Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:52

Андижонлик ўқитувчилар "ПК"га, пахта теримга одам топишга ва обунага мажбурланяпти


Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи
Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи

Андижон шаҳридаги қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари пахта терими учун ўқувчилар ота-оналарини кўндириш ёки “ПК”(пахта қабул пунктидан пулга пахта сотиб олиш) қилишга мажбурланаётганидан Озодликка арз қилди.

Ўқитувчиларнинг айтишларича, ҳар бир ўқитувчи камида икки юз минг сўмга мажбурий обуна қилдирилмоқда.

Коллеж раҳбарияти ўқитувчилар ота-оналарни пахта теримига тарғиб қилаётганини тасдиқлади, аммо "ПК" ва мажбурий обунани инкор қилди.

Андижон шаҳридаги қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиларининг Озодликка юборган мактубида ўқитувчилар мажбурий меҳнат ва обунадан ҳали ҳам қутулмаганликлари ҳақида ёзган:

“Президентимиз ва Бош вазиримиз ўқитувчиларга тегманглар, ўз ишидан ташқари бошқа ишларга мажбурламанглар, мажбурий обуна қилдирманглар деб бир неча бор айтган, таълим муассасалари ҳокимиятдан ажратилган бўлса ҳам, Андижон шаҳрида биз ҳануз ҳокимиятнинг мардикори бўлиб қоляпмиз. Ўзимиз пахтага чиқмасак ҳам ўқувчиларимиз оиласидан бирор кишини пахтага чиқаришимиз шарт қилиб қўйилди ёки “ПК” деганини қилишимиз керак экан”, деб ёзади андижонлик ўқитувчилар.

Озодлик билан суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган Андижон шаҳридаги қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси "ПК" нима эканлигини бундай тушунтирди:

“ПК” бу пахта-кило дегани. Бизга пахта заводга бориб пахта топширилгани ҳақида печатли маълумотнома олиб кел дейишяпти. Пахта заводда килосига 1000 сўмдан бериб баъзи ўқитувчиларимиз олиб келишди. Директоримиз ёки “ПК” қил, ёки ўқувчиларингнинг ота-онаси, қариндошларидан бирор кишини бир кунга пахтага чиқариб бер, деган талаб қўйган. Ишдан кейин уйма-уй юриб ота-оналарга ҳеч бўлмаса бир кунга пахтага чиқиб беринглар, деб сарғайиб, илтимос қилиб юрибмиз”, дейди ўқитувчи.

Маълумот бергани учун жазоланишдан чўчиб, исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган бошқа ўқитувчининг сўзларига кўра, улар топиб берган теримчилар махсус жойдан ҳар куни теримга олиб кетиляпти:

“Ҳар куни рўйхат тузилади. Масалан, менинг группамдаги фалончини отаси ёки бирор қариндоши ёзилади ва эрталаб соат 7 да коллежга келади. Кейин коллеж маъмурияти уларни Андижон олимпия захиралари стадиони олдидаги мавзега олиб боришади. У ердан автобусларда далага олиб кетишади. Андижон шаҳри бўйича боғча, мактаб ва коллежлар топиб берган теримчилар ўша ерга йиғилади. Эрталаб келсангиз, кўришингиз мумкин”, дейди ўқитувчи.

Унинг айтишича, бу ҳам етмагандек коллежда ўқитувчилар мажбурий обуна қилдириляпти:

“Бундан кейин мажбурий обуна бўлмайди, ўқитувчилар ўз мутахассислиги бўйича керакли газетага ихтиёрий обуна бўлади, дейишганди. Лекин бу ҳам қуруқ гап бўлиб қолди. Худди ўтган йилгидек, ҳар бир ўқитувчи бирор кишига 200 минг сўмдан ўтказиб беринглар, у бориб тўлаб келади, деган мажбурият қўйган. Ҳатто биз қайси нашрга обуна бўлганимизни ҳам билмаймиз экан. Қўлга оладиган маошимиз ўзи 700-800 минг сўм, бетайин обуна учун 200 мингини бериш бизга оғирлик қилади”, дейди ўқитувчи.

Андижон шаҳридаги қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи директори Моҳинур Қосимова ўқитувчиларнинг шикоятларини Озодликдан бирма-бир эшитгандан сўнг, ҳеч қандай муносабат билдирмай, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Айнура Қурбонова эса, Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг “ПК”га ва обунага мажбурланаётганини инкор қилди, лекин ўқувчилар ота-оналарини пахтага чиқишга тарғиб қилинаётганини тасдиқлади:

- Ҳеч кимни мажбурий обуна қилдираётганимиз йўқ. Лекин, обуна масаласи ўқитувчилар учун борлигини айтганмиз. Ўқитувчиларга “ПК” топшириғи йўқ. Фақат ўқитувчиларга ота-оналарни тарғиб қилинглар, бир кунга чиқиб пахта теришсин, деб айтган гапимиз бор, деди Айнура Қурбонова.

Ўзбекистон бўйлаб мажбурий меҳнат¸ хусусан¸ таълим тизими ходимларининг пахта теримига жалб этилиши билан боғлиқ ҳолатларга қарши расмий ташвиқот кампанияси бораëтган бир пайтнинг ўзида ўқитувчиларнинг турли хил ишларга мажбуран жалб қилинаётгани ҳақида Озодликка келаётган хабарлар оқими тўхтагани йўқ.

Андижон шаҳри ва туманларидаги юзлаб ўқитувчи кўздан панада чойшаб ва кўрпа жилди тикишга мажбурланаётгани ҳақида Озодлик 2 ноябрь куни хабар берган эди.

Жиззах вилоят, Дўстлик туманидаги мактаблар ўқитувчиларнинг бир гуруҳи 24-25 октябрь кунлари мажбуран пахта теримига чиқарилган эди.

Меҳнат вазирлиги матбуот хизматига кўра, 10 сентябрдан буён Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича аҳолидан 819 та мурожаатни қабул қилган.

Улардан 77 таси бўйича мансабдор шахслар жавобгарликка тортилган.

XS
SM
MD
LG