Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:47

Норвегиядаги “қиёмат” омборига яна 60 минг экин уруғи юборилади


Норвегиядаги "қиёмат" омборининг кириш жойи.
Норвегиядаги "қиёмат" омборининг кириш жойи.

Норвегияда жойлашган экин уруғлари сақланадиган “қиёмат” омборига қўшимча 60 минг ўсимлик уруғи юборилади.

Лойиҳага 2018 йил асос солинган бўлиб, унинг мақсади жаҳондаги экинларни табиий офатлардан сақлашдир.

“Экинларнинг Нуҳ кемаси” деб номланган Глобал уруғ омбори Норвегияга тегишли Шпицберген (норвегча Свальбарг деб аталади) архипелаги оролларидан биридаги тоғ ичида жойлашган. Омборда 4,5 миллиард турдаги уруғни сақлаш мумкин.

Омбор раҳбари Стефан Шмитц: “Иқлим ўзгариши ва биологик хилма-хилликни йўқотиш сурати тезлашар экан, йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимликларни сақлаб қолиш муҳим аҳамиятга эга”, деди.

Глобал уруғ омборига ҳар йили дунёнинг турли бурчагидан ҳосил олиш учун экиладиган ўсимлик уруғи юборилади. Бу сафар омборга Бразилия, АҚШ, Германия, Марокаш, Мали, Исроил ва Мўғулистон каби давлатлар уруғ юбормоқда. Юборилган уруғлар орасида ҳам кенг тарқалган, ҳам ёввойи дон ўсимликлари навлари бор.

Уруғларнинг навбатдаги партияси манзилига етганидан кейин омбордаги уруғ турлари сони 1,05 миллиондан ошади.

2015 йили Суриянинг Ҳалаб шаҳридаги тўқнашувлар тугаганидан кейин маҳаллий уруғларни қайта етиштириш учун айрим навлар мамлакатга қайта юборилган эди. Ўшанда кўпчилик бу каби омборлар зарур эканлигига амин бўлди.

Уруғлар Норвегияда сақланса-да, улар юборган давлатга тегишлидир. Бу давлатлар исталган пайтда уруғларни омбордан олиши мумкин.

Қизиғи, иқлим ўзгариши омбор фаолиятига ҳам таъсир кўрсатмоқда. 2016 йили Арктикада ҳарорат анормал даража кўтарилиши ортидан омборнинг киравериш туннелини сув босди. Бунинг ортидан Норвегия омборни бу каби ҳолатлардан ҳимоя қилиш учун маблағ ажратди.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб экин турлари уруғлари сақланадиган мингдан зиёд омбор бор. Аммо уларнинг кўпчилигига уруш ва табиий офат таҳдид солади.

Шимолий қутбдан 1000 километрча нари масофада жойлашган Шпицберген архипелагида 2 300 одам яшайди. Олисда жойлашган бу ороллар экин уруғлари омбори қуриш учун идеал жой ўлароқ танланган.

XS
SM
MD
LG