб туширилган вертолётлар душман радиосигналлари ва зарбани йўналтириш сигналларини бўғишга мўлжалланган Ми-8МТРП-1 радиоэлектрон кураш воситалари экани айтилади.
“Коммерсантъ” ва бошқа нашрларга кўра, тўртала экипаж ҳам ҳалок бўлган.
Россия ичкарисига бўлган ҳужумларга одатда изоҳ бермайдиган Украина бу сафар ҳам ОАВлар сўровларини жавобсиз қолдирган.
Бироқ Украина президентининг катта маслаҳатчиси Михаил Подоляк юз берган воқеани “адолатли иш... ва ёмонликнинг жазоси” деб атади.
Буюк Британия Украинага 200 километрдан ортиқ масофага учадиган юзлаб учувчисиз учоқ беради
Бу ҳақда Рейтерс Британия ҳукуматига таяниб хабар бермоқда.
"Бугун Бош вазир Буюк Британия юзлаб зенит-ракета комплекси ва қўшимча учувчисиз учиш тизимлари, жумладан, 200 км дан ортиқ масофага учадиган учувчисиз учоқларни етказиб беришни тасдиқлайди», - дея ҳукумат баёнотидан иқтибос келтиради Рейтерс.
Душанба куни ёйинланган ҳукуматнинг бу баёноти Украина президенти Владимир Зеленский бош вазир Риши Сунак билан музокаралар ўтказиш учун Лондонга келганидан сўнг янгради.
Қайд этилишича, “буларнинг барчаси яқин ойларда етказиб берилади, чунки Украина давом этаётган Россия босқинига қарши қаршиликни кучайтиришга тайёрланмоқда”.