Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:17

Имон Каримова онасининг тутқунликдаги ҳаëти ҳақида Британия нашрига интервью берди


2017 йилнинг 31 август куни Имон Каримова ўз холаси Лола Каримова билан бобоси ҳайкалининг очилишида кўринган эди.
2017 йилнинг 31 август куни Имон Каримова ўз холаси Лола Каримова билан бобоси ҳайкалининг очилишида кўринган эди.

12 март куни Британияда чиқадиган The Guardian нашри Ўзбекистон марҳум президентининг набираси¸ Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова билан суҳбатни эълон қилди.

Матбуотга берган илк интервьюсида 20 яшар Имон Каримова онасининг тутқунликдаги ҳаëтига оид айрим тафсилотларни гапириб берган.

Бу ҳикояга кўра¸ 2011 йилдан Британиядаги хусусий Brighton Collegeда ўқий бошлаган 15 яшар Имон¸ 2014 йил бошида Тошкентга каникулга борганида онаси билан турган квартирасига эрта тонгда омончилар томдан арқонга осилиб бостириб кирган.

Квартирада бўлган ҳаммани “бошига сумка қўйилган ҳолда” чиқиб кетишга мажбурлаган қуролли омончилар¸ Имоннинг айтишича¸ онаси ва ўзига тегишли барча ҳужжат ва электрон жиҳозларни мусодара қилган.

Кўп ўтмай бизнинг тан соқчиларимиз қайтиб келди¸ фақат бу гал улар бошқача инструкция олган эди. Улар энди қўриқчи эмас¸ қамоқхона нозири эди. Онам бобомга телефон қлиб¸ гаплашишга уринди¸ аммо бунга муваффақ бўлмади”¸ дейди инглиз нашрига 20 яшар Имон Каримова.

Биринчи президентнинг набираси¸ шундан сўнг ўзи Британияга ўқишга қайта олмагани¸ бир ярим йил давомида Тошкент ташқарисидаги виллада онаси ва унинг икки хизматчиси билан уй қамоғида сақланганини айтади.

Ҳикояси давомида Имон Каримова¸ онасининг 30 лар ўртасида бўлган Валентина исмли хизматчи бу вилладан чиқарилмай¸ ўз болаларини кўришга ҳам рухсат ололмагани ортидан ўз жонига қасд қилганини айтади.

Оиласига бўлган таҳдидларга чидай олмаган бу аëл¸ Имон Каримова иддаосича¸ уксус ичиб ўзини ўлдирган ва унинг жасади носилкага солиб олиб кетилганига ўзи шахсан гувоҳ бўлган.

Гулнора Каримованинг ҳозирда Британиянинг энг нуфузли университетларидан бири саналган London School of Economicsда таҳсил олаëтган қизи¸ онасининг 2015 йил августида ошхонада уюштирган “маҳкама мажлиси” ҳақида ҳам гапиради.

Имонга кўра¸ судъя¸ прокурорлар ва "қўрққанидан аъзойи бадани титрашдан тўхтамаган ҳукумат адвокати" онаси тутқунликда сақланган вилла ошхонасида бир неча соатлик суд мажлиси ўтказиб¸ ҳукм чиқарган.

Шундан сўнг Имон онасидан айри ҳолда Тошкент чеккасидаги ҳукумат дачасида ташқи дунëдан ажратилган ҳолда яшашга мажбур бўлган¸ баъзи-баъзида фақат битта хонада сақланган онасини кўришига рухсат этилган.

Британия нашри Гулнора Каримованинг йиллардан бери Лондонда яшаб келаëтган 26 яшар ўғли Ислом Каримов билан ҳам гаплашган.

Ëзилишича¸ Ислом Каримов онаси айбланаëтган жиноятларнинг оғир эканини тан олган¸ аммо унинг Ўзбекистондан ташқарида суд қилинишини сўраган.

Онамни Швейцарияда қандайдир судга тортишлари мумкин¸ майли унинг тақдири ҳуқуқ тизими орқали ҳал қилинсин. Аммо ҳозир унга нисбатан бўлаëтганлар онамни ҳам инсон¸ ҳам она сифатида мутлақ йўқ қилишга қаратилган”¸ деб иддао қилган Имон Каримованинг акаси Ислом The Guardian нашри мухбирига.

Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич набираси Ислом Каримов бу суҳбатда¸ онасига янги ҳукумат томонидан кўрсатилаëтган муносабат¸ ўзи "қаттиққўл диктатор" деб таърифлаган бобоси яратиб кетган тузумнинг деярли ўзгаришсиз қолаëтганини кўрсатишини таъкидлаган.

Ислом Каримов¸ янги ҳукумат онаси бугунги элитанинг бобоси даврида қилган иқтисодий жиноятларини фош қилиши мумкинлигидан қўрқаëтганини айта туриб¸ онаси тилга кирса¸ "жуда кўп нарса фош бўлиши ва улар ҳаммасининг бир-бирига боғланиб кетгани"ни айтади.

Йиллар давомида Гулнора Каримованинг отаси режимидаги ролини танқид қилиб келган Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Стив Свердлов ҳам¸ “оддий ўзбекистонликлар томонидан энг кўп нафрат қилинадиган шахслардан бири экани”га қарамай¸ ҳатто Гулнора Каримовага ҳам қонунда кўзда тутилган ҳақлар берилиши¸ хусусан¸ унга қўйилаëтган айблар шаффоф бўлиши¸ унинг ўз адвокати билан мунтазам учрашишига рухсат берилиши лозимлигини айтади.

XS
SM
MD
LG