Кремль: Ғарбнинг Украинага ҳарбий ёрдами фронтдаги вазиятни ўзгартирмайди
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан суҳбатда Украинани замонавий Ф-16 қирувчи самолётлари билан таъминлаш “аниқ салбий оқибатлар”га олиб келишини айтди:
"Хавфлар аниқ. Вақтга ҳукм ўтказа олмаймиз, бироқ у эскалациянинг кучайиши билан давом этиши аниқ. Қирувчи самолётларни беришга қарор қилишди, бошқа турдаги қуроллар бўлгани каби. Бу фронтдаги вазиятни тубдан ўзгартирмайди".
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков АҚШ қирувчи самолётларининг Украинага берилишини “мутлақо маъносиз ва аҳмоқлик” дея изоҳлаган.
Белгород вилоятига ҳужум қилган гуруҳдан бир неча кишининг шахси аниқланди
Украина ҳудудидан Белгород вилоятига кирган диверсия гуруҳи аъзоларидан бири – миллатчи Алексей Лёвкин бўлган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбасига таяниб, хабар қилмоқда.
ИИВ базасидаги маълумотларга кўра, Лёвкин жиноий модда бўйича қидирувга берилган, лекин у айнан қандай жиноятда гумонланаётгани очиқланган эмас. Манбага кўра, Лёвкин ҳозирда қаердалиги номаълум бўлиб қолмоқда.
Москва суди 2018 йилдаёқ Лёвкинни экстремистик ташкилот тузиш ва адоват уйғотиш айблови билан сиртдан қамоққа олган эди, дея қайд этади ТАСС.
Лёвкин ўзини Рус кўнгиллилар корпуси аъзоси деб атаган. У “Россия озодлиги” легиони билан бирга 22 май, душанба куни Белгород вилоятига бўлган босқин учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
“Астра” телеграм-каналига кўра, диверсияда Лёвкиндан ташқари собиқ актёр Кирилл Канахин ҳам иштирок этган. У “Грухарь” сериалида суратга тушган, шунингдек “Театр Луни”да ўйнаган. ОАВ хабарларига кўра, Канахин 2018 йилда, “рухсат этилмаган акцияларда иштирок этиш” айблови билан устидан жиноят иши очилганидан сўнг Россияни тарк этган.
Белгород вилоятидаги воқеаларга алоқадор дея тахмин қилинаётган яна бир киши шахсини “Осторожно, новости” телеграм-канали аниқлади. У – илгари Россия армиясида хизмат қилган ва Луганск вилоятида яшаган 41 ёшли Алексей Долгов. 2014 йилдан сўнг у бир муддат Россияда яшаган, 2022 йилда эса ижтимоий тармоқларда Киев шаҳри атрофида тушган фотосуратларини эълон қилганди.
Бу орада Россия Давлат Думаси собиқ депутати ва ҳозирда Киевда яшаётган Илья Пономарёв Британиянинг LBC радиосига берган интервьюсида ўзини “Россия озодлиги” легиони лидери деб атади. Пономарёвга кўра, “бу уруш фақат Москвада... Путин режими ағдарилганидан сўнггина якун топади”. Собиқ депутат амалдаги ҳокимиятни россияликлар ўзлари қулатади, деб ҳисоблайди.
Россия Белгороддан жангарилар қувиб чиқарилганини иддао қилди
Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенковнинг иддао қилишича, Белгород вилоятида Украина қўшинлари мағлубиятга учрагани ва 70 дан ортиқ диверсант ўлдирилган.
Матбуот котиби сўзларига кўра, аксилтеррор операцияси давомида Россия қўшинлари ҳаво зарбалари, артиллерия ўқлари ва чегарачиларининг фаол ҳаракатлари билан диверсантлар гуруҳлари тўсиб қўйилган ва йўқ қилинган:
"Миллатчиларнинг қолдиқлари Украина ҳудудига қайтарилди, у ерда улар тўлиқ йўқ қилинмагунча отишма давом этди. 70 дан ортиқ украиналик террорчи, тўртта зирҳли жанговар машина ва бешта пикап йўқ қилинди".
Белгородга ҳужум масъулиятини “Россия озодлиги” легиони ўз зиммасига олди
Россия Тергов қўмитаси Белгород вилоятига диверсантларнинг кириб келиши сабабли “террорчилик ҳужуми” билан боғлиқ жиноят иши қўзғатди.
Белгород вилоятида, Россия расмийлари таъбирича, “аксилтеррор операцияси” ва “тозалаш” иккинчи кундирки давом этмоқда.
Россия Тергов қўмитаси Белгород вилояти аҳоли пунктларига қўпорувчилик гуруҳлари кириб келгани сабабли олти модда, жумладан, теракт бўйича жиноят иши қўзғатди, деб хабар бермоқда департамент матбуот хизмати.
Тергов маълумотларига кўра, 2023-йил 22-май куни “Украина қуролли тузилмалари вакиллари Белгород вилоятининг Грайворон туманига ҳужум уюштирган”.
Департамент “турар-жой ва маъмурий бинолар, фуқаролик инфратузилмаси объектлари миномёт ва артиллериядан ўққа тутилган” деб даъво қилмоқда. Тергов қўмитаси, шунингдек, "ушбу жиноий ҳаракатлар натижасида бир неча тинч аҳоли жароҳатлангани" ҳақида хабар берди.
Кремлга қарши гуруҳ Белгороддаги жангларнинг иккинчи кунига кираётган бир пайтда Россия армиясининг БТРини ўлжа олганини айтди.
Душанба (22 май) куни ёйинланган видеода Россиянинг Белгород вилояти узра тутун кўкка ўрлаётганини кўриш мумкин. Маҳаллий губернатор фронт чизиғи оша Белгородга Украинадан қўпорувчилар кирганини иддао қилмоқда.
Қисқа роликда далалар ва уйлар узра тутун осмонга кўтарилаётган жой Украина билан чегара яқинидаги Козинка посёлкаси экани айтилади.
Reuters агентлиги видеодаги жой, бинолар ва йўлларни сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар билан солиштириб, у ростдан ҳам Козинка эканини аниқлади, аммо ролик қайси санада суратга олинганини мустақил равишда текшира олмади.
Агентлик видеони “Россия озодлиги” легиони вакили йўллаганини билдирган.
Унда “Россия озодлиги” легиони матбуот хизматини тамсил этувчи исми очиқланмаган шахс шундай дейди:
“Биз ҳам сизларга ўхшаган руслармиз. Биз ҳам сиз каби одамлармиз. Биз фарзандларимиз баркамол ва эркин бўлиб вояга етишини, дунё кезишини, билим олишини ва умуман озод мамлакатда бахтиёр яшашини истаймиз. Бироқ бугунги Путин Россиясида бу имконсиз. Чунки Путин Россияси коррупция, ёлғонлар, цензура, эрксизлик ва қатағонлардан чириб кетган. Бу Россияда инсон ҳаётининг баҳоси амалдор ҳамёнидан арзон. Бу Россияда вилоятларнинг абгор йўлларини таъмирлаш ўрнига ҳукмдор қароргоҳига алоҳида темир йўл тортилади. Бу мамлакатда тинчликка даъват учун ота-оналар болаларидан айриладилар, ўспиринлар эса умрбод қамоққа ташланади. Кремль диктатурасига чек қўйиш вақти етди. Бизни қўллаб-қувватловчи барчага раҳмат. Бизга пул хайрия қилувчилар, зарур жойда сигарет чекувчилар, ҳаммангиздан миннатдормиз. Сизларнинг мададингиз бизга пировард мақсадимиз Қизил майдонда эканини эслатиб туради. Дадил бўлинг, ҳеч нимадан қўрқманг, биз уйга қайтяпмиз. Россия озод бўлажак!”
Белгород вилояти губернатори Грайворон тумани ҳудудига кириб олган, ўз таъбирича, “украин қўпорувчилари гуруҳи”нинг ҳужуми даф қилинганини билдирди.
Бироқ Украинанинг “Громадское” нашри мамлакат ҳарбий разведкасига таянган ҳолда мазкур ҳужум Россия қуролли мухолифатига мансуб “Россия озодлиги” легиони ҳамда Россия кўнгиллилар корпуси (РКК) томонидан амалга оширилганини, иккала гуруҳ ҳам Россия фуқароларидан тузилганини хабар қилмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг катта ёрдамчиси Белгород вилояти ҳудудига бостириб кирганларга Киевнинг ҳеч бир дахли йўқ, дея баёнот бериб, бу воқеаларни Россиянинг ўзида “қаршилик кўрсатиш ҳаракати” туғилгани билан изоҳлади.
Белгород губернатори Вячеслав Гладков “Телеграм”даги саҳифасида операцияга Россия армияси, чегарачилар, президент қўриқлаш хизмати ва ФСБ хавфсизлик хизмати жалб қилинганини билдирди.
Мулозимга кўра, камида олти киши яраланган, учта уй ва маъмурий бинога шикаст етган.
Россия махсус хизматларида ўз алоқаларига эга Baza телеграм-канали эса Россияга элтувчи катта йўл бўйида жойлашган учта аҳоли масканида жанглар бўлаётгани белгилари мавжудлигини маълум қилди.
“Откритий Белгород” Телеграм-каналига кўра, бир неча қишлоқда электр ва сув узилган.
Reuters агентлиги ушбу хабарларнинг тўғрилигини текшира олмади, украин ҳарбийлари эса изоҳ берганича йўқ.
Россиялик мухолифатчи ва собиқ Дума депутати Илья Пономарёв раҳбарлик қилувчи “Россия озодлиги” легиони бу орада Козинка қишлоғи “тўлиқ озод этилган”ини эълон қилди.
Легионнинг “Твиттер”даги хабарномасида айтилишича, илғор бўлинмалар Грайворон округи марказига етиб борган ва ҳозирда шарқ томонга ҳаракатланмоқда.
“Йўлда давом этамиз. Россия озод бўлади!” дейилган хабарномада.
Украина президенти идораси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Reuters агентлигига берган изоҳида Украина ҳарбий разведкаси фикрига қўшилишини айтган.
“Россия озодлик ҳаракати Украинадаги уруш тўғри якун топишига шароит яратадиган ва Россия сиёсий элитасидаги трансформацион воқеалар бошланишини тезлаштирадиган куч бўлиши мумкин”, деди у.
Ижтимоий тармоқларда украиналиклар 2014 йилда Россия дастаклаган айирмачилар Украина шарқида “халқ республикалари” ташкил топганини эълон қилганига ишора қилиб, бу сўнгги воқеаларни “Белгород халқ республикаси туғилиши” ўлароқ таърифлашмоқда.