Украина Қуролли кучлари Шойгунинг Киевда “Пэтриот” тизими йўқ қилингани ҳақидаги даъволарини рад этади
Украина Қуролли Кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу йўқ қилдик деб даъво қилаётган “Пэтриот” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаётганини айтди.
“Кеча комплекс ишлади: баллистик траектория бўйлаб учган “Искандар” типидаги барча нишонлар йўқ қилинди”, — деди у.
Сешанба куни Шойгу Россия кучлари Киевда Америка "Пэтриот" ҳаво мудофаа тизимини йўқ қилганини иддао қилди, лекин воқеанинг аниқ санасини келтирмади.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги бундан олдин ҳам 16 май куни Киев яқинида “Пэтриот” ҳаво мудофаа тизими йўқ қилингани ҳақида хабар берган эди.
Украина томони Россия Мудофаа вазирлиги версиясини тасдиқламади. Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингх "Пэтриот" мажмуаси Россия ракета ҳужумини акс эттириш пайтида "кичик зарар" кўрганини айтган. Кейинчалик, зарар бартараф этилгани билдирилди.
Песков: Путин Москвага ҳужумлар ҳақида маълумот олди
Дунёдаги энг йирик ядровий давлат пойтахтига дрон ҳужумига Путин қандай муносабат билдириши номаълум. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳужумлар ҳақида Путинга ўз вақтида маълумот берилганини айтди.
“Президентнинг иш куни бугун жуда эрта бошланди. У реал вақт режимида мудофаа вазирлиги ва бошқа тегишли идоралардан Москвага ҳужумлар ҳақида маълумот олди, Москва мери Сергей Собянин, Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв, Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан ҳам маълумотларни олди. Ҳаммаси ўз вазифаларини тўғри бажарди. Ҳаво мудофааси тизими ҳам яхши ишлади”.
Шу пайтгача Путин Украинадаги можарони Москвадан узоқроқ тутишга уринди. Кремл можарони "махсус ҳарбий операция" деб атаб келади.
Сўнгги ҳафталарда Россия ичкарисида дрон ҳужумлари кучайди. Нефт иншоотларида ёнғинлар бўлди. Ҳатто шу ой бошида Кремлга зарбалар уюштирилди. 3 май тунида Кремлнинг гумбазига икки дрон бориб урилган эди.
Бунда Москва Украинани айблаган. Киев айбловларни рад этган. Қўшма Штатлар Украина Россия ичкарисида ҳужум қилиш учун Ғарб қуролларидан фойдаланмаслиги кераклигини таъкидлаб келади.
Москвага дрон ҳужумларининг баъзи тафсилотлари
Маsh ва Shot телеграм каналлари Москванинг Ленинский проспектидаги турар жой биносининг 14-қаватидаги квартирага портловчи мослама ўрнатилган учта дрон учиб киргани ҳақида хабар берди. Бироқ, портлаш содир бўлмаган.
“РИА Новости” Ленинский проспектидан олинган видеони чоп этиб, у ерда фавқулодда хизматлар ишлаётгани ҳақида хабар бермоқда.
Ленинский проспектининг Удальцова кўчасидан Михаил Певцов кўчасигача бўлган қисмида йўл ҳаракати тўхтатилган.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробёвнинг айтишича, Москвага яқинлашаётганда бир нечта учувчисиз учоқлар уриб туширилган.
"База" телеграм каналига кўра, уларнинг сони ўндан ортиқ бўлган. Ҳаммаси бўлиб, "База" маълумотларига кўра, эрталабки ҳужумда камида 25 та учувчисиз учоқ қайд этилган. Уларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган, дронларнинг бир қисми жуда паст баландликда учаётганда симлар ва дарахтларга тутилган. Учта дрон турар-жой биноларига - Ленинский проспекти, Профсоюзная ва Атласова кўчаларига қулаган.
Москвага янги дрон ҳужумлари
Москва мери Сергей Собянин ўзининг Телеграм-каналида 30 май куни эрталаб Россия пойтахтининг бир қанча қисмлари дрон ҳужумига тутилганини маълум қилди.
Собянин, "ҳужум оқибатида бир нечта биноларга кичик зарар етди" деди.
“Ҳеч ким жиддий жароҳат олмаган”, — дея қўшимча қилди у.
Телеграм каналлари 30 май куни эрталаб Москва вилоятида 10 дан ортиқ дрон уриб туширилгани ҳақида хабар бермоқда.
Фавқулодда хизматлар вакилининг РИА Новостига айтишича, учувчисиз самолётлар Москвадаги иккита турар-жой биносига зарба берган. Маълумотни мустақил равишда текшириш имконсиз.
Россия Тергов қўмитаси ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилди.