Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда аёллар, жумладан вояга етмаган қизларнинг жинсий зўрланиши ҳолатлари кескин кўпайди. Бироқ руҳий жароҳатни енгиб, зўравонлар (улар орасида кучишлатар идоралар ходимлари ҳам бор) билан курашишга ўзида ирода топа олганлар жуда кам.
Жинсий зўравонликни бошидан кечирган 14 ёшли Нигора ва 46 ёшли Шоҳиста жиноятчилар жазосиз қолишига йўл қўймаслик учун сукут сақламасликка қарор қилганлар. Бироқ суҳбатдошларимиз ва уларнинг қариндошлари Ўзбекистонда бунақа жиноятлар қўл учида тергов қилинишини ёки умуман тергов қилинмаслигини айтишмоқда.
Сайр қилгани кетди-ю ғойиб бўлди. 14 ёшли Нигора воқеаси
2024 йил 23 сентябр. Самарқанд вилояти Қўшработ туманида 8-синф ўқувчиси Нигора (ахлоқий сабабларга кўра исм ўзгартирилди – таҳр.) шу куни истироҳат боғига кетганича уйига қайтмайди.
Ота-она фарзандлари йўқолгани ҳақида ички ишлар идорасига ариза беришади. Нигорани 13 кун ўтиб, 6 октябрда танасида зўравонлик белгилари билан топадилар.
Нигора ота-онаси ёнида Озодлик мухбирига уни бир гуруҳ йигитлар ўғирлаб кетишганини сўзлаб берди. Қиз 13 кун мобайнида ихтиёрига қарши тутиб турилган, калтакланган, алкоголли ичимлик ичишга мажбур қилинган ва жинсий зўрланган.
“Биттаси қўлимдан ушлаб олиб, машинага судради. Булоқбоши томонда коттежлар бор. Ўша коттежлардан бирига олиб боришди. Меҳмонхонага қамаб қўйишди, кейин галма-гал ва тўдалашиб номусимга тегишди”, дейди Нигора.
Онаси айтишича, қизнинг ўғирланиши ва жинсий зўрланишида 9 киши қатнашган. Аёл бир ой обдон ўйлаганидан сўнг, ёш фарзандлари бор ота-оналарни эҳтиёткорликка чақириш мақсадида бу фожиа ҳақида маълум қилишга қарор берганини айтади.
“Қизим жуда безовта, ваҳимачи бўлиб қолди. Доим кимдир кузатаётгандек туюлади унга. Кўчага чиқолмай қолди, қоронғиликдан қўрқади. Шу пайтгача бизга ҳеч ким ёрдам бермади. Менинг яна уч қизим бор. Сукут сақлай олмайман, ахир бошқа қизларим ҳам шунақа аҳволга тушсалар нима бўлади? Қолаверса, одамларнинг ҳам норасида қизлари бор-ку”, дейди Нигоранинг онаси.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жинсий зўравонлик ва шилқимликдан кўпроқ ёш, вояга етмаган қизлар жабр кўришмоқда. Маҳаллий матбуот хабарлари буни тасдиқлайди.
Мисол тариқасида нисбатан янги бир неча ҳолатни келтирамиз:
Сурхондарё вилоятида мактаб директори ўринбосари 9-синфда ўқийдиган қизни бир йил давомида жинсий зўрлаб келган.
Тошкентда беш фарзанди бор эркак 11 ёшли ўгай қизининг номусига теккан.
Наманганда 68 ёшли пенсионер эркак 7 яшар қизалоққа шилқимлик қилган.
Тошкентлик эркак 6 ёшли қизчага нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Зўравонлардан бири – прокуратура ходими
14 ёшли Нигоранинг яқинлари журналистларга ҳокимият идораларининг ҳаракатсизлигидан арз қилишди. Айтишларича, гумонланувчилар ҳануз озодликда юрибди. Журналистлар Қўшработ тумани ИИБ ҳамда болалар омбудсмени билан боғланишгани ва ушбу воқеа ҳақида “Сукут сақлама” лойиҳасига хабар қилишганидан сўнг республика ИИВ ўтган йилнинг 31 октябрида Самарқанд вилояти Иштихон тумани прокуратураси Жиноят кодексининг 119-моддаси 3-қисми (“Зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш – ўша ҳаракат 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса”) билан жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида баёнот берди. Иш тергов олиб бориш учун ички ишлар органига йўлланди.
Воқеа шов-шув бўлгач тергов идораси 9 нафар гумонланувчининг шахси аниқланганини билдирди, аммо улардан фақат саккиз нафари ушланди. Ушланганлар орасида Қўшработ тумани прокуратурасининг собиқ иш юритувчиси ҳам бор. ИИБ хабарномасига кўра, “қолган бир нафар гумонланувчини ушлаш чоралари кўрилмоқда”.
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов мазкур жиноятда Қўшработ тумани прокуратураси иш юритувчисининг қўли борлигини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, 30 октябрда у вилоят прокурори буйруғи билан прокуратура органларидан бўшатилган.
Нигоранинг яқинлари тергов асосий гумонланувчи чет элга, муҳтамалан Туркияга қочиб кетишига имкон бериш учун атай ишни чўзганини айтишмоқда. Шунингдек, уларга кўра, аризасини қайтариб олиши учун қизга босим қилинган.
“Маҳалламиз участкавойи Шамшод қизимдан аризани қайтариб олишни сўрапти. “Аризангни қайтариб олсанг, хотиржам яшайсан”, деган эмиш. Ҳасан исмли жиноят-қидирув ходими билан иш бўйича биринчи тергов бўлган Ўлмас деган одам ҳам илтимос қилишганди. Кейин эшитишимча, Ўлмас ҳозир Қўшработ тумани ИИБда ишламаётган экан. Уни бошқа ҳудудга ўтказишган эмиш”, дейди Нигоранинг онаси.
Икки милиция ходими зўрлаган. 46 ёшли Шоҳиста воқеаси
Самарқандлик 46 яшар Шоҳиста (исм суҳбатдошимиз илтимосига кўра ўзгартирилди – таҳр.) ҳам ички ишлар идоралари ходимлари томонидан содир этилган жинсий зўравонлик қурбонидир. Аёлнинг сўзларига кўра, у ҳам шилқимлик, ҳам жинсий зўравонликка дучор бўлган: Шоҳистага дастлаб такси ҳайдовчиси шилқимлик қилган, кейин эса уни икки милиция ходими зўрлаган.
Биринчи воқеа 2023 йил 30 мартга ўтар кечаси юз беради. Ўшанда у такси машинасида Самарқанддан Бухорога кетаётганди.
“Йўлда ҳайдовчи менга тирғала бошлади. Мен Бухоро вилояти ИИБнинг “102” рақамини термоқчи бўлдим. Шунда ҳайдовчи телефонимни тортиб олди ва синдирмоқчи бўлиб бардачок қопқоғига бир неча марта урди. Қаршилик қилганимда юзимга қаттиқ мушт туширди, бурнимдан қон кетди. Сўнгра Бухоро туманининг овлов бир жойида тўхтаб, сумкамни ташқарига улоқтирди, кейин мени ҳам судраб машинадан туширди”, дейди суҳбатдошимиз.
Шоҳиста зўравон қўлидан зўрға қутулгач, дарҳол шаҳар ИИБга қўнғироқ қилади. Чақирувга биноан етиб келган икки нафар ички ишлар ходими аёлнинг ўзини айбдор қилишади.
“Улардан бири: “Мен орган ходимиман, агар менга овозингни кўтарсанг, таксичи билан бўлган иш такрорланади”, деб айтди. Кейин: “Сен фоҳишасан, таксичи бекорга осилмаган”, деди. Шундан сўнг мени бўға бошлади, ички кийимимни йиртиб ташлади ва зўрлаб ҳирсини қондирди. Мен овозимни чиқармадим, чунки акс ҳолда менга бадтар ёмон қиларди”, ҳикоясида давом этади Шоҳиста.
Аёл айтишича, уни жинсий зўрлаганидан сўнг икки ходим уйидан пул ва тақинчоқларини олиб кетишган.
“Пулинг, тиллаларинг борми? Бермасанг, сени ўлдирамиз. Жасадинг то Самарқанддан биров сени йўқлаб келгунича уйингда сасиб ётади”, деб таҳдид қилишди. Банкадан тиллаларимни олиб, уларга бердим. “Фақат ўлдирманглар”, деб ялимдим”, дейди суҳбатдошимиз.
Ўшандан бери икки йил ўтди. Шоҳистага кўра, шу вақт ичида у Бухорода барча суд инстанцияларидан ўтган, аммо зўравонлардан бирининг ДНК намунаси топилганига қарамай, иш “жиноят таркиби йўқлиги муносабати билан” ишни ёпишган. Иккала зўравон ҳам озодликда юрибди.
“Мени Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Хоразм филиалига жўнатишганди. ДНК таҳлили чоғида сперма намунаси зўравонлардан Аброр исмли бирига тегишли экани аниқланди”, дейди Шоҳиста.
Ўзбекистон Бош прокуратурасига шикоят қилинганидан сўнг, 2024 йилнинг кузида Шоҳистанинг иши қайта тергов ўтказиш учун Жиззах вилоятига юборилади.
“Формали” зўравонларнинг аксар қурбонлари – ижтимоий заиф аёллар ва қизлар
Сўнгги расмий маълумотлар Ўзбекистонда вояга етмаган қизларга қарши жиноятлар жиноятлар сони йил сайин ортаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, 16 ёшга тўлмаган (вояга етмаган) шахс билан жинсий алоқа қилгани учун судланганлар сони 2019 йилда – 99, 2020 йилда – 153, 2021 йилда – 216, 2022 йилда – 238 ва 2023 йилда 417 кишини ташкил этган.
Бироқ экспертлар ҳақиқий рақамлар янада катта, деб ҳисоблашмоқда. Уларнинг фикрича, жинсий зўравонлик қурбони бўлган аёллар ва қизлар бу ҳақда баралла гапиришдан қўрқадилар. Энг асосий сабаб – шарманда бўлишдан ва жамиятнинг нафратига учрашдан қўрқиш ҳиссидир.
“Энг катта муаммо шундаки, бизнинг жамият биринчи бўлиб жабрдийданинг ўзини жазолайди. Жинсий зўравонликни бошидан кечирган аёлга: “Ўзинг айбдорсан. Ўзинг сабабчи бўлгансан”, деб босим ўтказишади”, дейди психолог Муаззам Иброҳимова.
Экспертлар қайд этишича, аёллар ва вояга етмаган қизларнинг ички ишлар ходимлари ва мансабдор шахслар томонидан жинсий зўрланиши ҳолатлари ҳам кўпаймоқда.
Шунақа шов-шувли воқеалардан бири 2022 йилда Хоразм вилоятида содир бўлган эди. “Хоразмлик педофиллар” номини олган бу иш ижтимоий резонанс чиқаришига воқеанинг ОАВларда ёритилиши сабаб бўлди. Ўшанда жамоатчилик вилоят адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармаси собиқ бошлиғи Анвар Курязов Урганч шаҳридаги 1-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари бўлмиш қизларни қарийб бир йил давомида жинсий зўрлаб келганидан воқиф бўлган эди.
2023 йил ноябрда суд Машарипов билан Курязовни уч йилга озодликдан маҳрум қилди. Кейинроқ маълум бўлишича, собиқ мулозимлар жазони манзил-колонияда ўташмоқда.
Исмини очиқлашни истамаган тошкентлик ҳуқуқ фаолига кўра, аксар ҳолларда аёллар ва вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонлик жиноятлари қуйи бўғиндаги ички ишлар ходимлари, яъни жазони ижро этиш муассасалари ходимлари ёки участка инспекторлари томонидан содир этилади.
“Яқинда Тошкент шаҳар ИИББ тезкор вакили хизмат мавқеидан фойдаланиб бир аёлни мунтазам равишда зўрлаганидан хабар топдик. Аёл шикоят қилганидан сўнг кузатув камералари текширилиб, тезкор вакилнинг жинсий зўравонлиги фош бўлди ва у лавозимидан бўшатилди. Ёш аёллар ва вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий тажовуз жинояти участка инспекторлари томонидан ҳам содир этилади. Улар, асосан, ижтимоий ҳимояланмаган ёки эркаги йўқ оиладан чиққан, эри ёки отаси меҳнат миграциясида бўлган, ҳуқуқий саводсиз аёллар ва қизлар бўлади. Бунақа жинсий зўравонлик ҳолатлари кўпинча қишлоқ жойларида қайд қилинади, чунки қишлоқларда участка инспекторлари деярли ягона ҳокимият вакили бўлиб қолган”, дейди ҳуқуқ фаоли.
Суҳбатдошимизга кўра, участка инспекторларида ижтимоий заиф аёллар ва қизларнинг маълумотлари тўпланган махсус рўйхатлар бор ва ходимлар уларни қамаб қўйиш билан қўрқитиб, ёвуз мақсадларига эришмоқда.
“Ғинг десанг, қамаб қўяман, уйингга қорадори ташлайман ёки терроризмда айблайман”, деб қўрқитишади. Жинсий зўравонлик қурбонларининг аксари саводи паст аёл-қизлар бўлгани учун, бу таҳдидлар таъсир қилади, албатта. Бир тарафдан, уларни айблаш қийин: Ўзбекистонда ҳуқуқ идоралари ростдан ҳам исталган одам устидан “гиёҳванд моддалар сақлаш” ёки “террорчилик ташкилотига аъзо бўлиш” моддалари билан сохта жиноят иши очиши мумкин. Жинсий тажовуз жиноятлари суриштируви ва тергови билан ички ишлар шуғулланади, шу боис зўравонлар кўпинча ҳамкасблари ёрдамида сувдан қуруқ чиқишмоқда. Камдан-кам ҳоллардагина прокуратура аралашуви билан жиноят фош қилинади”, дейди тошкентлик ҳуқуқбон.
Форум