Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:38

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

18:43 22.5.2023

Украин зобити Бахмут ишғол этилгани ҳақидаги хабарларни “Пригожиннинг найранги” деб атади

“Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгени Пригожин шанба куни Украианинг Бахмут шаҳри тўлиқ ишғол этилганини эълон қилди, бир оздан сўнг Россия Мудофаа вазирлиги ҳам айни мазмунда баёнот берди.

Кўп ўтмай Россиянинг давлат агентликлари Кремлга ҳавола берган ҳолда, президент Владимир Путин “Артёмовск озод этилгани муносабати билан” “вагнерчилар” ва Россия ҚК ҳарбийларига табрик йўллагани ҳақида хабар қилди (Россия қўмондонлиги Бахмутни советча номи билан Артёмоск деб атайди – Озодлик изоҳи).

Украина томони эса Бахмут босиб олингани ҳақидаги баёнотларни инкор этмоқда.

Украина ҚКнинг Иван Богун номидаги 1-махсус бригадаси зобити Тарас Березовец “Настояшчее время” ёйинида Бахмутда бўлаётган сўнгги воқеалар ҳақида сўзлаб берди.

Унинг айтишича, Украина армияси шаҳар ичидаги Россиябўлинмаларини қуршовга олишга замин тайёрламоқда, шаҳар россияликлар томонидан ишғол этилганига доир хабарларни эса у “найранг” деб атаб, бундан мақсад – Пригожинга Украина ҳужуми бошланмасдан “вагнерчилар”ни Бахмутдан олиб чиқиб кетишга расман имкон бериш эканини айтди.

“Биз Бахмут шаҳрининг ғарбий чеккаларини ҳамон назорат қилиб турибмиз. Жаноб Пригожиннинг баёнотларидан мақсад – аввало “Катта еттилик” учрашувига доир ахборотларни кун тартибидан четга суриш, қолаверса, қолган-қутган аскарларини тезроқ шаҳардан олиб чиқиб кетиш. Шунинг учун бу найрангни ўйлаб топишди”, деди Березовец.

18:42 22.5.2023

Украинага қирувчи учоқларни АҚШ берадими ёки иттифоқчиларми?

Украинага F-16 қирувчи учоқлари АҚШдан жўнатиладими ёки иттифоқчилар ўз учоқларидан бир қисмини беришадими – президент Жо Байден бу хусусда якуний қарорга келганича йўқ.

Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан шундай баёнот берди, деб ёзади Politico.

Салливанга кўра, аввалроқ Қўшма Штатлар Украинага қирувчи учоқлар бериш тўғрисида қарорлар қабул қилмаган, чунки қарши ҳужумни амалга ошириш учун учоқларга зарурат бўлмаган, аммо ҳозир вазият ўзгармоқда.

Японияда ўтган “Катта еттилик” саммити чоғида АҚШ президенти украин учувчиларини тўртинчи авлод қирувчи учоқларини бошқаришга ўқитиш бўйича халқаро коалицияни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Украина Ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат Украина ТВ ёйинида F-16 қирувчи учоқлари мумкин қадар тезроқ берилишига умид қилишини айтди.

Игнатга кўра, гап атиги бир неча учоқ ҳақида бораётгани йўқ, чунки жанговар вазифаларни бажариш учун авиабўлинмалар билан ҳаракат қилиш керак бўлади.

Украинада битта ҳаво эскадрильяси 12 та учоқни ўз ичига олади, Ғарб мамлакатларида эса эскадрилья таркибида 18 тагача учоқ бўлиши мумкин.

Ҳаво кучлари вакили қўшимча қилишича, берилажак қирувчи учоқлар сонига доир маълумот очиқланмайди, бироқ ушбу жараёнда мавжуд жанговар вазифаларни бажариш зарурати инобатга олиниши турган гап.

18:40 22.5.2023

Нидерландия украиналик учувчиларни тайёрлашни бошлайди

Нидерландия ташқи ишлар вазири Вопке Хоекстра АҚШ президенти Жо Байден иттифоқчиларнинг қўшма ўқув дастурини қўллаб-қувватлаганидан сўнг, украиналик учувчиларни Ф-16 қирувчи учоқларига ўқитиш “эртароқ” бошланишини билдирди:

"Биз Украиналик учувчиларни тайёрлашни эртароқ бошлашга қарор қилдик. Чунки Украинага қирувчи учоқларни юборганимизда учувчилар тайёр бўлиши керак. Лекин бу алоҳида қарор. Ҳозирда буни муҳокама қилмаяпмиз".

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррел Украинага қирувчи учоқлар етказиб берилишига умид билдирди.

Франция ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна Франция украиналик учувчиларни ўқитишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. У шунингдек, ўқув жараёни узоқ вақт олиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди:

"Бунга бир неча ой кетади. Шундай экан келинг, ишни босқичма-босқич амалга оширайлик. Ҳозирда Украинанинг асосан ўқ-дорилар, зирҳли машиналар, танклар ва техник хизматга эҳтиёжи бор".

18:37 22.5.2023

Молдовада ҳукумат тарафдорлари митинг ўтказди

Кеча ўн минглаб молдоваликлар пойтахт Кишинёвда ҳукуматнинг Европа томон ҳаракатини қўллаб-қувватлаш учун митингга йиғилди.

Москванинг Украинага бостириб кириши Молдовани хавотирга солиб қўйди.

Молдова ҳукумати Россиянинг ҳаракатларини бир неча бор қоралар экан, Европа Иттифоқига қўшилиш учун ариза топширди.

Молдова президент Майя Санду Россияни ҳукуматга қарши норозилик намойишлари ва ташвиқотни кучайтириш орқали мамлакатнинг Европага интеграциясини бузишга уринаётганликда айблади. Москва эса буни рад этди.

Полиция 75 мингдан ортиқ одам намойишда иштирок этганини билдирди.

Санду Молдова 2030 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлишини таъкидлаб, молдоваликлар энди "Европа чеккасида" қолишни истамайди, деди:

"Молдоваликлар, европаликлар 7 йилдан кейин биз Европа Иттифоқининг тўлақонли аъзосига айланишимиз керак. Биз, Молдова халқи, мамлакатимиз бошини тик кўтарганча, Европа Иттифоқи томон шахдам одимлайди деган ортга қайтмас қарорга келдик".

Кишинёвга ташриф буюрган Роберта Метсола ҳам митингда сўзга чиқиб, Европа Молдовани “бағрини очиб ” қарши олишини айтди.

Намойишчилар ҳукуматни мамлакатнинг Европага интеграциясини конституцияда ҳам акс эттиришга чақирди.

Россияпараст мухолиф Шор партияси етакчиси, сургундаги тадбиркор Илан Шор бир қанча шаҳарларда ўтказилган норозилик намойишларида Молдова ташқи сиёсати бўйича референдум ўтказишга чақирди

Россиянинг Молдовадаги таъсир воситаси сифатида танилган Шор АҚШ санкциялари остида. У 2014 йилда Молдова банкларидан 1 миллиард доллар ўғирлашда айбдор деб топилган ва ўтган ой сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG