Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:52

Тошкентда "давлатга 800 миллиард сўм зиён етказган" 23 тадбиркор устидан суд бошланди


Ўзбек металлургия комбинати
Ўзбек металлургия комбинати

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида Бекободдаги "Ўзбекистон Металлургия комбинати" ("Ўзметкомбинат") Акционерлик жамияти билан ҳамкорлик қилган ширкатлар эгалари ва ходимлари устидан 14 февраль куни суд жараёни бошлангани Озодликка бугун маълум бўлди.

Тергов ишларидан хабардор Ўзбекистон Бош прокуратураси масъул ходимининг Озодликка 21 февраль куни норасмий маълум қилишича, 23 шахс салкам бир миллион доллар миқдорида "иқтисодий зарар" етказишда айбланмоқда.

Айбланувчилар яқинларининг иддао қилишича, тергов пайтида судланувчиларнинг аксарига руҳий босимлар қўлланилган, баъзилари эса қийноқларга солинган.

"Иқтисодий зарар"

Озодликка етиб келган тергов хулосаларидан маълум бўлишича, 23 нафар судланувчининг ҳаммаси Ўзбекистон ЖКнинг 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ва 209- (Мансаб сохтакорлиги) моддалари бўйича қўзғатилган жиноят ишлари бўйича судланмоқда.

5 аёл ва 18 эркакнинг барчаси "давлат ва жамиятнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига" тахминан 800 миллиард сўм (салкам 100 миллион АҚШ доллари) миқдорида "иқтисодий зарар" етказишда айбланмоқда.

Озодлик 2017 йилнинг октябрида "49та тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи" ширкатларнинг 80 нафарга яқин эгалари ва ходимлари ҳибсга олингани ҳақида хабар берганди.

2017 йил июль ойида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг қарийб йигирма нафар ходими Бекободдаги металлургия комбинатида икки ой давомида комплекс текширув ўтказгани ортидан бир неча амалдор ишдан бўшатилган эди.

49 ширкат эгалари ва ходимлари устидан қўзғатилган жиноят ишлари мазкур текширувларга бориб тақалади.

Бош прокуратура масъул ходимининг Озодликка норасмий билдиришича, қамоққа олинган шахслар юритган ширкатлар "Ўзметкомбинат" раҳбарияти билан келишиб, комбинатга шартнома асосида бошқа юридик шахслар номидан металлолом топширганлар ва "қайта ишланган металлоломни "қонунга хилоф равишда" сотганлар.

Бироқ, тергов ишига алоқадор прокуратура ходимининг маълум қилишича, тергов жараёнида дастлаб қамоққа олинган 80 нафарга яқин гумонланувчининг аксари "жиноят аломати бўлмагани учун" кейинчалик қўйиб юборилган.

Судга тортилган 23 нафардан олти нафари ҳамон ҳибсда ушлаб турилибди, қолган 16 нафари ўз яшаш манзилини тарк этмаслик ва тергов билан ҳамкорлик қилиш шарти билан очиққа чиқарилган ва яна бир нафар гумонланувчи қидирувга берилган.

"Қийноқ даъволари"

Айбланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган баъзи адвокатларнинг даъво қилишларича, тергов жараёни жиноят-процессуал қонуни нормаларига хилоф равишда олиб борилган.

"2017 йил кузида жиноят иши қўзғатилар экан, гумонланувчилар ёнига тахминан 25 кун давомида адвокатлар киритилмади. Бирорта гумонланувчи ўз адвокатини кўра олмади бу муддат ичида. Бу қонунга хилофдир", - деди исми сир қолишини сўраган адвокатлардан бири.

Судланувчилардан бири, 61 яшар Баҳодир Ҳалилов яқинларининг 21 февраль куни Озодлик билан мулоқот чоғида даъво қилишича, Ҳалилов терговнинг дастлабки кунларида қийноққа тутилган.

Яқинларига кўра, ҳибсга олингач Баҳодир Ҳалилов ва яна икки гумонланувчи - Бахтиёр Нишонов ва Одил Сатторов терговнинг дастлабки кунлари Тошкент шаҳар ички ишлар изоляторида 15 кун ушлаб турилган ва Баҳодир Ҳалиловнинг қўли айнан ўша ерда синган.

"Тошкент шаҳар ИИВси изолятори уриладиган-суриладиган жой ҳисобланади. У ерда гумонланувчиларни сақлаш учун шароит йўқ. Ана ўша ердан Баҳодир аканинг қўли синиб чиққан. У бизга айнан ўша жойда қийноқларга солингани ва қўли синганини айтиб берди",- деди Баҳодир Ҳалиловнинг яқинларидан бири 21 февраль куни Озодликка.

Аммо, Озодликда мазкур иддаоларни текширишнинг имкони йўқ.

Суд жараёни бир неча ой давом этиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG