Линклар

Шошилинч хабар
23 феврал 2025, Тошкент вақти: 07:44

АҚШда туғилганлик ҳуқуқи асосида фуқаролик. Трампнинг фармони нимани англатади?


АҚШ паспорти. Иллюстратив сурат.
АҚШ паспорти. Иллюстратив сурат.

Қўшма Штатларнинг мамлакат ҳудудида таваллуд топган барчага фуқаролик бериш сиёсати шу қадар жозибалики, айрим аёллар туғиш учун сайёҳлик визаси билан АҚШга борадилар. Аммо Доналд Трамп бу сиёсатни чекламоқчи. Янги президентнинг ташаббуси кўплаб оилалар, масалан, бошпана сўровчиларни оғир аҳволга солади.

20 январ куни, инаугурациядан сўнг АҚШ президенти Доналд Трамп бир неча соат ичида талай фармонга имзо чекди. Улар орасида – Қўшма Штатларда туғилганларга ўз-ўзидан фуқаролик беришни бекор қилишга доир фармон ҳам бор.

Трампнинг “АҚШ фуқаролигининг аҳамияти ва қадр-қимматини муҳофаза қилиш” деб аталувчи фармони Қўшма Штатларда АҚШ фуқароси бўлмаган ёки бу мамлакатда қонуний асосларда доимий яшамайдиган ота-онадан туғилган болаларга фуқаролик беришни рад этади. Бу – Трамп қудратга келишининг илк кунида эълон қилган муҳожирларга қарши кенг кўламли курашнинг бир қисмидир.

Трамп келганидан ҳамма ҳавотирда – АҚШдаги ўзбеклар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:36 0:00

30 кундан сўнг, 19 февралда кучга киражак мазкур фармон мамлакатда ҳар йили қонуний мақоми бўлмаган ота-оналардан туғиладиган ўн минглаб болалар тақдирига таъсир қилиши мумкин. Ҳужжат, шунингдек, бошпана олган, лекин доимий яшовчи мақоми бўлмаганларнинг ёки узоқ муддатга бериладиган H-1B ишлаш рухсатномасига эга фуқаролар ва чет элликларнинг фарзандларига ҳам тааллуқли.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Трампнинг фармонини бекор қилиш учун федерал судга даъво киритган. Улар ҳужжатни шафқатсиз ва конституциявий принципларга зид деб ҳисоблашмоқда.

Демократлар ғалаба қозонган 22 штат, Колумбия округи ва Сан-Франциско шаҳри ҳам шундай мазмунли даъволар билан судга мурожаат қилган.

Вашингтондаги Америка университетининг Юридик коллежи ҳузуридаги Immigrant Justice Clinic директори ва ҳуқуқ профессори Жайеш Ратод Озодликка иш Олий судгача бориши мумкинлигини айтди.

“Менимча, бу федерал судларда кўриш учун прецедент яратиш мақсадида қилинмоқда. Агар Олий суд охир-оқибат ушбу масалани қайта кўриб чиқса ҳайрон бўлмайман”, дейди Ратод.

Қуллик тарихи

АҚШ Конституциясига 1868 йилда, қуллик бекор қилинганидан уч йил ўтиб киритилган 14-тузатиш “Қўшма Штатларда туғилган ёки натураллаштирилган ва мамлакат юрисдикцияси остида бўлган барча шахслар Қўшма Штатлар ва ўзлари яшаб турган штат фуқаролари ҳисобланадилар” дейилган.

Тузатиш Олий суднинг 1857 йилдаги қарорини бекор қилди: ушбу қарор бўйича, афроамериканлар ирқий мансублиги важидан АҚШ фуқаролари бўла олмас ва шу туфайли ҳуқуқ ва эркинликлардан, жумладан овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум эдилар.

14-тузатишнинг “дипломатларнинг фарзандларидан бошқа АҚШда туғилган ҳар қандай инсонга фуқаролик берилиши керак” мазмунидаги ҳозирги талқини қонуний яшовчи хитойлик муҳожирлар оиласида таваллуд топган Вонг Ким Арк томонидан 1998 йилда киритилган даъводан келиб чиққан.

Арк Хитой сафаридан қайтганида уни АҚШ фуқароси эмассиз, деб мамлакатга киритишмайди. У судга мурожаат қилиб, 14-тузатишга биноан АҚШ фуқароси эканини даъво қилади ва Олий суд Арк фойдасига қарор чиқариб, прецедент яратади.

Айниқса нотинч ва репрессив чет мамлакатларнинг бой кишилари болаларига АҚШ фуқаролигини олиб бериш мақсадида ўз хотинлари ёки жазманларини туғиш учун сайёҳлик визаси билан Қўшма Штатларга юбориб, қонунни суиистеъмол қилиб келишди. Жуда кенг тарқалган бу тактика “туғруқ туризми” номи билан машҳур.

Муҳожирларни камайтириш тарафдори бўлмиш Center for Immigration Studies тадқиқот ташкилоти ҳисоблашича, 2016 йил ўрталаридан 2017 йил ўрталаригача АҚШ сайёҳлик визаси билан келган чет эллик аёллар 33 минг нафар фарзанд кўришган. Боласига паспорт олгач бу оналарнинг кўпи чақалоқ билан бирга ватанига қайтиб кетган.

Трамп маъмурияти. Ўзбекистонни нима кутади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:01 0:00

2019 йил январда, Трампнинг биринчи муддати даврида АҚШ прокурорлари илк бор “туғруқ туризми” операторларига нисбатан федерал айбловларни илгари суришган эди. Калифорнияга келиб фарзанд кўриши учун Хитой фуқароларидан ўн минглаб доллар олган 19 киши ноқонуний тадбиркорликда айбланди.

Ўша йили АР агентлиги ҳар йили юзлаб россиялик ҳомиладор аёллар туғиш учун Флоридага келиши ҳақида хабар қилди.

Америкада туғилганларнинг ота-оналари болалари катта бўлганидан сўнг АҚШ фуқаролигига киришлари мумкин. АҚШ таклиф қиладиган имкониятлар, шунингдек мамлакатдаги қонун устуворлиги туфайли фуқароликка талабгорлар кўп. Қолаверса, Америка паспорти эгалари ўз ватанларида қамоқ хавф солганида ёки инқироз бўлган пайтларда АҚШ элчихонасидан кўмак олишади, керак бўлса, эвакуациядан умид қилишлари мумкин.

Бироқ “туғруқ туризми” Қўшма Штатлар фуқаролари бўлмаган ота-оналардан туғилган болаларнинг бир қисмига алоқадор, холос. Бошана излаётган ёки фуқароликни олиш учун ариза берган муҳожирларнинг фарзандлари ҳам бор.

Аксилмиграция сиёсатини ўз президентлик кампаниясининг асосий ғоясига айлантирган Трамп биринчи марта иқтидорга келганидаёқ чет элликларнинг фарзандларига АҚШ фуқаролиги автоматик тартибда берилишига қарши чиққан. Аммо ўшанда у ҳеч қандай юридик хатти-ҳаракатларга қўл урмаганди.

Экспертлар фикрича, Трамп илк муддати чоғида ҳали сиёсий ғўр бўлган, президент лавозимидан кетганидан сўнг эса Оқ уйга қайтиши эҳтимолини ҳисобга олиб, қонунчиликка баҳсли ўзгартиришлар киритишни пухталик билан режалаган.

Трамп маъмурияти 14-тузатишдаги, ўзи иддао қилишича, на доимий яшовчи қонуний резидент, на фуқаро бўлган ота-оналарнинг фарзандларига туғилиши билан фуқаролик беришни истисно этувчи олти сўзни маҳкам тутиб олган.

“14-тузатиш ҳеч қачон Қўшма Штатларда туғилган барчага фуқаролик берилиши керак, деб талқин қилинмаган. 14-тузатиш ҳамиша Қўшма Штатларда туғилган бўлса-да, унинг юрисдикциясига тушмайдиган шахсларни фуқаролик олиш ҳуқуқидан ўчиришни назарда тутган”, дейилади маъмуриятнинг 20 январдаги баёнотида.

Трампнинг фармони онаси Қўшма Штатларда ноқонуний бўлиб турган ва отаси АҚШ фуқароси ёки доимий яшовчи қонуний резидент ҳисобланмайдиган болаларга фуқаролик беришни рад этади. Шунингдек, у Қўшма Штатларда қонуний асосларда, аммо вақтинча, масалан, сайёҳлик, ишчи ёки ўқиш визаси билан яшаб турган она ҳамда АҚШ фуқароси ёки доимий яшовчи қонуний резидент бўлмаган отадан туғилган болаларни фуқароликка қабул қилишни ҳам рад қилади.

Трамп маъмуриятининг аргументи аслида онанинг садоқати ғоясига олиб боради, дейди Ратод. Бунақа ҳимояда муаммо бор, чунки АҚШнинг доимий резиденти бўлган ва фарзанди, фармонга мувофиқ, мамлакатда туғилгани учун фуқаро саналувчи аёл хорижий давлат фуқаролигига эга.

“Шундай экан, маъмурият ушбу чигал ҳуқуқий масалага изоҳ бериши, қаердан ва нега чизиқ тортганини тушунтириши керак”, таъкидлайди Ратод.

Америка фуқаролик эркинликларини муҳофаза қилиш иттифоқи (ACLU) ва мигрантларни ҳимоя қилувчи бошқа гуруҳлар фармонни конституцияга ва инсонийликка зид деб топиб, дарҳол унга қарши даъволар киритишди.

“Туғилиш ҳуқуқига кўра фуқароликка эга бўлиш Конституциямизда кафолатланган бўлиб, Америка ҳимоя қилаётган қадриятлар марказида туради. АҚШ ҳудудида туғилган болаларга фуқаролик беришни рад этиш ноқонуний, ўта шафқатсиз ва мамлакатимиз қадриятларга хилоф ҳаракатдир”, дейди ACLU’нинг иммигрантлар ҳуқуқлари бўйича лойиҳаси директорининг ўринбосари ҳамда мазкур даъводаги етакчи адвокати Коди Вофси.

Трамп биринчи иш кунидаёқ миграция қонунларини кучайтирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:40 0:00

Инсон ҳақлари гуруҳлари ўзларининг қўшма баёнотида Трампнинг фармони гўдаклар ҳаётини потенциал хавга қўйиб, Қўшма Штатларда доимий камситиладиган одамлар табақасини яратиши ҳақида огоҳлантирди.

Баёнотда айтилишича, бунақа болалар ҳаётининг нозик даврида тамал тиббий хизматлардан маҳрум қилиниши, ID-карталар (шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар) ололмаслиги ва овоз бериш ҳуқуқига эга бўлолмаслиги мумкин.

“Ушбу фармон нафақат у тўғридан-тўғри дахл қиладиган болаларга, балки ирқи ёки ота-онаси туфайли фуқаролиги шубҳа остига олинган бошқа кўплаб кишиларга ҳам тамға босиб, “Сиз Америкага бегонасиз” деган сигнал йўллайди. Бу ерда таваллуд топган болаларни бегоналаштириш ҳеч қачон бошқа мамлакатда бўлмаган фуқаролиги йўқ шахслардан иборат паст табақани пайдо қилади”, дейилади яна баёнотда.

Оқ уйнинг прецеденти

Туғилиш ҳуқуқи бўйича фуқаролик беришни бекор қилишга доир лойиҳалар Америка қонунчилари учун янгилик эмас, бироқ Трампнинг 14-тузатиш талқини борасида судга даъво киритиши Оқ уй учун прецедент бўлиши мумкин.

Консерватив доираларда 14-тузатишнинг қўлланиш доирасини торайтириш кераклиги ҳақида ўн йиллардан бери гапирилади, эндиликда эса, аҳолининг иммиграцияга нисбатан салбий муносабати ҳамда Олий суддаги ўзгаришлар манзарасида уларнинг аргументлари биринчи планга чиқмоқда, дейди Ратод.

“Кўряпмизки, Трамп маъмурияти ушбу аргументлардан фойда чиқаряпти, чунки Оқ уй қонунни потенциал ўзгартириш имкониятига эгаман деб ўйлайди”, сўзини якунлайди Жайеш Ратод.

Форум

XS
SM
MD
LG