11 март куни президент Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Францияга йўл олмоқда. Президент матбуот хизматига кўра, 13 мартга қадар давом этадиган ташриф чоғида Мирзиёев президент Макрон ва бошқа расмийлар билан асосан, икки томонлама савдо-инвестиция алоқаларини муҳокама қилади.
Бу Мирзиёевнинг ўтган йил октябрида Ўзбекистонни ларзага солган сиёсий суиқасд уринишидан буён Европага илк сафари.
Мирзиёев ҳозирга қадар Ғарбда ўзининг "ислоҳотчи" сифатидаги имижи яратилишида муҳим рол ўйнаган собиқ мулозим ва қизи Саида Мирзиёеванинг сафдоши Комил Алламжоновга суиқасд юзасидан расман ҳеч қандай муносабат билдирмаган. Аммо парламент сайловлари арафасида юз берган суиқасд Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён куч тизимларидаги энг йирик "тозалашлар"га сабаб бўлган.
Сўнгги ойларда Ўзбекистон ва Мирзиёв маъмурияти амалга ошмаган ана шу суиқасд уриниши боис Ғарб матбуоти тилига тушди.
Бу мавзудаги сўнгги таҳлиллардан бири Карнеги фонди (Carnegie Endowment for International Peace) эксперти Галия Ибрагимова қаламига мансуб.
Муаллифнинг ёзишича, Ўзбекистон президенти Каримовдан қолган эски кадрларга ишонмайди, ўз жамоаси ҳали куч тўплай олмади, қариндошлар эса ўзаро курашларга ўралашиб қолган.
Ўзбекистонда дафъатан ҳокимият транзити ҳақида гапирила бошланди, ҳолбуки Шавкат Мирзиёев президент лавозимига ўтирганига энди тўққиз йил бўлди – Марказий Осиё қаричида бу кўп эмас. Транзит ҳақидаги гап-сўзлар президентнинг собиқ маслаҳатчиси Комил Алламжоновга суиқасд қилинганидан сўнг пайдо бўлди. Олдинроқ Алламжонов элита ичида ҳокимият учун кураш авж олаётгани тўғрисида Мирзиёевга ҳисобот киритгани маълум бўлган эди.
Алламжоновга ҳужум катта шов-шув бўлди, Рамзан Қодиров бу ишда чеченларнинг дахли йўқлигини айтиб ўзини оқлаб чиқиши эса резонансни бадтар кучайтирди. Суиқасд буюртмачиси – президентнинг куёви ва бир неча йил унинг шахсий қўриқчилари бошлиғи бўлган Отабек Умаров экани тахмин қилинади. Айтишларича, у қайнотасининг курсисига кўз олайтирган, Алламжонов эса унинг режаларини барбод қилган эмиш.
Юз берган воқеаларда кўп нарса ҳануз мавҳум қолаётир, бироқ маълум бўлган озгина нарсанинг ўзиёқ Ўзбекистонда президент ҳокимияти мустаҳкам эмаслигини кўрсатмоқда. Ҳокимият ичида қақшатқич кураш кетяпти, ҳатто президентнинг энг яқин қариндошлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олиб бу курашга қўшилганлар.
Мирзиёевнинг имижмейкери
Ўзбекистон бутун мустақиллик тарихи мобайнида ҳеч қачон сиёсий суиқасдларга дуч келмаганди. Шу боис, 2024 йилнинг октябрида Бош прокуратура Тошкент шаҳри чеккасида икки номаълум шахс президентнинг собиқ маслаҳатчиси Комил Алламжонов автомобилини ўққа тутгани ҳақида ахборот бергач ушбу воқеа анчага довур мамлакатда энг муҳим янгилик бўлиб турди.
Алламжонов – Ўзбекистон президенти аъёнларининг энг таниқлиси бўлмаса-да, узоқ вақт энг нуфузли вакили бўлган. Мирзиёев бошқарувининг дастлабки йилларида у президентнинг матбуот котиби бўлиб ишлаган, кейинроқ эса президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимида ахборот сиёсатини юритган. Бироқ суиқасддан бир неча ой бурун Алламжонов барча лавозимлардан бўшади – амбицияларини ва кўп йиллардан бери президент билан яқинлигини ҳисобга олганда бу жуда ғалати эди.
Алламжонов Ўзбекистоннинг янги медиа сиёсати муаллифи саналади. У ахборот очиқлиги концепциясини ишлаб чиқди: концепция ОАВларда журналистлар, блогерлар ва жамоат фаоллари билан мулоқотга тайёр прогрессив президент образини мустаҳкамламоғи керак эди. Стратегия ростдан ҳам ишлади – Мирзиёев мамлакатни ўзгартиришга ва уни Каримов даври турғунлигидан олиб чиқишга бел боғлаган ислоҳотчи сифатида ном қозонди.
Шунингдек, Алламжонов президентнинг катта қизи Саида Мирзиёеванинг сиёсий мураббийи ҳисобланади. Саида ҳозирда расман президент ёрдамчиси, амалда эса президент администрациясининг раҳбаридир. У сиёсий карьерасини Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Алламжонов қўлостида бошлаган. Кейинчалик улар Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фондида ҳам бирга ишлашди. Комил Алламжонов расмий лавозимлардан кетганидан сўнг ҳам ўзаро ишонч ва алоқалар сақланиб қолган.
Чеченлар изи
Президент оиласига бу қадар яқин кишига нисбатан суиқасд Ўзбекистонда катта шов-шув бўлгани бежиз эмас. Боз устига, муҳтамал буюртмачига ишоралар Рамзан Қодировнинг телеграм-каналида пайдо бўлди. Чеченистон раҳбари кутилмаганда “ушбу жиноятда чеченлар изини қидирмаслик керак”лигини айтиб чиқди, шунингдек юз берган воқеада Мирзиёевнинг куёви, кенжа қизи Шаҳнозанинг эри Отабек Умаровнинг қўли борлигига шубҳа билдирди.
Шу билан бирга, Умаров билан танишлигини яширмади, уни президент қайнотасига катта ҳурмат билан қаровчи содиқ инсон ўлароқ билишини айтди. Қодиров икки марта – 2017 ва 2024 йилларда Ўзбекистонда бўлган, ҳар гал уни Умаров кутиб олган ва ҳамроҳлик қилган.
Қодировнинг Алламжонов суиқасдига доир баёнотлари Ўзбекистон Бош прокуратураси Россия фуқаролари бўлмиш Бислан Расаев ва Шомил Темирхоновни қидирувга бериши ортидан янгради. Расаев билан Басаев чеченлар бўлиб, тергов маълумотига кўра, уларга Алламжоновни ўлдириш учун 1,5 млн доллар таклиф қилинган. Суиқасд муваффақиятсиз тугаганидан сўнг чеченларнинг машинаси Фарғонада, соҳиби Умаровга алоқадор тунги клуб ёнида топилган. Суиқасдни уюштиришда президент куёвининг дахли бўлиши мумкин, деган тахминга айнан шу сабаб бўлмоқда.
Тергов органи Умаровга оид тўғридан-тўғри далилларни тақдим этганича йўқ, аммо ҳужумдан бир ой ўтгач у президент хавфсизлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари лавозимидан олинди. Шунингдек, Умаров билан яқин алоқада бўлган Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов ва яна бир қатор юқори мартабали кучишлатар мулозимлар ҳам мансабидан айрилди.
Кузатувчилар фикрича, Умаров мамлакат кучишлатар идораларининг норасмий куратори бўлиб олишга интилган ва дастлаб бу ишда Мирзиёевнинг ўзи уни қўллаб-қувватлаган. Сабаби, ўшанда ўзининг асосий рақиби – Каримов даврида узоқ йиллар Миллий хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилган Рустам Иноятовни ҳокимиятдан четлатиш учун янги президентга “погонли” мулозимлар орасида кўпроқ тарафдорлар керак бўлган.
Куёв энг муҳим лавозимлардаги кучишлатар мулозимларни ўз томонига оғдириб олиб, уларнинг норасмий лидери бўла олган тақдирда Мирзиёев жиддий ғалабага эришган бўлур эди. Чунки бу президент ҳокимиятига хавф солишга қодир Иноятовнинг одамлари тизимда қолиши эҳтимоли камаярди.
Бироқ кўп ўтмай Умаров президент қайнотаси манфаатларида ҳаракат қилишдан тўхтаб, ўз сиёсий ва бизнес манфаатларини кўзлаган ҳолда шахсий куч вертикалини яратишга киришди. У банк, кўчмас мулк, нефт-газ, фармацевтика, шакар ишлаб чиқариш соҳаларида йирик активларни эгаллаб олди.
Президент куёви қурган тузилма “Офис” деган тагдор ном билан аталди, Умаровнинг ўзини эса “президент амбициялари бўлган ва қайнотаси ўрнини эгаллашга тайёрланган”, дейдилар.
Бироқ кичик қизнинг эри ҳаддан зиёд кучайиб кетмаслиги учун тўнғич қиз Саида ишга киришади. У эски сафдоши Алламжонов билан бирга, Умаров ва “Офис”нинг таъсири бениҳоя зўрайиб бораётгани ҳақида ҳисобот тайёрлаб отасига тутқазади. Ҳисобот ортидан президент куёви истеъфога чиқарилади ва Алламжоновга суиқасд қилинади.
Оилавий спрут
Каримов меросидан доим масофаланиб келган Мирзиёев Каримовнинг хатоларини эсдан чиқармаслиги ва қариндошлари мамлакат идорасига аралашишига йўл қўймаслиги керак эди. Ахир, сиёсатга аралашгани учун қамоққа тушган Гулнора Каримова жонли мисол бўлиб унинг кўз олдида турганди.
Афтидан, президентлиги аввалида Мирзиёев ўз жамоаси бўлмагани учун яқин қариндошларига суянишга мажбур бўлди. Унинг фарзандлари, куёвлари ва жиянларидан бошқа батамом ишонадиган ҳеч кими йўқ эди, натижада бу яқин қариндошларнинг бари сиёсатга аралашиб кетди.
Тўнғич қиз Саидадан ташқари, унинг турмуш ўртоғи Ойбек Турсунов ҳам ҳокимиятда эди. Турсунов президент администрациясида ишлар бошқармаси бошлиғининг муовини лавозимида ишлади, кейин эса молия-хўжалик бўлимига раҳбар бўлиб ўтди. Ҳозирда у асосан бизнес билан шуғулланади.
Ойбекнинг отаси, генерал Ботир Турсунов Ўзбекистоннинг энг нуфузли кучишлатар мулозимларидан бири бўлиб, карьерасини Каримов даврида бошлаган. Бугунги кунда у Миллий гвардия бош қўмондони, айни чоғда энг қудратли кучишлатар идора бўлмиш Давлат хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосаридир.
Мирзиёевнинг хотини Зироатхон Ҳошимова расман хайрия билан машғул, аммо унинг сиёсатга таъсири катта. Ҳеч бир муҳим тайинлов унинг розилигисиз бўлмайди. Отабек Умаров айнан қайнонаси кўмаги билан юксак мақом-мартабаларга эришган, дейишади. Унинг хотини Шаҳноза Мирзиёева Ижтимоий таъминот миллий агентлигини бошқаради.
Мирзиёевнинг кўп қариндошлари сиёсий ҳаётда бевосита иштирок этишмаса-да, салмоқли ресурсларга эгалик қилишади. Хусусан, президентнинг тўнғич опаси Инобат Мирзиёева, унинг қизлари ва куёвлари йирик бизнес-активларни қўлга киритишган. Президентнинг қайниси Муҳаммад Ҳошимов эса қатор саноат корхоналарини назорат қилади.
Албатта, Мирзиёев вақт ўтиши билан ўз жамоасини тузишга ҳаракат қилмоқда. У иқтисодиёт, молия, IT соҳаларига ёш мутахассисларни жалб қиляпти. Алламжонов ҳам шунақа менежерлар авлоди вакилларидан бири эди, бироқ унга нисбатан суиқасд президент қариндошлари ўз позицияларини осонликча бериб қўймаслигини кўрсатмоқда. Боз устига, оиланинг ўз ичида ҳам ҳокимият ва нуфуз учун кураш бошланган.
Пировардида аён бўляптики, Мирзиёев қарийб ўн йил қурган ҳокимият тизими ташқаридан кўринганидан анчагина заиф экан. Вазиятга қараганда, Ўзбекистон президентининг суянадиган ҳеч кими йўқ: Каримовдан қолган эски кадрларга ишонмайди, ўз жамоаси ҳали куч тўплай олмади, қариндошлар эса ўзаро курашларга ўралашиб қолган.
Мақола оригинали билан мана бу линк орқали танишиш мумкин.
Форум