Боррель Европа тинчлик фонди маблағларини 3,5 млрд.га кўпайтиришни таклиф қилди
ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Европа тинчлик фонди ҳажмини яна 3,5 млрд еврога оширишни таклиф қилди, деб хабар бермоқда Reuters.
Эслатибўтамиз, Европанинг Украинага ҳарбий ёрдами асосан мазкур фонд ҳисобидан молияланмоқда.
Боррель ўз таклифини фонд маблағлари тугаб бораётгани билан изоҳлади.
Европа тинчлик фонди бюджетдан ташқари жамғарма бўлиб, ҳозирда унинг ҳажми қарийб 8 млрд еврони ташкил қилади.
Фонд ЕИга аъзо мамлакатларнинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ сарф-харажатларининг бир қисмини қоплаб беради. Бугунга қадар фонддан Украинага ҳарбий ёрдам учун қарийб 4,6 млрд евро сарфланган.
Сўнгги кунларда Венгрия Европа тинчлик фондидан Украинага 500 миллион евро миқдорда пул ажратилишига вето қўйди.
Венгрия ТИВ раҳбари Петер Сийярто бу Украина Венгриянинг “OTP Bank”ини урушнинг халқаро ҳомийлари рўйхатига киритганига жавоб эканини яширмади.
Зеленский: Рус ракеталари Патриот ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ёрдамида йўқ қилинди
Украина президенти Владимир Зеленский Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими хизматчиларига миннатдорлик билдирди ва АҚШнинг Патриот ракета тизимини «ақлбовар қилмас» деб айтди.
Кеча Украина Россия янги авлод гипертовушли ракета дея кўкларга кўтарган Кинжал ракетасидан олтитасини уриб туширганини маълум қилди.
«Бу қурол тизимларини олиб келиш учун қанча куч сарфланганини ҳам унутмаслигимиз керак. Бунга кўп вақт, энергия, баҳс мунозаралар, учрашувлар орқали эришдик. Катта натижа…бунда иштирок этган ҳар бир инсонга миннатдорлик билдираман!», деди Зеленский.
Россия Мудофаа вазирлиги эса Кинжал ракетаси билан Патриот мудофаа тизимини йўқ қилганини даъво қилди.
Бироқ, Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний русларнинг барча ракеталари муваффақиятли тўхтатилганини билдирди.
Кинжалнинг дастлабки тезланиши 4900 км/соат. Унинг тезлиги товуш тезлигидан 10 баравар юқорига етиши мумкин. Одатда гипертовушли ракеталар товуш тезлигидан беш баравар юқори тезликда ҳаракатланади дея таъкидлади АҚШдаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази.
Кинжал ханжар деган маънони англатади. У оддий ёки ядро каллакларни 2000 км масофага етказа олди. Россия Украинадаги урушда бу қуролни бир неча марта қўллаганини тан олган.
Владимир Путин Кинжал ракеталарини Россия армиясининг дунё миқёсида тенгсизлигининг исботи ўлароқ бот-бот мақтаб келади.
CNN: Patriot тизими катта эҳтимол билан шикастланган, аммо йўқ қилинмаган
АҚШнинг Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Россиянинг Киевга ракета зарбалари чоғида катта эҳтимол билан шикастланган, лекин йўқ қилинган эмас. CNN телеканали АҚШ мулозимига таянган ҳолда шундай хабар бермоқда.
Манбага кўра, АҚШ ҳозирда зарар кўламини баҳоламоқда: шундан сўнг тизимни таъмирлаш учун олиб келиш ёки уни Украинанинг ўзида таъмирлаш бўйича қарор қабул қилинади.
Бугунги кунда Украинада иккита Patriot тизими мавжуд – улардан бирини АҚШ, иккинчисини эса Германия ва Нидерландия берган.
Аввалроқ Пентагон 4 майга ўтар кечаси украин ҳарбийлари Patriot тизими ёрдамида илк бор Россиянинг Х-47 “Кинжал” ракеталарини уриб туширганини тасдиқлаган эди.
Украина Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олашчук ракета Киевга бўлган ҳужум чоғида уриб туширилганини айтган.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ўтган йилнинг августида дунёда ҳеч бир ракета жанговар кўрсаткичлари бўйича “Кинжал”га тенглаша олмаслигини айтиб мақтанган эди.
“Уни на аниқлаб ва на уриб тушириб бўлади. Биз уни ўта муҳим нишонларни йўқ қилишда қўллаймиз”, деган эди у.
Европа етакчилари Исландияда Россиянинг Украинага етказган зарар кўламини муҳокама қилмоқда
Европа етакчилари Исландияда ўтадиган Европа Кенгашининг икки кунлик саммитига йиғилди. Саммитда Россияни Украинага тажовузи учун жавобгарликка тортиш йўллари, жумладан, Украинага етказилган зарар кўлами муҳокама қилинади.
Европа Кенгаши ҳуқуқ органи йиғилишида Германия канцлери Олаф Шолц, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Украинани қўллаб-қувватлашларини яна бир бор билдирди.
«Кенгаш Украинани қўллаб-қувватлаш ва Россия томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларни ҳужжатлаштиришни муҳокама қилади. Россиянинг фуқаролик инфратузилмасини портлатгани, зўрлаш, қотилликлар, умумлаштирилган қийноқларни қўллагани, украиналик болаларни депортация қилганини назарда тутяпман. Ушбу саммитда Кенгаш Украинанинг Россия тажовузи натижасида кўрган зараринининг халқаро реэстрини тузиб чиқмоқда. Мен барча давлатларни унда иштирок этишга ва фаол ҳисса қўшишга чақираман», Франция президенти Эммануэл Макрон.
Саммитда Владимир Зеленский ҳам видеоконференция орқали нутқ сўзлаб, Украинага берилаётган ҳарбий ёрдамлар учун миннатдорлик билдирди.
Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляеннинг айтишича, Россиянинг Украинага етказган зарар ва йўқотишлари тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилади:
«Биз Украинасиз Украина борасида қарор қабул қилмаймиз. Украинанинг тинчлик формуласини қатъий қўллаб-қувватлаймиз. Украина тинчлик формуласи украин халқининг тинчликка эришиш йўлининг пойдевори. Шунинг учун ҳам мен мазкур тинчлик формуласи йўлида бирлашишга чақираман».
Европа етакчилари Россия босқинчилиги натижасида Украинага етказилган зарар, йўқотишлар ҳамда жароҳатлар тўғрисидаги далилларни ҳужжатлаштириш механизмини тасдиқлаши кутилмоқда.