Ўзбекистон Президент администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжонов 2024 йил 26 октябрида унга нисбатан бўлган суиқасддан сўнг илк бор интервью берди.
Собиқ мулозим Британиянинг Financial Times нашрига берган интервьюсида Тошкент чеккасида содир бўлган қуролли ҳужум ҳақида сўзлаб берган. Унинг айтишича, ҳужум бўлган кеча автомобили темирйўл кесишмаси ёнида тўхтаганида ўқ овозлари эшитилган ва машинага тўртта ўқ теккан. Ҳужумчи қўлидаги қуролнинг носозлиги Алламжоновнинг жонига оро кирган.
Президентнинг собиқ матбуот котибига кўра, у аввалига нима бўлаётганини тушуна олмаган.
“Ёмғир ёғар, атроф қоронғи эди, ҳеч нимани кўрганим йўқ. Темир йўл ёқасидаги чироқларда қисқа туташув бўлгандир деб ўйладим”, дейди Алламжонов ўша тунни хотирлар экан. Бирдан ўқ овозлари янграб, машинага тўртта ўқ тегади ва у ҳайдовчига буюради: “Газни бос!”
Ушбу воқеа сиёсий қотилликлар айтарли содир бўлмайдиган Ўзбекистонни ларзага солди. Суиқасд ортидан бошланган тергов-текширув кўлами Жанубий Корея ва Чеченистонни ҳам қамраб олди, ҳатто мамлакат ҳокимиятининг юқори эшелонларигача етиб борди.
Сиёсий доиралар орасидаги энг йирик тозалаш кампаниясида хавфсизлик хизматининг бир нечта юқори мартабали ходими лавозимидан четлатилди.
Экспертлар суиқасдни ҳукмрон элита ичида таранглик кучайиши билан боғлашди. Берлиндаги Россия ва Евросиёни ўрганиш бўйича Карнеги маркази эксперти Темур Умаров Financial Times’га берган изоҳида суиқасдни Ўзбекистон учун мисли кўрилмаган воқеа деб атаркан, элита ичидаги низолар одатда ими-жимида ҳал қилиб келинганини таъкидлади.
2016 йилда иқтидорга келган Шавкат Мирзиёев олдинги президент Ислом Каримовга қиёсан, ўзини 35 миллион нуфусли давлатнинг замонавий ва ислоҳотчи лидери деб кўрсатаётганига қарамай, авторитар раҳбарлигича қолаётир, деб ёзади Британия нашри.
Совет Иттифоқи парчаланиши натижасида мустақилликка эришган Ўзбекистон ўнлаб йиллар мобайнида инсон ҳақлари қўпол бузилиши, Ислом Каримовнинг клептократик бошқаруви ҳамда унинг қизи Гулноранинг ҳашаматли ҳаёти билан боғлаб келинди.
Бироқ 2016 йилда Каримов ўлганидан сўнг унинг вориси Шавкат Мирзиёев ислоҳотларга киришди ва мамлакат имижини янгилай бошлади. Янги президент қатор таниқли сиёсий маҳкумларни озод этди, иқтисодиётни модернизация қилиш, ОАВ эркинлигини мустаҳкамлаш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига чек қўйиш ниятини таъкидлади. Ушбу қадамлар халқаро ҳамжамият эътиборини тортди, Ғарбдаги айрим нашрлар ва мулозимлар муҳтамал “ўзбек баҳори” ҳақида гапира бошладилар.
Мирзиёев ўзига матбуот котиби этиб тайинлаган Комил Алламжонов президентнинг ислоҳотчи образини шакллантиришда, шунингдек, Ўзбекистонни аввалгидан анча очиқ ва инвестициялар учун жозибали мамлакат ўлароқ тарғиб қилинишида муҳим рол ўйнади.
Аммо ваъда қилинган кўплаб ислоҳотлар барибир амалга ошмади, жараён сустлашиб кетди, деб ёзади Financial Times.
Таҳлилчилар Ўзбекистон иқтисодиёти ҳануз марказлашган ва шахсий ҳокимиятга тобелигича қолаётганини, ОАВ эркинлиги эса яна чеклана бошланганини айтади.
2022 йилда Қорақалпоғистонда намойишлар аёвсиз бостирилиб, камида 21 киши ҳалок бўлди.
2023 йилда ўтказилган конституция ислоҳоти эса президент ҳокимиятини баттар кучайтирди.
Шунга қарамай, Комил Алламжонов ҳамон энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланади ва бу асосан президентнинг тўнғич қизи, 40 ёшли Саида Мирзиёева билан яқинлиги шарофатидир. Мазкур тандем мамлакатда қатағонлар қайтадан куч ола бошлаганига қарамай ислоҳотлар ва сўз эркинлигини фаол қўллаб-қувватлади.
Алламжоновга суиқасд Ўзбекистонда таранглик ортаётгани рамзи бўлди ва президент Мирзиёевнинг ислоҳотчилик йўли барқарорлигини шубҳа остига қўйди.
Тўнғич қизнинг нуфузи ортгани сайин кузатувчилар у билан куёв – кичик қиз Шаҳнозанинг эри Отабек Умаров ўртасида рақобат авж олаётганини қайд этишганди. Бироқ оила бирлигини намойиш этди.
Берлиндаги Карнеги маркази эксперти Темур Умаров дабдабали ҳаётга ўчлиги, аралаш жанг санъатлари ва кўчабоп кийим-кечак брендини қўллаб-қувватлаши ортидан танилган фамилиядоши Отабекни “Тошкентдаги олтин авлоднинг хос вакили” дея таърифлайди. Шунингдек, Отабек Умаров президент хавфсизлик хизмати раҳбарига ўринбосар бўлиб ишлаган даврида катта обрў-эътибор қозонган эди.
Жорий йил февралида ҳарбий суд ёпиқ мажлисда суиқасд иши бўйича 10 кишига нисбатан ҳукм ўқилди. Бироқ фақат беш маҳкуминг исмлари эълон қилинди. Улар орасида ҳукмрон оила вакиллари йўқ эди, бинобарин, Алламжоновга ҳужумда президент оиласидан бирон киши, хусусан Умаровнинг қўли бор, деб тахмин қилиш учун асос мавжуд эмас. Аммо судланганлардан уч нафари кучишлатар идоралар ходимлари экани суиқасд юқори даражада режаланганидан далолат беради.
“Ҳужум мени қаттиқ шокка солди. Кимдир шунақа ишга қўл ура олади деб сира ўйламагандим”, дейди Алламжонов. У Financial Times билан телефон орқали мулоқот чоғида суиқасд бўлган тун ҳақида сўзлаб берган, аммо суд жараёни давом этаётгани сабабли бошқа изоҳ бермаган.
Озодлик суриштирувида Алламжоновга ҳужум қилган икки киши мотоциклларда воқеа жойидан тезда яшириниб, Фарғона шаҳрига жўнаб кетгани ва у ердан Қирғизистонга ўтиб кетиш ниятида бўлгани ўртага чиққан. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар уларни қўлга олди. Бундан олдинроқ эса икковлон видео ёзиб, ижтимоий тармоқда эълон қиладилар. “Биз бу ишни фақат пул учун қилдик”, дейди улардан бири ва Алламжонов пиар учун ўзи бу ҳужумни уюштирганини айтар экан.
Калава ечила бошлангач, унинг бир учи Чеченистонга бошлаб борди. Озодлик суриштирувида Алламжоновга ҳужум қилишда айбланганлардан бири 2021 йилда Туркияда Рамзан Қодировнинг чечен танқидчиларини ўлдириш учун тил бириктирган деган гумон билан ушлангани аниқланди.
Ҳуқуқ тартибот идоралари Россия фуқаролари бўлмиш икки чечен ҳужум учун қурол етказиб бериш мақсадида Ўзбекистонга келиб-кетишганини маълум қилди. Тошкент уларни ҳибсга олишга халқаро ордер берди, бироқ Қодиров чеченларнинг бу ишга дахли йўқлигини иддао қилиб, уларни Ўзбекистонга топширишдан бош тортди.
“ОАВ гўё суиқасдда мен иштирок этганим ҳақида ёзмоқда. Аммо, агар мен тайёрлаганимда бу ишни охирига етказган бўлардим”, деб ёзди Қодиров Telegram’да. У ўзини Ўзбекистондаги энг нуфузли оиланинг дўсти, юз бераётган воқеаларни эса “президентнинг яқинларини заифлаштиришга уриниш” деб атади. Кейинроқ Telegram каналида яна шундай ёзди: “Комил Алламжонов билан Дмитрий Лига ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатишда ҳаддан ошмасликни тавсия қиламан. Нимани ўйлаган бўлишмасин, вақтида тўхтаганлари маъқул. Акс ҳолда, барча фитналару бўҳтонлар учун жавоб беришларига тўғри келади. Мен бу ерда ўз одатимига хос жавоб ҳақида гапиряпман”.
Ҳужумдан бир ой ўтиб хавфсизлик хизматидаги бир неча юқори мартабали ходимнинг лавозими туширилди. Умаровнинг ўзи ҳам обрўли лавозимдан айрилиб, мамлакат Олимпия қўмитасига ишга ўтказилди.
Гумонланган шахсларнинг уйларида ўтказилган тинтувларда янги далиллар ўртага чиқди, оқибатда Жанубий Кореяда ўзбек тадбиркори Жавлон Юнусов ҳибсга олинди. У Ўзбекистонга экстрадиция қилиниб, ёпиқ ўтказилаётган суд жараёнига жалб этилди.
Пировардида Юнусов – 18,5 йилга, президент қўриқчиларининг собиқ бошлиғи Шуҳрат Расулов – 23 йилга, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари 7 йилга қамалди. Икки ҳужумчига эса 23 йилдан қамоқ жазоси тайинланди.
Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов қизи Гулноранинг дипломатик лавозимларда ишлашига рухсат берган бўлса-да, реал ҳокимият ва давлат ишларидан узоқ тутарди.
“Гулнора элита ичидаги мувозанатга таъсир қилишга урингани заҳоти Каримов шахсан ўзи уни уй қамоғига олдирганди”, деб урғулайди Темур Умаров.
Бир пайтлар потенциал ворис деб кўрилган Гулнора Каримова ҳозирда Тошкент яқинидаги колониялардан бирида жазо муддатини ўтамоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Алламжонов ишига очиқ изоҳ берган эмас. Бироқ, инсон ҳуқуқлари бўйича юрист ва Жанубий Калифорния университети профессори Стив Свердловга кўра, у “Гулнора воқеасидан катта сабоқ олган бўлиши турган гап”.
“Менимча, у ўз оиласида ва ўз президентлик даврида бундай шекспирона фожиа бўлмаслиги учун зўр бериб уринмоқда”, дея қўшимча қилади эксперт.
Форум