Кремль: “украиналик жангарилар” ҳали ҳам Белгородда
Кремль Украина билан чегарадош Белгород вилоятида “украиналик жангарилар” ҳали ҳам фаоллигини маълум қилди.
Бу ҳақда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан суҳбатда гапирди.
"Кеча содир бўлган воқеа, албатта, чуқур ташвишга сабаб бўлади. Бу воқеа украиналик жангарилар мамлакатимизга қарши ўз фаолиятини давом эттираётганини яна бир бор тасдиқлайди. Бу биздан кўпроқ ҳаракат талаб қилади. Аксилтеррор ҳаракатлар давом этмоқда. Шу билан бир қаторда шунга ўхшаш босқинларнинг олдини олишга мўлжалланган махсус ҳарбий операция ҳам давом этмоқда”.
Россиянинг Белгород вилояти губернатори ҳам вилоят ҳудудида “аксилтеррор операцияси” давом этаётгани, мудофаа вазирлиги ва ҳуқуқ-тартибот идоралари Украина билан чегарадаги ҳудудни “тозалаш”да давом этаётганини билдирди.
“Грайворон туманидаги вазиятга келсак, Мудофаа вазирлиги ҳуқуқ тартибот органлари билан биргаликда ҳудудни тозалаш ишларини давом эттирмоқда. Грайворон туманини вақтинча тарк этган одамлардан ҳозир қайтишга шошмасликнини сўраб қоламан”, деди Белгород губернатори Вячеслав Гладков.
Гладковга кўра, эвакуация пайтида бир аёл ҳалок бўлган, икки киши яраланган. Россия хавфсизлик кучлари воқеа жойига етиб бора олишга улгурмаган.
Россия Днепpга ҳаво ҳужуми уюштирди
Россия 22 майга ўтар кечаси Днепр, Харков, Одессага шаҳарларига дрон ва ракеталар билан ҳужум қилди. Натижада саккиз киши тан жароҳати олди, кўплаб бинолар вайрон бўлди.
Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 20 та дрон ва тўртта қанотли ракетани уриб туширган.
Украина ҳарбий ҳаво кучлари Россия 16 турдаги ракеталар ва 20 та Шаҳед дронлари билан шаҳардаги ҳарбий ва инфратузилма объектларини нишонга олганини маълум қилди.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россиянинг 20 дрони ва тўрт қанотли ракетасини уриб туширган.
Украинанинг қарши ҳужуми яқинлашар экан, Россия май ойида Украина шаҳарларига ҳаво ҳужумларини кучайтирди.
Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати Днепрдаги идорасига ракета ҳужуми акс этган видеони эълон қилди. Ҳужум оқибатида бир киши яраланган.
Синелникивский туманига уюштирилган ҳужумда етти киши яраланди, деб хабар берди вилоят губернатори Сергей Лисак
Россиянинг ҳаво ҳужуми натижасида кўплаб бинолар, хусусий уйлар, турар-жой бинолари ва маъмурий инфратузилма обектларига шикаст етган.
Запорожье АЭС электр таъминотидан узилиб қолди
Компания маълумотига кўра, 22-майга ўтар кечаси Россиянинг ўққа тутиши натижасида Запороже АЭСининг ўзининг эҳтиёжи учун қувватланаётган “Днепровская” юқори волтли электр узатиш линияси узилган. Узилиш тонг соат 5:26 да содир бўлган.
“Энергетика блокларининг ядровий материалларни совутиш насослари ишлашини таъминлаш учун муҳим бўлган ташқи қувват йўқолгач, АЭСнинг барча дизел генераторлари автоматик равишда ишга тушди, ёнилғи таъминоти ўн кунга етади, холос”, — дейилади хабарда.
Энергоатом маълумотларига кўра, Россия қўшинлари томонидан босиб олинганидан сўнг АЭС еттинчи марта блэкаут режимига ўтмоқда.
Россия расмийси ҳам станция кутиш режимига ўтказилгани ва фавқулодда электр таъминотига уланганини маълум қилди.
Россиянинг Белгород вилоятидаги чегара маскани ҳужумга тутилгани айтилмоқда
Бугун (22 май) куни эрталаб Россия ва Украинага оид қатор телеграм-каналлар Белгород ва Харьков вилоятлари ўртасидаги Россия-Украина чегарасида қақшатқич жанглар бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқата бошлади.
Хусусан, тармоқда ёйинланган бир видеода Белгород вилоятиниг Грайворонск туманидаги чегара ўтказиш масканига йўлланган муҳтамал зарба акс этгани иддао қилинади.
Бошқа видеода эса Украина байроғи тикилган танк назорат-ўтказиш масканига кириб келаётганини кўриш мумкин.
Маскан биносининг ўзида олингани тахмин қилинаётган яна бир видеода ҳалок бўлган аскар жасади акс этган. Видеолардаги маълумотлар ҳозирча тасдиқланган эмас.
Бир қанча телеграм-каналлар, шунингдек, чегарадаги Дроновка қишлоғи атрофида ҳам тўқнашувлар бўлгани ҳақида ёзди.
Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков Украинани “ваҳима кўтариш учун вилоятга ахборот ҳужуми уюштирган”ликда айблаб чиқди.
У Грайворонск тумани ўққа тутилганини тасдиқлар экан, ушбу ҳужум натижасида ҳеч ким ўлмагани ёки ярадор бўлмаганини айтди.
Украина ҳарбийлари, ҳар доимгидек, Россия ҳудуди ўққа тутилганига доир хабарларни изоҳсиз қолдиришмоқда.
Украина тарафида урушаётган россиялик ўнг фаоллардан тузилган қуролли бўлинма – Рус кўнгиллилар корпуси аввалроқ ўз жангчилари яна бир бор Россия ҳудудига рейд уюштирганини билдирган эди.
Корпус эълон қилган видеода РДК эмблемали қуролланган одамлар Россиянинг Безлюдовка, Чуровичи ва Любимовка қишлоқлари номлари ёзилган пешлавҳалар фонида тасвирга олинган.
Безлюдовка – Белгород вилоятининг Шебекино кенти яқинида, Чуровичи эса Брянск вилоятида жойлашган. Любимовка номли қишлоқлар бир нечта бўлиб, Брянскда ҳам, Курск вилоятида ҳам бор.