Ҳукумат қарорига мувофиқ, Тожикистон пойтахтининг халқаро аэропортида президент самолёти учун қурилган ангар энди давлат комиссияси томонидан қабул қилиб олиниши лозим. Комиссия таркибига Мудофаа вазирлиги, Архитектура қўмитаси, Давлат мулки қўмитаси ва бошқа идоралар вакиллари кирган.
Аммо ҳеч бир ҳужжатда «орзудаги лайнер» (dream инглиз тилидан таржима қилинганда «орзу» дегани. – Таҳр.) учун қурилган ангар қанчага тушгани ҳақида бирор сўз йўқ. Бу рақамлар махфий сақланмоқда. Ўз вақтида мамлакат ичида на самолёт сотиб олингани ва на унинг қиймати ҳақида маълумот берилмаган.
Олдинроқ Эмомали Раҳмон хусусий “Сомон Эйр” авиакомпаниясининг самолётларида парвоз қиларди. 2023 йилда Dreamliner самолётининг харид қилиниши катта шов-шувга сабаб бўлди — энг аввало, унинг баҳоси туфайли: 92 миллион доллар. Бу рақам фақат Мексика президентининг твити орқали маълум бўлган — чунки ушбу самолёт аввал Мексика ҳукуматига тегишли эди.
Бундай шоҳона харид Тожикистонда катта муҳокамаларга сабаб бўлди, айниқса ҳукумат фуқароларни тежамкорликка чақириб, дабдабали тўйларни чеклаётган бир пайтда.
Dreamliner’ни сотиб олиш тарихи тез орада турли тафсилотлар билан тўлди. Маълум бўлишича, Мексиканинг собиқ президенти Энрике Пенья Ньето бир неча йил давомида ушбу самолётдан халос бўлишга уриниб келган, чунки уни сақлаш ва хизмат кўрсатиш давлат бюджетидан жуда катта маблағ талаб қилган.
Унинг ўрнини эгаллаган Лопес Обрадор эса очиқчасига бу самолётдан фойдаланишдан бош тортган ва буни ортиқча дабдаба деб атаганди. У шунингдек, самолётни сотишдан тушган маблағни шифохоналар қурилишига йўналтиришга ваъда берган.
Озодлик тожик хизмати журналистлари ўшанда ҳисоблаб чиқишган: Dreamliner учун тўланган 92 миллион долларга Тожикистонда 30 та шифохона, 2000 километр йўл, 333 та спорт мажмуаси қуриш ёки деярли ярим миллион кам таъминланган фуқарога ёрдам пули ажратиш мумкин эди.
Аммо бунинг ўрнига мамлакат президент учун самолёт харид қилди ва энди уни сақлаш учун номаълум маблағ эвазига ангар ҳам қурилди.
Ушбу лайнер Марказий Осиёнинг бошқа давлат раҳбарлари саёҳат қиладиган шоҳона бордлар қаторидан муносиб ўрин олади.
Ўзбекистон: Dreamliner ва олигарх самолёти
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам VIP-конфигурациядаги Boeing 787-8 Dreamliner’дан фойдаланади — бу худди Эмомали Раҳмонники каби модел. Ўзбекистон байроғи рангларида бўялган ушбу версия 2019 йилдан бери ишлатилади ва у узоқ масофа, ҳатто океан ортига ҳам тўхтамасдан учишга қодир.
Бундан аввал Мирзиёев Airbus A340 самолётида саёҳат қилган, у олигарх Алишер Усмоновга тегишли бўлган. Жумладан, 2017 йилда ОАВ маълум қилишича, Мирзиёев МДҲ саммити ва БМТ Бош Ассамблеясига айнан шу лайнерда борган. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси у самолётни ижарага олганини айтган. Сабаб сифатида эса юқори даражадаги қулайлик ва техник параметрлар кўрсатилган. Аммо бу самолётдан фойдаланиш қанчага тушгани ошкор этилмаган.
Айни пайтда, ушбу A340 — дунёдаги энг қиммат хусусий авиалайнерлардан бири ҳисобланади. У тахминан 350 миллион доллар туради ва Усмоновнинг отаси шарафига «Бурҳон» деб номланган. Бу самолёт доимий равишда Тошкент, Москва ва Ницца каби шаҳарларда радарларда пайдо бўлиб турарди, бу эса журналистлар ва фаоллар орасида кўплаб саволлар туғдирган.
Мустақил давлат президенти нега россиялик миллиардерга тегишли самолётда парвоз қилгани ҳали ҳам очиқ қолмоқда.
Қозоғистон: Назарбоев мероси ва янги режимнинг «қанотлари»
Қозоғистоннинг биринчи рақамли авиапарки узоқ вақт мобайнида Нурсултон Назарбоев номи билан боғланиб келган. Айнан Назарбоев флагман ҳисобланган Airbus A330-243 Prestige самолётидан фойдалана бошлаган — унинг қиймати қимматбаҳо модернизациядан сўнг тахминан 300 миллион долларни ташкил этган. Ушбу самолёт 13 минг километргача учиш қобилиятига эга ва энг замонавий VIP-қулайликлар билан жиҳозланган.
2022 йилда олиб борилган журналистик суриштирув натижасида маълум бўлишича, Нурсултон Назарбоев Фонди Швейцария авиакомпаниясидан қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлган Airbus ACJ320neo лайнерини сотиб олган ва уни Қозоғистонга импорт қилган. Суриштирувда қайд этилишича, бу самолётдан Назарбоевнинг ўзи фойдаланган.
Ҳозирда ушбу самолёт Berkut Air авиапарки таркибида — ушбу давлат авиакомпанияси президент девонига бўйсинади.
Ҳокимиятга келгач, Қасим-Жомарт Тоқаев дастлаб 2013 йилда ишлаб чиқарилган, нисбатан камтарона Airbus A321-211 самолётида саёҳат қиларди. Бироқ 2022 йил баҳорига келиб (ушбу йил Қозоғистонда қонли Январь воқеалари билан эсда қолган ва шу воқеалардан сўнг собиқ президент Назарбоев сиёсий саҳнадан бутунлай четлатилган), Қозоғистон президенти, афтидан, ўзининг олдинги бошлиғи фойдаланган айнан ўша Airbus A330 самолётига ўтирган.
Қирғизистон: Ту-154дан Airbus A320га
Қирғизистон — президент авиапарки узоқ йиллар давомида жуда камтар кўринишга эга бўлган мамлакат. 2024 йилга қадар давлат раҳбари Садир Жапаров 1993 йилда ишлаб чиқарилган Ту-154М самолётидан фойдаланарди — бу самолёт Россия томонидан қарийб йигирма йил олдин ҳадя қилинган эди.
2024 йил март ойида Бишкек янги «биринчи борт»ни тақдим этди — бу 2002 йилда ишлаб чиқарилган, нисбатан замонавий ва қисқа ҳамда ўрта масофаларга мўлжалланган Airbus A320 самолётидир. У Қирғизистон президенти учун давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ харид қилинган биринчи самолёт ҳисобланади. Журналистик суриштирувлар Жапаров ушбу самолётдан расман харид қилингани эълон қилинишидан олдинроқ фойдалана бошлаганини маълум қилган. Президент матбуот хизмати эса буни рад этган.
Airbus A320 қабул қилинаётган пайтда «Манас» аэропортида сўзга чиққан Қирғизистон бош вазири Ақилбек Жапаров шундай деган эди: «Кечагина давлат бюджети ҳисобидан қандайдир техника харид қилиш ҳақида ўйлашнинг ўзи қийин эди, бугун эса биз вертолёт ва самолётлар сотиб олмоқдамиз». Самолёт миллий рангларда безатилган, лекин давлат ғазнасига бу харид қанчага тушгани расман маълум қилинмаган.
Туркманистон: олтин лайнер ва битта эмас
Сардор Бердимуҳаммедов фақат ҳокимиятнигина эмас, балки отаси — Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедовдан қолган ва бутун президент авиапаркини ҳам мерос қилиб олди. Мамлакат раҳбарининг асосий самолёти — Boeing 777-200LR бўлиб, у Туркманистон герби тасвирланган оқ-сабза рангдаги фирмавий дизайнда безатилган.
Бу узоқ масофали VIP-класс самолётлар орасида энг қиммати ҳисобланади: бундай модификациядаги бортнинг баҳоси 300 миллион доллардан ошиши мумкин. У 17 минг километрдан зиёд масофани босиб ўта олади ва энг юқори даражада жиҳозланган: унда ётоқхона, музокаралар хонаси, ванна хонаси ва конференц-зал мавжуд. Ҳаммаси — олтин рангдаги интерьер билан безатилган.
Бу ягона борт эмас. Туркманистон президенти авиапаркида камида яна иккита Boeing 737 мавжуд. Собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов даврида “Боинг” самолётларига унинг портрети жойлаштириларди, лайнер зинасидан тушаётган лавҳалар эса телевидениеда визуал пропаганданинг ажралмас қисми сифатида намойиш этиларди. Ҳатто меҳмонларни кутиб олиш маросимида ҳам театрлаштирилган унсурлар — гилам йўлаклар, болалар хори ва байроқлар бўлган.
Бошқа авторитар тузумлардагидек, бу ерда ҳам самолётларнинг нархи, молиялаш манбалари ва қанчалик тез-тез фойдаланилаётгани жамоатчиликдан яширилади. Аммо маълум бўлгани - Туркманистон самолётларни тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчидан буюрма қилади, иккинчи бозордан эмас ва салонни тўлиқ индивидуал буюртма асосида жиҳозлатади.