Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:35

Le Temps: Швейцария суди Гулноранинг қимматбаҳо машиналарига оид ҳукм чиқарди


Марҳум президент Ислом Каримовнинг катта қизи - ҳозирда Зангиота аёллар қамоқхонасида қолаётган Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган 3 та қимматбаҳо машинаси сотилмайдиган бўлди.

Швейцарияда чоп этиладиган Le Temps нашрининг ёзишича, Mercedes-Benz SLR2DR, Bentley Arnage ва Range Rover Sport V8 русумидаги 3 та машина 1 миллион франк - қарийб 1 миллион АҚШ долларига баҳоланган.

Швейцарияда чиқадиган рус тилидаги Nashagazeta.ch нашрининг Le Temps газетасига таяниб ёзишича, Федерал жиноят суди Гулнора Каримованинг бу давлатда музлатиб қўйилган мулкига оид иккита қарор қабул қилган.

Биринчи қарор билан Каримованинг Колоньи кантонидаги вилласида сақланган 3та қимматбаҳо автомобилнинг сотуви бекор қилинган.

Мақолада айтилишича, 980 минг АҚШ долларидан ошироққа баҳоланган Mercedes-Benz SLR2DR, Bentley Arnage ва Range Rover Sport V8 машиналари 2013 йилда мусодара қилинган, аммо уларнинг тақдирига оид қарор берилмай келаётган эди. Эндиликда бу машиналарни Гулнора Каримова 2009 йилда 18 миллион франкдан ошироққа харид қилган вилласида сақлаб туришга қарор қилинган.

Шунингдек, Швейцария федерал жиноят суди Гулнора Каримова иши билан шуғулланиб келган прокурор Патрик Ламонни ҳам бу ишдан четлатишга қарор қилган.

Айтилишича, бунга прокурорнинг конфедерация бош прокурори Михаэл Лаубер етакчилигдаги гуруҳ билан 2018 йил сентябрда Ўзбекистонга норасмий тарзда сафар қилгани сабаб бўлган. Гулнора Каримованинг адвокатлари бу норасмий сафарни шубҳали ҳисоблаб, бу борада киритган сўровларига етарли тушунтириш ололмаганини билдирган эди.

Хабар қилинишича, Федерал суд Ламоннинг Тошкентга сафаридан иш тергови учун фойдали маълумотлар кутилгани, аммо натижа бўлмагани ҳақида хулоса бериб, уни бу ишдан четлатишга қарор қилган.

Женевадаги Mangeat Attorneys at Law адвокатлик ширкати раҳбари ва айни пайтда Гулнора Каримованинг адвокати бўлган Грегуар Манжа шу йилнинг 1 апрелда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги аёллар колониясида сақланаётган ҳимояланувчиси билан учрашганини хабар қилган эди.

Twitter саҳифасида хабар тарқатган Gregoire Mangeat¸ 3 апрель куни Ўзбекистон ҳукуматидан ўз мижозига берилган жазо муддатига ойдинлик киритишни сўраганини билдирганди.

Бир неча ойдан бери биз Ўзбекистон расмийларидан Каримовага берилган қамоқ жазосининг қачон бошланиб¸ қачон тугашини тушунтириб беришни сўраяпмиз. Одам ўғирлашми бу? Ҳозиргача жавоб йўқ”¸ деб ëзганди Тошкентдан қайтиб келганидан сўнг швейцариялик адвокат.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг жорий йил 5 март куни жазони ўташ колониясига қайтарилгани ҳақида хабар тарқатган.

Баëнотда айтилишича¸ коррупция ва оғир иқтисодий жиноятларда айбланган Гулнора Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йилга қамалган¸ аммо 2018 йил 1 июлда бу ҳукм ўзгартирилиб¸ 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Бош прокуратурага кўра¸ 2017 йилги суд ҳукмида “инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганини эътиборга олган ҳолда” озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Гулнора Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган.

Аммо Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини бузганлиги сабабли 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

Айни пайтда, Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатилган 800 миллион франк атрофидаги пули тақдири ҳам ўзгаришсиз қолмоқда.

Шу йилнинг март ойида АҚШ Адлия вазирлиги қошидаги прокуратура идорасининг Нью Йорк жанубий ҳудуди бўйича прокурори Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан расмий айбловларни эълон қилди.

Каримова қарийб 10 йил давомида турли молиявий схемалар орқали акциялари АҚШ биржасида сотувга қўйилган уч йирик халқаро телеком ширкати – TeliaSonera, VimpelCom ва МTCдан жами 865 миллион доллар пора олганликда айбланмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG