Бахмут яқинидаги қишлоқда Россия ўқ-дори омбори портлади
Украина ҳарбийлари Бахмут яқинидаги қишлоқда Россиянинг снарядлар сақланаётган омбори портлагани акс этган дрон тасвирларини тарқатди.
Рейтерс агентлиги видеони сунъий йўлдош тасвирлари билан таққослаб портлаш Парасковивкада бўлганини тасдиқлашга муваффақ бўлди. Бироқ видео санасини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
«Қўшинларимизнинг Бахмут йўналиши бўйлаб олдинга силжиши ҳужум ҳаракатларининг дастлабки муваффақияти», деди украин генерали Александр Сирский.
Ўтган ҳафтадан бери Украина ҳарбийлари рус қўшинларини Бахмут шаҳри ва унинг атрофидан сиқиб чиқармоқда.
Лукашенко: Россиянинг 4 ҳарбий учоғи уриб туширилганидан кейин Беларус армияси юқори шай ҳолатга келтирилди
Беларус президенти Александр Лукашенко соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги гап сўзлардан сўнг биринчи марта омма олдида кўриниш берди.
У ўтган ҳафта Россиянинг Украина ва Беларус билан чегараси яқинида тўрт ҳарбий учоқ уриб туширилганини тасдиқлаб, Минск бунга жавобан қуролли кучларини юқори шай ҳолатга келтирганини билдирди:
«Ёнимизда содир бўлган ҳодиса - Брянск вилоятида тўрт ҳарбий учоқ уриб туширилганига жавоб беришга мажбурмиз. Қўшинларимизни юқори шай ҳолатга келтирдик".
Бу воқеа Украина қарши ҳужумга тайёргарлик кўраётган бир пайтда содир бўлди.
Россиянинг «Коммерсант» нашри шанба куни Брянск вилоятининг Клинтси шаҳри яқинида Россиянинг Су-34 ва Су-35 қирувчи учоғлари ва иккита Ми-8 вертолёти уриб туширилгани ҳақида хабар берди.
Уриб туширилган учоқлар Украинанинг Чернигов вилоятига ҳужум қилмоқчи бўлган.
Россия яна Киевни бомбардимон қилди
Ўтган тун давомида Украина пойтахти Киев Россия томонидан оммавий ракета ҳужумига тутилди, дея билдирди шаҳар ҳарбий администрацияси раҳбари Сергей Попко.
Унга кўра, Киевга “турли йўналишлардан бир вақтнинг ўзида дронлар, қанотли ракеталар ва тахминан баллистик типдаги ракеталар билан ҳужум қилинган”.
Попко ракеталарнинг асосий қисми уриб туширилганини маълум қилди. Киев мэри Виталий Кличкога кўра, ракеталар қолдиқлари пойтахтнинг Соломенск, Шевченко, Святошинск, Оболонск ва Дарниц туманларидан топилган. Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар тўғрисида маълумот берилмади.
Бу май ойи бошидан бери Киевга қилинган саккизинчи ҳаво ҳужуми бўлди.
Украина Қуролли Кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийга кўра, Россия МиГ-31К русумидаги олтита самолётдан олтита “Кинжал”, Қора денгиздаги Россия кемаларидан тўққизта “Калибр”, С-400, ва “Искандер-М” тизимидан учта ер усти ракетаси отган. Украин ҳарбийларига кўра, Россия “Шахед” камикадзе дронларини ҳам қўллаган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса 16-май, сешанба куни Украинага берган тунги зарбасида АҚШда ишлаб чиқарилган Патриот ракетага қарши мудофаа тизимини Кинжал гипертовушли ракетаси билан йўқ қилганини иддао қилди.
Украина уруши бўйича ўзининг кундалик брифингида вазирлик матбуот котиби Игор Конашенков тунги зарбалар Украина жанговар бўлинмалари ва ўқ-дори омборларини ҳам нишонга олганини айтди.
Украина мудофаа вазири Олексий Резников твиттердаги саҳифасида.
16 майга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари отган 18 та ракетанинг барчаси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан йўқ қилинганини иддао қилди.
"Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг яна бир ақл бовар қилмайдиган муваффақияти! Ўтган кун давомида бизнинг осмон ҳимоячилари Россиянинг олтита гипертовушли "Кинжал" ракетасини ва бошқа 12 та ракетасини уриб туширди"
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.
Лукашенко соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги миш-мишлар фонида Минскдаги тантаналарга келмади
Беларус авторитар етакчиси Александр Лукашенко 9-май куни Москвадаги парадда қатнашганидан бери беш кун давомида омма олдига чиқмади.
Якшанба куни у Минскда Беларус Давлат байроғи, герби ва мадҳияси кунига бағишланган тантаналарга келмади. Унинг номидан табрикни Беларус Бош вазири Роман Головченко ўқиб эшиттирди.
Беларус мустақил оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Лукашенконинг касаллиги ҳақидаги миш-мишлар давом этмоқда. Москвада Беларус раҳбари аҳволи ёмон кўринди, Ленин мақбарасидан Номаълум аскар қабригача бир неча юз метр юра олмади, Владимир Путин ва МДҲнинг бошқа раҳбарлари билан нонуштада қатнашмаганди.
9 май куни кечқурун Лукашенко Минскда гулчамбар қўйди, лекин гапирмади - гарчи у одатда ҳар Ғалаба кунида гапирган бўлса ҳам.
Ўшандан бери у жамоатчиликка чиқмади, унинг шахсий иштирокида бирон бир тадбир ўтказилмади. Миррор нашри буни "жуда ғалати" деб атайди. Айни пайтда Лукашенконинг матбуот хизмати ва расмийлари жим.
13 май куни бирданига бир нечта оммавий ахборот воситалари Лукашенконинг кортежи Республика клиник тиббиёт марказига кечки пайт етиб келганини хабар қилди. Бироз вақт ўтгач, кортеж марказни тарк этди.
Давлат байроғи, герби ва мадҳияси куни бу йил илк бор нишонланмоқда.
Бундан роппа-роса 28 йил муқаддам, 1995-йил 14-майда Белоруссияда ўша пайтда президент бўлган Лукашенко ташаббуси билан референдум бўлиб ўтди, унда миллий рамзлар сифатида кўрилган оқ-қизил-оқ байроқ ва «Погоня» герби ўрнига собиқ БССР рамзлари асосида яратилган замонавий давлат рамзлари тасдиқланган эди.