Россия ИИВ актёр Алексей Панинни қидирувга берди
Россия ИИВ актёр Алексей Панинни қидирувга берди. Унинг шахсий маълумотлари қидирувдаги шахслар базасида пайдо бўлганинидан биринчи бўлиб “Вёрстка” нашри хабар топган.
Май ойи бошларида Панинга нисбатан Россия ЖКнинг 205.2-моддаси (“Террорчилик фаолиятини амалга оширишга очиқ даъват қилиш ёки терроризмни оқлаш”) 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган эди. Актёр телеграм-каналида Керчь кўпригига зарба берилганидан қувончи ичига сиғмагани ҳақида ёзган эди.
Алексей Панин – Россия театр ва кино актёри, Россия Федерацияси Давлат мукофоти совриндори. У 2020 йилдан бери Испанияда яшайди.
Грузияда фаоллар Лавровнинг қизи мамлакатдан чиқиб кетишини талаб қилиб намойиш қилди
20 май куни эрталаб грузин фаоллари Кахетиядаги Kvareli Lake Resort меҳмонхонаси олдига келишди – аввалроқ ОАВлар Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қизи Екатерина Винокурова шу ерга жойлашганини хабар қилган эди. Ушбу воқеадан сўнг отелни полиция ходимлари қуршаб олди.
Кейинроқ Грузия ИИВ 16 киши қўлга олинганини тасдиқлади, деб ёзади Newsgeorgia. Нашр хабарига кўра, “Ягона миллий ҳаракат” лидерларидан бири Леван Бежашвили акция иштирокчилари тарқалмоқчи эмаслигини айтган. “Биз Грузиянинг Лавровлар оиласи чорбоғига айлантирилишига йўл қўймаймиз”, дея ундан иқтибос келтирмоқда маҳаллий ОАВлар.
20 май оқшомида Грузия президенти Саломе Зурабишвили брифинг ўтказиб, Россия ТИВ раҳбарининг қизи Екатерина Винокурова ҳамда унинг эри Александр Винокуров иштирок этиши кутилаётган тўй бекор қилинганини билдирди.
“Ички ишлар вазири менга ваъда берди: бугун тўй-томоша қилмоқчи бўлган оила, ўша одамлар мамлакатдан кетишибди, тўй бўлмайди. Бир пайтлар Двлат думаси депутати Гавриловни мамлакатдан қувиб юборган жамият бу гал ҳам ғалаба қозонди”, деди у.
Озодликнинг грузин шуъбаси мухбири хабар қилишича, митингда мухолифатдаги партиялар вакиллари ҳамда жамоат фаоллари йиғилганлар. Улар Лавров оиласи аъзолари бўлиши мумкин деган тахминда меҳмонхонадан чиққан ҳар бир микроавтобусга тухумлар отишган.
Меҳмонхона ёнида қолган фаоллар орасида “Ягона миллий ҳаракат” собиқ аъзоси Ника Мелия ҳам бор. У журналистларга отел маъмурияти Лавровлар оиласи аъзолари, жумладан унинг қизи шу ердалигини тасдиқлаганини айтган.
19 май оқшомида Грузиянинг Mtavari Arkhi телеканали мамлакатга Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қизи Екатерина Винокурова (Лаврова) эри Александр Винокуров билан бирга, қайин укасининг тўйида иштирок этиш учун келганини хабар қилган эди.
Телеканалга кўра, тўй Кахетия вилоятидаги Kvareli Lake Resort меҳмонхонасида ўтказилиши белгиланган. Шу муносабат билан меҳмонхона икки кунга ёпилган.
Айни чоғда отель маъмурияти “Фейсбук”даги саҳифасида Лавров фамилияли меҳмонлари йўқлигини билдирган.
“Маълум қиламизки, Лавровнинг қизи Kvareli Lake Resort отелига жойлашган, деган гап ҳақиқатга тўғри келмайди. Бизда Лавров фамилияли ҳеч ким қайд қилинмаган”, дейилади хабарда.
Mtavari Arkhi мухбири Kvareli Lake Resort’га қўнғироқ қилиб, ўзини гул дўкони ҳаммоли деб танитган ва Екатерина Лаврова номига гулдаста буюртма қилинганини айтиб, у хонасидами, йўқми, деб сўраган. Отель ходими гулдастани буюртмачига юбориш мумкинлигини айтган, дея хабар қилмоқда телеканал.
Япония бош вазири: G7 мамлакатлари Зеленский билан якдиллигини билдирди
Япония бош вазири Фумио Кисида якшанба (21 май) куни қилган чиқишида “Катта еттилик” (G7) саммитида мамлакатлар халқаро ҳуқуқ-тартиботни қўллаб-қувватлаш истакларида ўзаро бирдамлигини намойиш этгани “муҳим”лигини айтди.
“G7 аъзолари президент Зеленскийни Японияга таклиф этиш билан Украина билан якдилликда собит эканини кўрсатишгани, қонун устиворлигига асосланган эркин ва очиқ халқаро тартиб муҳимлигини тасдиқлашгани ҳамда бизнинг уни қўллаб-қувватлашимиз ҳақида дунёга кучли мужда йўллаганлари диққатга сазовордир”, деди Кисида.
G7 лидерлари Россияга президент Владимир Путиннинг қўшни мамлакатларга бостириб киришига кўмак бериши мумкин бўлган ҳар қандай экспортни чеклаш ва санкцияларга зид тижорат алоқаларига барҳам бериш мажбуриятини олишди.
Жанубий Корея президенти Юн Зеленский билан илк бор G7 саммитида учрашди
Украина президенти Владимир Зеленский ва Жанубий Корея президенти Юн Сук Ёл ўзларининг илк учрашувларини 21 май куни Японияда, “Катта еттилик” (G7) саммити доирасида ўтказишди.
Учрашувдан сўнг Зеленский “Твиттер”да президент Юн билан Киевнинг Россияга қарши урушдаги саъй-ҳаракатларини муҳокама қилганини, Жанубий Кореянинг гуманитар ва қурол-яроғдан бошқа ёрдами учун унга миннатдорлик билдиргани ҳақида ёзди.
Украина президенти офиси маълум қилишича, икки раҳбар ўзаро делегациялар ташрифи хусусида келишиб олган.
Ўтган ҳафтада Украинанинг биринчи хоними Елена Зеленская Жанубий Кореяда бўлган эди. Жанубий Корея президенти девони маълумотига кўра, у президент Юн билан учрашиб, Украинага қурол-яроғдан бошқа ҳарбий ёрдам кўрсатишни илтимос қилган.
Эртаси куни Сеул Украинага 130 миллион доллар миқдорда молиявий ёрдам кўрсатиш режаси тўғрисида битим тузилганини эълон қилган эди.