Киев ва Днепрга ракета ҳужумлари
26 май куни пойтахт Киев, Днепр шаҳри ва Украинанинг шарқий вилоятларт ракета ҳужумига тутилди.
Украин расмийлари Россия томонидан учирилган 10 та ракета ва 20 дан ортиқ дронни уриб туширганини маълум қилди.
Россия шу ой бошидан Украинага ракета ва дрон ҳужумларини кучайтирди, Украинанинг кутилаётган қарши ҳужумидан олдин логистика ва инфратузилма объектларига ҳужум қилмоқда.
Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Каспий денгизидан учирилган 10 та ракета, Эронда ишлаб чиқарилган 23 та “Шаҳед” ва иккита разведкачи учувчисиз учоқни уриб туширганини маълум қилди.
Жумага ўтар кечаси олти соат давом этган ҳужумлар давомида жами 17 та ракета ва 31 та дрон учирилган.
Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Киев расмийларига кўра, савдо мажмуаси, хусусий уйлар ва бир нечта машина шикастланган.
15 ой олдин кенг кўламли босқинни бошлаган Россия ўтган октябр ойидан бери муҳим инфратузилма ва электр иншоотларини йўқ қилишга интилиб, Украинага қарши юзлаб ракета ҳужумларини уюштирди.
Михаил Подоляк: Украина армияси қарши ҳужумни бошлади
Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк мамлакат қуролли кучларининг қарши ҳужуми бошланганини айтди.
“Қарши ҳужум бир неча кундан бери давом этяпти, 1500 километр чегарада қизғин уруш бўлмоқда, ҳаракатлар аллақачон бошланган”, деди у Италиянинг Rai телеканалига берган интервьюсида.
Мулозимга кўра, Украина Россия ҳудудига зарба бермоқчи эмас, иттифоқчилар берган қуроллар Россия оккупация қилган ҳудудлар, жумладан, Донбасс ва Қримдаги нишонларни йўқ қилиш учун қўлланади.
“Бугун бизнинг ихтиёримизда узоқ масофадаги нишонларни урадиган Storm Shadow ракеталари, Leopard танклари, Франция ва Италия берган ракетага қарши тизимлар бор. F-16 қирувчи учоқлари эса, ниҳоят, ҳаво ҳудудимизни ёпишга имкон беради”, деди Михаил Подоляк.
Унинг фикрича, Украина F-16 қирувчи учоқларини бир йил аввал олганида “уруш аллақачон тугаган бўларди”.
Вагнер Бахмутдан бўлинмаларини олиб чиқишни бошлади
Россиянинг “Вагнер” ёлланма гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин Бахмут шаҳридан ўз қўшинларини олиб чиқиб, ўз позицияларини рус қўшинларига ўтказишни бошлади, дея хабар қилди.
"Нима гап йигитлар? 10-15 дақиқада йўлга чиқамиз. 1 июнгача ҳамма бу ердан кетади. Биз дам оламиз, тайёрланамиз, кейин яна янги топшириқ оламиз. Позицияларимизни каравот ва чойшаблари билан армия ҳарбийларга топширяпмиз. Совунни уларга қолдиринг, лекин тиш чўткаларини ўзингиз билан олинг. Эҳтиёт бўлинглар йигитлар! Тиқилинчда қолмайман десангиз, тезроқ ҳаракат қилинг”, деди Пригожин.
Рейтерс агентлиги видеодаги тасвир Бахмутнинг шарқи эканлигини тасдиқлашга муваффақ бўлди.
Пригожин 20 май куни Бахмут қўлга олинганини эълон қилди.
Вагнер раҳбари агар рус армияси Бахмутни бошқара олмаса, Бахмутга яна қайтишга тайёрлигини айтган.
Пригожин, шунингдек, Бахмут учун жангларда 20 мингга яқин одамини йўқотганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганларнинг 10 минг нафари Вагнер жангчиси, қолган 10 минг нафари эса колонияларда ёлланган маҳбуслар.
2023 йилнинг январь ойида АҚШ Молия вазирлиги Украина урушидаги иштироки ҳамда Украина, МАР ва Малида содир этилган кўплаб ҳарбий жиноятларга гумонлар туфайли “Вагнер” ХҲШни трансмиллий жиноят ташкилоти деб эълон қилган.
Буюк Британия, Франция, Литва, Канада парламентлари ҳам “Вагнер” ХҲШни террор ташкилоти деб тан олган.
Украина Мудофаа вазирлиги "Вагнер" Бахмут яқинида қайта гуруҳланганини тасдиқлади
Мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг сўзларига кўра, Бахмут чеккасидаги Вагнер бўлинмалари РФ Қуролли кучларининг мунтазам армия отрядлари билан алмаштирилган. Вагнерчилар ҳали ҳам шаҳарнинг ўзида қолмоқда.
Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмидаги “Самолёт” ҳудудидаги чекка ҳудудларни назорат қилади.
Ўтган тунда Украинага йўлланган барча 36та “Шаҳид” уриб туширилди
Украина 25-май, пайшанба куни Россия томонидан амалга оширилган тунги ҳужумларда Эронда ишлаб чиқарилган 36 та «Шаҳид» дронининг барчасини уриб туширганини маълум қилди.
Ҳужумдан мақсад Украина ғарбий вилоятларидаги инфратузилма объектларини вайрон қилиш бўлгани айтилмоқда.
Президент Владимир Зеленский “нотинч тун” бўлганини айтди.
Украина бирлашган кучлари қўмондони Сергей Наев ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари позицияларига ташриф буюрди.
Пайшанба куни эълон қилинган видеода Наевнинг Германияда ишлаб чиқарилган "Гепард" ўзиюрар зенит қуролини бошқараётган аскарлар олдига боргани тасвирланган.
“Мен шимолий операция зонасида ҳаво ҳужумидан мудофаа вазифаларини бажараётган йигитларимизга миннатдорчилик билдириш учун келдим. Улар "Гепард" қуроли билан жиҳозланган, у аллақачон душманнинг - тўртта "Шаҳид" учувчисиз учиш аппарати ва иккита қанотли ракетасини йўқ қилган», деди Украина Бирлашган Кучлари Қўмондони Сергей Наев.
Шунингдек, улар Киев тунги осмонида дрон уриб туширилгани акс эттирилган видеони ҳам тарқатишди.
“Шаҳед”лардан 10 таси Львов вилояти устида уриб туширилди, аҳолидан ҳеч ким жабрлангани йўқ, деди вилоят раҳбари Максим Козицкий.
Реутерс кадрлар қаерда эканлигини ва у суратга олинган санани мустақил равишда тасдиқлай олмади.